Ўқувчиларнинг руҳий ҳолатини ўрганишга қаратилган тадқиқот ўтказилди

© Халқ таълими вазирлиги Рақамли кутубхона
Рақамли кутубхона  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.10.2022
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда илк бор ўсмирларнинг руҳий саломатлиги бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди
ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Ўзбекистонда илк бор мактаб ўқувчиларининг руҳий холатини ўрганишга қаратилган тадқиқот ўтказилди. Бу ҳақда ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде маълум қилди.
Тадқиқот натижаларига кўра, ўқувчиларнинг 15,4 фоизи — ўртача ва ўта оғир хавотир ҳолатида экани ҳамда 9,8 фоизи — депрессияга дуч келгани аниқланган.
Тадқиқот шуни кўрсатадики, 10 фоиздан ошиқ ўқувчилар ижтимоий боғлиқликни ҳис этмайди: ҳар ўн ўқувчидан биттаси ўзини мактаб билан боғламайди (8,7 фоиз), ундан ҳам кўпроғи ўзини мактабнинг бир қисми деб ҳисобламайди (13,1 фоиз) ёки ўзини синфда ёлғиз ҳис қилади (16,7 фоиз).
"Ўсмирлик жуда катта имкониятларни тақдим этади, шунингдек, руҳий саломатликка зиён етказувчи омиллар сабабли алоҳида эътиборни ҳам талаб қилади. Бу ўсмирларнинг ўрганиш, қарорлар қабул қилиш ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этишларига таъсир қилади", - деди Мунир Мамедзаде. "ЮНИCEФ ва ҳамкорлар бу борада профилактика ҳамда эрта аралашув саъй-ҳаракатларини кучайтиришга алоҳида эътибор берган ҳолда, Сенат ва барча тегишли вазирлик-идоралар билан иш олиб боради", — дея таъкидлади у.
Мактабдаги ҳар 10 нафар боланинг иккитаси жисмоний зўравонликка учрайди. Шу сабабдан мактабга боришдан қўрқади. Ўқувчиларга профессионал психологик ёрдам керак. Аммо уларнинг атиги 17 фоизи мактаб психологига мурожаат қилади. Асосий қисми ота-онаси, дўстлари ва яқин қариндошларидан ёрдам кутишади.
ЮНИСЕФ ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этган ушбу тадқиқотда республикадаги барча 14 та ҳудуддаги 299 та мактабнинг 22854 нафар ўқувчиси иштирок этган. Тадқиқот орқали ўспиринларнинг эҳтиёжларини, уларнинг руҳий саломатлиги ва руҳий-ижтимоий фаровонлигига таъсир қилувчи мактаб билан боғлиқ омилларни ўрганиш мақсад қилинган.
Янгиликлар лентаси
0