Самарқанд Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига айланади – Мирзиёев

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.09.2022
Oбуна бўлиш
Президент Самарқанд Янги Ўзбекистоннинг “ташриф қоғози”га айланишига аминлигини айтди.
ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Самарқанд Ўзбекистон тарихида янги туризм дарвозасига айланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда давлат раҳбари ўтган ҳафта Самарқандда янги барпо этилган Туристик марказда йирик халқаро тарихий тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитини юқори савияда ўтказилганини қайд этди. Бунда ўзбек халқи, давлати юксак маданияти ва бунёдкорлик салоҳиятини яна бир бор намоён этган.
“Самарқандда барпо этилган янги аэропорт, 8 та меҳмонхона, конгресс-холл, парк, бошқа кўнгилочар ва дам олиш мажмуалари – мамлакатимиз тарихида янги туризм дарвозаси ва Янги Ўзбекистоннинг “ташриф қоғози”га айланишига аминман", - деди президент.
Мирзиёев энди уларни мамлакат аҳолиси ва хорижий сайёҳлар учун ишлатиш кераклигини таъкидлади.
Шу боис Ташқи ишлар вазирлигига:
“Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот кампаниясини ўтказиш;
Самарқандга сайёҳлар оқимини ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.
Элчихоналар олдига хорижий мамлакатларда тарғибот кампанияси, хорижий оммавий ахборот воситалари, машҳур туристик блогерлар учун пресс-турлар ташкил этиш вазифаси қўйилди.
“Энди транспорт вазири Маҳкамов ҳам уйғонадиган вақт келди”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Транспорт вазирлигига барча давлатларнинг авиацияга масъул идораларига Самарқанд аэропортида хорижий авиакомпаниялар рейслари ва йўналишларига бўлган барча чекловлар олиб ташланганини етказиш, хорижий авиакомпаниялар билан келишувга эришиб, Самарқандга Европа, Осиё, Америка, Араб давлатлари ҳамда қўшни мамлакатлардан кунига камида 10 та халқаро рейсларни йўлга қўйиш вазифаси топширилди.
Бундан ташқари, Фарғона водийси, Нукус, Урганч ва Термиздан ҳар куни камида 1 та авиақатнов йўлга қўйилиши керак.
Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда Самарқандда бир йиллик халқаро учрашувлар ва анжуманларни ўтказиш дастурини тасдиқлаш топшириғи берилди.
Беш кун муддатда Самарқанддаги янги мажмуаларни ишлатиш, бунинг учун қўшимча имтиёз ва енгилликлар бериш бўйича алоҳида қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Янгиликлар лентаси
0