Ўзбекистонда илк робот-жарроҳ пайдо бўлди

© Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистонда робот-хирург ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди
Ўзбекистонда робот-хирург ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.09.2022
Oбуна бўлиш
Робот-хирург ёрдамида бажариладиган амалиётлар кам жароҳатли бўлиб беморнинг буткул соғайишини тезлаштиради.
ТОШКЕНТ, 28 сен - Sputnik. Ўзбекистонда илк бор робот-хирург ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишига кўра, Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган "Revo-i" русумли робот-жарроҳ Ўзбекистондаги шахсий клиникалардан бирига олиб келинган. Ўтган ҳафта ичида ушбу ускуна ёрдамида 8 нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Роботнинг жарроҳлик асбоблари кичик ўлчамли бўлиб, инсон қўлига қараганда анча катта диапазонда эгилиб, айлана олади. Операция вақтида шифокор консолдаги қулай стулда ўтриб барча операцияларни манипуляторлар ёрдамид экранда кўриб туриб бажаради. Бу анъанавий ёки лапороскопик операциялардан кўра анча қулай, - дейди Ўзбекистонда илк бор робот-жарроҳга операторлик қилган онкохирург Зарифхўжа Баҳодирхонов.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда роботохирургиянинг тараққий этиши икки омилга боғлиқ. Биринчиси — технологияни бошқара оладиган мутахассислар тайёрлаш бўлса, иккинчиси — мамлакат тиббиётида роботлар сонини орттириш.
“Бу борада дастлабки қадам ташланди. Эндиги вазифа — робот билан бирга операция қилувчи кўп сонли хирурглар захирасини шакллантириш. Шунда бу инновацион технология онкология ва онкоурология йўналишларидагина эмас, миллий тиббиётимизнинг барча жабҳаларида фаол қўлланила бошлайди”, - дейди Баҳодирхонов.
Маълумот учун, Revo-i русумли робот-жарроҳ Жанубий Кореянинг Meere Company Inc. томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб у дастлаб 2017 йилда тақдим этилган. Ушбу робот ўт пуфаги ва простата безини олиб ташлаш каби (ҳаракатланиш имкони тор бўлган аъзоларда) эндоскопик операцияларни бажаришга мўлжалланган.
Ушбу робот тўртта "қўл" билан жиҳозланган бўлиб, улар инсон танасидаги кичик кесмалар орқали операцияни амалга оширади. Улардан учтаси жарроҳлик асбоблари, бирида эса шифокор операция майдонида содир бўлаётган ҳамма нарсани кўрадиган камера бор. Камерадан олинган тасвир 3D кўринишда дисплейда намойиш этилади. Жарроҳ бошқарув блокидан фойдаланиб, роботнинг "қўлларини" йўналтириши ва кесмалар қилиш, тўқималарни кесиш ёки ярани тикиш мумкин. Revo-i дунёдаги ҳақиқий эндоскопик жарроҳлик учун тасдиқланган иккинчи роботлаштирилган жарроҳлик тизимидир.
Ушбу соҳа биринчи вакили Da-Vinci робот-жарроҳи ҳисобланади. Илк бор 2000 йилда пайдо бўлган ушбу робот-жарроҳ бугунги кунда етакчиликни қўлга киритган. Хусусан 2021 йилда 6142 та ана шундай робот сотилган. Уларнинг ҳар бирининг нархи $ 1 млн.дан бошланади.
Янгиликлар лентаси
0