Ўзбекистонда аёлларнинг ҳар уч нафаридан бири кўп фарзандли бўлишни истайди - тадқиқот

© SputnikБолалар
Болалар - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 31.10.2022
Oбуна бўлиш
Оилаларда туғилишнинг кўпайиш омилларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказилди – тафсилотлар.
ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Ўзбекистонлик олий маълумотли аёллар бир оила учун икки нафар фарзанд етарли деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар илмий тадқиқот институти директори ўринбосари Ҳамид Абдураимов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Қайд этилишича, Оила ва хотин-қизлар илмий тадқиқот институти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси билан ҳамкорликда 8 августдан 15 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкентда социологик тадқиқот ўтказган.
Оилаларда туғилишнинг кўпайиш омилларини аниқлашга қаратилган тадқиқот 15 та шаҳар, 33 та туман ва 204 та маҳаллани қамраб олди.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг аксарияти оилада фарзандлар сони 3-4 нафар бўлишини маъқул кўришади.

“Яна муҳим бир жиҳат, хотин-қизларнинг ҳар уч нафаридан бири (32,2 %) кўп фарзандли бўлишни истайди”, - дейди Ҳамид Абдураимов.

Тадқиқотга кўра, фарзандли аёлларнинг 47,3 фоизи яна 4 нафар, 38,6 фоиз аёллар 3 нафар фарзандли бўлишни режалаштиришгани аниқланди. Кўп фарзандли бўлишни истовчилар улуши 53,1 фоизни ташкил этди.
Аёллар учун фарзандни дунёга келтиришнинг энг мақбул ёши
Тўрт нафар ва ундан кўп фарзанд кўришни режалаштириш ҳолати фарзанд кўргунга қадар ҳар учинчи респондентга (28,5 %) хослиги кейинги йилларда ҳам Ўзбекистонда демографик ўсиш суръати юқори даражада сақланиб қолишидан дарак бермоқда.
Ўзбекистонда аёллар биринчи фарзандини асосан 20-24 ёш оралиғида дунёга келтиришни маъқул кўришади. 27,1 фоизи бу ҳақда ўйлаб кўрмаганликларини, 13,2 фоизи эса буни тақдир билан боғлашларини билдиришди.
Таҳлиллар сўнгги фарзандни дунёга келтиришнинг энг мақбул ёш оралиғи 30-35 ёш эканлигини кўрсатди. Деярли 10 фоиз хотин-қизлар сўнгги фарзандни 36-40 ёш оралиғида кўришни исташади. 30 фоизи бу тўғрисида ҳали ўйлаб кўрмаганликлари, 19 фоизи бу ҳолат уларнинг истакларига боғлиқ эмаслигини қайд этди.
Кўп фарзандли бўлишнинг асосий омили
Аёллардан кўп фарзандли бўлишнинг асосий сабаби сўралганида, уларнинг ота-оналарга кексаликда таянч бўлиши асосий омил сифатида аксарият аёллар томонидан айтиб ўтилди.
Айрим ҳолларда оилада ўғил фарзанд кўриш истаги фарзандлар сонининг кўп бўлишига сабаб бўлувчи асосий омил ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар ўнинчи (10,6 %) респондент “диний эътиқод”ни кўп фарзандли бўлишнинг асосий омили сифатида кўрсатди. Бу эса жамиятда диний меъёр ва қадриятларнинг ўрни тобора ортиб бораётганлигидан далолат беради.
Оилади фарзанлар сони кимнинг қарорига боғлиқ ?
Аёлларнинг ўз репродуктив хулқ-атворини ўзи белгилаши, оилада нечта фарзанд кўришни режалаштириши уларнинг маълумот даражасига ҳам боғлиқ. Тадқиқот фарзандлар сони ўзининг қарорига боғлиқ эмаслиги ҳолати ўрта маълумотли аёлларда юқори, олий маълумотлиларда эса бир мунча паст (26,5%) эканлигини кўрсатди.
Олинган натижаларга кўра, ҳар еттинчи хотин-қизлар (15,3 %) 2 нафар фарзанд битта оила учун етарли деган фикрни билдирди. Бундай жавоб кўпроқ олий маълумотли аёлларда қайд этилди.
Таҳлилларга кўра, 77,5 фоиз репродуктив ёшдаги хотин-қизлар ҳомиладорликдан сақланиш бўйича у ёки бу даражада хабардор. Уларнинг 64,4 фоизи ҳомиладорликдан сақланиш тўғрисида етарли даражада, 13,1 фоизи қисман хабардорлигини айтиб ўтди. Шунингдек, 22,5 фоиз аёллар бу борада маълумотга эга эмас.
Маълумот учун, ўтган йили республикада туғилганлар сони 905,2 минг нафарга етган. Халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистон 2021 йилда туғилиш даражаси бўйича “ўртача юқори” бўлган мамлакатлар қаторидан жой эгаллаган.
Янгиликлар лентаси
0