Ис газининг кам миқдори ҳам организмни заҳарлаш учун етарли - мутахассис фикри

© Sputnik / Павел ЛисицынГазовая плита
Газовая плита - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.11.2022
Oбуна бўлиш
Дунёда ис гази туфайли содир бўладиган ўлим ҳолатлари алкоголдан заҳарланиш сабабли кузатиладиган ўлимлардан кейин иккинчи ўринда туради - тафсилотлар.
ТОШКЕНТ, 4 ноя — Sputnik. Одам ис газдан қанча кўп нафас олса, унинг қонида шунчалик гемоглобин камаяди ва танада кислород етишмовчилиги пайдо бўлади. Бунда ис газининг кам миқдори ҳам организмни заҳарлаш учун етарли.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов ис гази оқибатида юзага келиши мумкин бўлган касалликлардан огоҳлантирди.
Айтилишича, дунёда ис гази туфайли содир бўладиган ўлим ҳолатлари алкоголдан заҳарланиш сабабли кузатиладиган ўлимлардан кейин иккинчи ўринда туради. Энг ёмони, бу кўрсаткичлар йил сайин ортиб бормоқда.
Ўзбекистонда ҳам куз-қиш мавсумида аҳолининг ўз хонадонларидаги иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиши, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатида турли кўнгилсиз ҳолатлар юзага келади. Ачинарлиси, айрим фуқароларнинг эътиборсизлиги туфайли ўнлаб инсонлар бевақт ҳаётдан кўз юмади.
“Углерод оксиди, яъни ис гази ҳидсиз ва рангсиз бўлиб, инсон ўзида ҳолсизланиш аломатларини ҳис қилмагунича унинг борлигини сезмайди.Ушбу газдан заҳарланиш учун эса унинг энг кам миқдори етарли ҳисобланади. Шу боис ис гази “кўринмас қотил” деб ҳам аталади. Углерод оксиди асосан табиий газ, кўмир, ўтин чўғларининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади”, дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов.
У барча муҳитда юзага келиши мумкин, ҳатто, газ плита духовкасида ҳам. Бунинг асосий сабаби ёниш майдонида етарли кислород мавжуд эмаслигида.
Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этиб, аввало, қонга киради ва гемоглобин ҳужайраларини зарарлайди. Шундан сўнг гемоглобин кислород ташиш қобилиятини йўқотади. Ис газидан заҳарланишдан сўнг гемоглобин ҳужайраларини тиклаш учун кўп вақт талаб этилади.
Углерод оксидидан заҳарланиш қисқа муддатда ёки секинлик билан юзага чиқиши мумкин. Бу эса ўша муҳитда ҳаво таркибидаги газнинг концентрациясига боғлиқ. Агар унинг миқдори кам бўлса, инсонда мушаклар бўшашиши, бош айланиши, қулоқларда шовқин, кўнгил айниши, қусиш, уйқучанлик кузатилади.
Юқори концентрацияда заҳарланиш тезда юзага чиқади ва ҳушдан кетиш, тутқаноқлар ва нафас тўхташи билан намоён бўлади. Энг ёмони, нафас марказининг фалажланиши оқибатида ўлим ҳолати юз бериши мумкин. Баъзида заҳарланишдан 2-3 ҳафта ўтиб ҳам беморларнинг вафот этиш ҳолатлари қайд этилган.
“Шу боис ис гази хавфидан доимо огоҳ бўлиш, иситиш мосламаларидан тўғри фойдаланиш, энг муҳими, юқоридаги сабабларнинг келиб чиқишига йўл қўймаслик лозим”, дея қўшимча қилди Дониёр Алимов.
Янгиликлар лентаси
0