Тошкентдаги барча каналлар атрофи сайилгоҳга айланади

© CA-NewsВодный канал, протекающий рядом с многоэтажными домами в Ташкенте
Водный канал, протекающий рядом с многоэтажными домами в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.09.2022
Oбуна бўлиш
Каналлар атрофига пиёдалар учун кўприклар, болалар ўйингоҳи ва спорт майдончалари, велосипед йўлаги, фаввора барпо этилмоқда. Ўриндиқлар, шахмат столи, чархпалак ҳам ўрнатилади.
ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Тошкентда бир қатор туманлардан оқиб ўтувчи каналлар атрофида сайилгоҳлар ташкил этилади. Бу ҳақида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг етмишинчи сессиясида маълум қилинди.
Айтилишича, ҳозирда асосий эътибор аҳоли дам олиши ва маданий ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратиш мақсадида каналлар атрофини ободонлаштиришга қаратилмоқда.
Қуйидаги каналларда сайилгоҳ ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда:
Қорасув каналининг Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Миробод туманлари ҳудудидан ўтган жами 4,9 км қисми;
Анҳор каналининг Муқимий кўчасидан Чўпонота кўчасигача бўлган 1,7 км қисми;
Салар каналининг Бобур кўчасидан Кичик ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 2,4 км қисми.
Бундан ташқари, бир қатор туманларда ободонлаштириш ва сайилгоҳ ташкил этиш бўйича лойиҳалаштириш ишлари йўлга қўйилди.
Улар қуйидагича:
Учтепа туманидан оқиб ўтувчи Бўзсув каналининг Фарҳод кўчасидан Кичик ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 3,5 км қисми;
Жун каналининг Янгиҳаёт тумани Катта ҳалқа автомобиль йўлидан Сергели-1 бекатигача бўлган 1,7 км қисми;
Катта Калкауз каналининг Шайхонтоҳур тумани Анҳор бўйи кўчасидан Тахтапул кўчасигача бўлган 1,4 км қисми;
Олмазор туманидан оқиб ўтувчи Дамаши каналининг Сағбон кўчасидан Кичик ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 3,4 км қисми.
Маълумот учун, Қорақамиш коллекторининг Юнусобод тумани Кичик ҳалқа автомобиль йўлидан Барака кўчасигача бўлган 1,4 км қисмида ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, қирғоқ бўйи ҳудудида сайилгоҳ ташкил этилди.
У ерга пиёдалар учун кўприклар, болалар ўйингоҳи ва спорт майдончалари, велосипед йўлаги, фаввора барпо этилди. Ўриндиқлар, шахмат столи, чархпалак ўрнатилди. Дарахтлар экилиб, чимлар ётқизилди.
Ҳозирда Тошкентда жами 128 та канал ва коллекторлар мавжуд. Уларнинг 16 таси магистрал, 24 таси хўжаликлараро, 80 таси хўжалик ички каналлари ҳамда 8 таси коллекторлардан иборат, уларнинг умумий узунлиги 403 км.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятидан шаҳар ҳудудига қўшилган ҳудудларда жами 88,5 км узунликдаги 19 та хўжаликлараро каналлар ҳам мавжуд.
Янгиликлар лентаси
0