Қуёш ва шамол электр станцияларини харид қилганлик учун компенсация тўланади

© Sputnik / Михаил Воскресенский / Медиабанкка ўтишСолнечные панели
Солнечные панели - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.09.2022
Oбуна бўлиш
ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев “Энергия тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга кўра, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб жисмоний шахслар мамлакатда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станциялари ва қуёш сув иситгичларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олишлари мумкин.
Шунга ўхшаш қурилмаларни ўрнатган ва уларнинг қийматини тўлиқ тўлаган шахслар харажатларининг бир қисми Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия тежаш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Бу мақсадлар учун 2022 йил якунига қадар давлат бюджетидан жамғармага 100 млрд сўм йўналтириш топширилган. Компенсация миқдори қурилманинг қувватидан келиб чиққан ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 5 бараваридан 50 бараварини ташкил этади.
Қуёш ёки шамол электр станциясини ўрнатганлик учун компенсациялар миқдори:
0,5 кВтдан 1 кВтгача – БҲМ 7 баравари (2,1 млн сўм);
1 кВтдан 1,5 кВтгача – БҲМ 10 баравари (3 млн сўм);
1,5 кВтдан 2 кВтгача – БҲМ 15 баравари (4,5 млн сўм);
2 кВт ва ундан юқори – БҲМ 20 баравари (6 млн сўм);
5 кВт ва ундан юқори – БҲМ 50 баравари (15 млн сўм).
Компенсация фақатгина янги ерлар ўзлаштирилганда ва тик қудуқларда ўрнатилган сув насосларининг электр энергияси истеъмоли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари орқали таъминланганда берилади.
Қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатганлик учун компенсациялар миқдори:
Сув иситиш ҳажми 100 литр (ёки сув иситиш учун кунлик 4 кВт/соат энергия ишлаб чиқарувчи қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаси) – БҲМ 5 баравари (1,5 млн сўм);
Сув иситиш ҳажми 200 литр (ёки сув иситиш учун кунлик 8 кВт/соат энергия ишлаб чиқарувчи қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаси) – БҲМ 7 баравари (2,1 млн сўм).
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан, шунингдек, маҳаллий чакана савдо объектларида, шу жумладан, электрон тижорат орқали қурилмаларни етказиб берадиган ва ўрнатадиган корхоналардан қурилмалар сотиб олинганида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади.
Шунингдек, фармон 2022-2023 йилларга мўлжалланган қуйидагиларни назарда тутади:
ҳудудлардаги 34 мингдан ортиқ объектларда, шу жумладан 619 та "Янги Ўзбекистон" массиви ва 28 мингдан зиёд хонадонларда муқобил энергия манбаларини жорий қилиш;
вазирлик ва идоралар кесимида 6 мингдан ортиқ объектларда энергия сарфи ҳажмида муқобил энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш. Вазирлик ва идоралар ҳам бюджетдан ташқари жамғармаларнинг маблағларидан фойдаланишлари мумкин.
Ҳокимликларга "темир дафтар"га киритилган оилаларга (ҳар бир хонадонга қуввати 1 кВтгача бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ва (ёки) ҳажми 100 литрдан кам бўлмаган қуёш сув иситиш қурилмаси) қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлар ҳисобидан ўрнатилишини таъминлаш топширилган. 2022 йилда эҳтиёжманд оилаларнинг 20 фоизи ва 2023 йилда 80 фоизи олишлари керак.
Қурилмалар эгалари (жисмоний ва юридик шахслар) қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва давлат ваколати берилган органга сотиш мумкин. Нарх тарзда II гуруҳ истеъмолчилари учун белгиланган тарифнинг 80 фоизи миқдори (бугунги кунда – 360 сўм). Камида 10 йил муддат давомида харид қилиш имконияти яратилади.
Асосий фаолияти қуёш, шамол электр станциялари ва кичик ГЭС ишлаб чиқариш ва ўрнатиш бўлган юридик шахслар, шу жумладан. 2025 йилгача ташкил этилган янги юридик шахслар тадбиркорлик субъектлари сифатида рўйхатдан ўтган кундан бошлаб 3 йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғини белгиланган ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида тўлайди.
Янгиликлар лентаси
0