“Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилади

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.10.2022
Oбуна бўлиш
Келгуси йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилади.
ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. 2023 йил 1 январдан “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 триллион сўмга етказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган маҳаллаларни обод қилиш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда давлат раҳбари “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Шу боис бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилди.
200 дан ортиқ аҳоли қўллаб-қувватлаган маҳалла шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни жиҳозлашга келгуси йилда қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Бу орқали 195 та лойиҳа доирасида 600 та маҳалла аҳолиси қамраб олинади.
Шу билан бирга, келгуси йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига берилади.
Умуман, келгуси йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилиши белгиланди.
Бунда “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 триллион сўмга етказилади.
“Шунда адолат бўлади, одамлар ўзлари ҳисса қўшган лойиҳаларни албатта асраб-авайлайди”,- деди президент.
Давлат раҳбари мутасаддилар эътиборини республика бўйича 1,5 мингта маҳалла аҳолиси бирорта лойиҳага овоз бермаганига қаратди. Яқинда маҳаллаларда раислар сайлови бўлиб ўтгани, янгидан сайланган раислар одамларга ваъдалар бергани, лекин тақдим этилаётган бу имкониятдан фойдаланмаётганини кўрсатиб ўтди. “Мудраб ўтирган” раисларни фаолликка чақириш, керак бўлса ўқитиш кераклиги таъкидланди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг иккинчи ярмида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 9 201 та маҳалла иштирок этиб, 38 мингта лойиҳага 8 миллион аҳоли овоз берди (биринчи ярим йилликда 4 мингта маҳалла қатнашган).
Бу борада, Фарғона, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари аҳолиси фаол бўлди. Овоз бериш якунларига кўра, 1 418 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, улар учун жами 1 триллион сўм маблағ ўтказиб берилган.
Янгиликлар лентаси
0