Банклар учун чет эл валютасини муомалага чиқаришда чеклов йўқ- МБ

© Sputnik / Рамиз БахтияровВокзал "Ташкент-Южный" после реконструкции
Вокзал Ташкент-Южный после реконструкции - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.10.2022
Oбуна бўлиш
Хорижий валютани сотиб олиш ва ўтказмаларни қабул қилишнинг чекланиши тижорат банклари филиалларига нақд пул белгиларини логистика билан таъминлаш билан боғлиқ.
ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Марказий банк томонидан тижорат банкларига чет эл валютасида нақд пул маблағларини сотиб олиш ва муомалага чиқаришда чекловлар киритилмаган. Марказий банк матбуот котиби Акмал Назаров Sputnik мухбирига маълум қилишича, банклар хусусий тижорат ташкилоти, бу борада амалиётларни ўзи белгилайди.
Ижтимоий тармоқларда тижорат банкларида чет эл валютасини сотиб олиш ва чет эл валютасида ўтказмаларни қабул қилиш чекланиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Қайд этилишича, хорижий валютани сотиб олиш ва ўтказмаларни қабул қилишнинг чекланиши тижорат банклари филиалларига нақд пул белгиларини логистика билан таъминлаш билан боғлиқ.

“Марказий банк ҳеч қандай чеклов белгиламаган, банклар хусусий тижорат ташкилоти бўлгани учун амалиётларни ўзи белгилайди. Нақд хорижий валютанинг вақтинча тақчиллиги тижорат банкларининг узоқдаги филиалларига нақд пул белгиларини етказиб бериш билан боғлиқ бўлиши мумкин”, дейди Акмал Назаров.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда хорижий валюта тақчиллиги, банклар ва айирбошлаш шохобчаларида катта миқдорда доллар сотиб олиш ва олишга чекловлар жорий этилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Бир қатор маҳаллий экспертлар хориждан, хусусан, Россиядан келаётган сайёҳлар ва меҳмонлар оқими туфайли тижорат банклари нақд валютага бўлган талабни қондира олмаётганини тахмин қилишди.
Мисол учун, “Микрокредитбанк”да валюта харид қилиш ва пул ўтказмаларини чекловларсиз қабул қилиш мумкин.
“Банкда валюта тақчиллиги йўқ. Бироқ, валютани сотиб олишда чекловлар мавжуд ва бу нормал ҳолат. Банк заҳирасида чекланган миқдордаги валюта қолса, кўпроқ банк фойдаланувчиларига хизмат кўрсатиш мақсадида харидлар бўйича чекловлар қўйилиши мумкин. Шунинг учун чеклов ҳолатлари фуқароларда вахимага сабаб бўлмаслиги керак”, дейди “Микрокредитбанк” матбуот котиби Сарвар Очилов.
Ўзбекистонда хориждан, хусусан, Россиядан келаётган пул жўнатмалари муҳожир оилалар учун муҳим даромад манбаи бўлиб қолмоқда.
Қўшни Тожикистондан фарқли ўлароқ, Россия Федерациясидан рублда юборилган пул ўтказмалари Ўзбекистон банкларида ҳам миллий валютада, ҳам долларда амалга оширилиши мумкин.
Апрель ойида Ўзбекистон Марказий банки мамлакатда нақд хорижий валюта билан операцияларни амалга оширишга чекловлар жорий этилмаслигини маълум қилганди.
Ўзбекистонда 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб 70 миллион сўмгача (тахминан 6,4 минг доллар) эквивалентдаги нақд пулларни декларациялашсиз олиб кириш ва олиб чиқиш, декларацияда кўрсатилган ҳолда эса 100 миллион сўмгача (тахминан 9,2 минг доллар) олиб чиқиш мумкин.
Янгиликлар лентаси
0