Мирзиёев ОҲИЧК Остона саммитида қандай таклифлар билдирди

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.10.2022
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон президенти ўз сўзида Афғонистон, ёшлар, иқтисодиёт каби масалаларга эътибор қаратди - тафсилотлар.
ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) VI саммитида нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари ўтган давр давомида ушбу тузилма хавфсизликни таъминлаш, Осиёда ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенг ва очиқ мулоқот учун муҳим майдон сифатида ўзининг ғоятда зарур эканлигини кўрсатганини таъкидлади. Ўзбекистон форумни трансформация қилиш масаласи бўйича қўшма фаолиятда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
"Бугун биз халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ўсиб, мулоқот ва ишончнинг мисли кўрилмаган даражада тақчил бўлиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Буларнинг барчаси кўп томонлама ҳамкорлик асосларига путур етказмоқда, можароларнинг авж олишига сабаб бўлиб, глобал иқтисодиётда тизимли узилишларга олиб келмоқда. Юзага келган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилмоқда, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича бизнинг саъй-ҳаракатларимизни секинлаштирмоқда", - деди Мирзиёев.
Ушбу омилларнинг умумий хавфсизлик манфаатлари, тараққиёт ва фаровонлигимизга таъсиридан келиб чиқиб, президент айрим устувор йўналишларга диққат қаратишга чақирди.
Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш зарур.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, афғон муаммоси юзасидан кенг консенсусга эришиш ва глобал даражада амалий чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ва келишиш лозим.
"Бунинг учун юқори даражадаги халқаро музокара олиб борувчи гуруҳни шакллантириш ҳақидаги ташаббус ифода этилган Осиё мамлакатларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз" - деди Мирзиёев.
Президент мамлакатлар радикал ғояларнинг кенг хуружига янада кўпроқ тўқнаш келаётганига эътибор қаратди. Бузғунчи кучлар тарғибот ва мафкуравий таъсирнинг янги услубларидан фойдаланган ҳолда экстремистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этмоқда.
"Шу муносабат билан ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатишимиз керак", - деди Ўзбекистон раҳбари.
Мирзиёев ёшларнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги форматни – Авлодлар мулоқотини йўлга қўйишни таклифини билдирди. Мамлакат Ёш етакчилар Форуми доирасида бундай илк учрашувни 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказишга тайёр.
Президент ўз нутқида иқтисодиётларни глобал инқирознинг ўсиб бораётган салбий оқибатларига мослаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Бу ўринда:
протекционизмнинг кучайишига, глобал бозорларни беқарор қиладиган омилларни, жумладан янги чекловларнинг жорий этилишига йўл қўймаслик;
Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни, биринчи галда, ишлаб чиқариш-логистика занжирини, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғловчи транспорт йўлакларини яратиш ҳисобига кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Мирзиёев Инновациялар трансфери салоҳиятини янада тўлиқроқ ишга солиш, рақамлаштиришни фаол рағбатлантириш, юқори технологиялар, сунъий интеллект, Интернет тизимларини ривожлантириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.
"Бу йўналишларда Осиё мамлакатлари глобал етакчиликка биргаликда эришиш учун барча имкониятларга эгадир", - деди давлат раҳбари.
Ўзбекистон етакчисининг сўзларига кўра, қитъанинг кўплаб давлатлари истеъмол маҳсулотларининг асосий импорт қилувчилари ҳисобланади ва озиқ-овқат хавфсизлигининг оқибатларини жуда ўткир ҳис қилмоқда.
"Бутунжаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда. Парадокс шундан иборатки, бир вақтнинг ўзида айнан бизнинг мамлакатларимиз жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари ҳисобланади", деди президент.
Мирзиёев бу борада янги ёндашувлар:
озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш;
ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш;
Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратишни таклиф қилди.
Ушбу барча масалаларни ФАО шафелигида келгуси йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда муҳокама қилиш таклиф этилди.
Шунингдек, давлат раҳбари экология ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни ҳамда мамлакатларни жадал кўкламзорлаштириш ва экотизимлар боғлиқлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича “Яшил Осиё” концептуал дастурлари доирасида доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйишни таклиф қилди.
Янгиликлар лентаси
0