Болаларни тарбиялаш – бу миллатни тарбиялаш: Тошкентда ЮНЕСКО конференцияси ўтказилади

© МНОШкольник
Школьник - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.11.2022
Oбуна бўлиш
“Эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш” мавзусида II Бутунжаҳон конференциясининг асосий мақсади ҳам тизим бола тарбияси ва унга таълим бериш тизимини янада ривожлантиришдан иборат бўлади.
ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда илк бор 14-16 ноябрь кунлари UNESCO нинг “Эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш” мавзусида II Бутунжаҳон конференцияси (World Conference on Early Childhood Care and Education”) ўтказилади.
Бу йилги конференцияда жами 200 га яқин хорижий мамлакатлар иштирок этиши кутилмоқда. Конференциянинг энг катта тадбирларидан бири бу “Тошкент декларацияси”нинг имзоланиши бўлади. Унга кўра, республиканинг мактабгача таълим тизимида мутлақо янги форматдаги асосий дастур концепцияси қабул қилинади.

“Эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш бу миллатни тарбиялаш дегани. Болалардаги дунёқарашни ўстириш орқали уларнинг қобилиятларини ривожлантириш ижобий натижа беради. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказилаётган халқаро конференциянинг асосий мақсади ҳам тизим бола тарбияси ва унга таълим бериш тизимини янада ривожлантиришдан иборат”, - дейди Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева Sputnik мухбири билан суҳбатда.

16 ноябрь куни Тошкентдаги Hilton меҳмонхонасида UNESCO, БМТнинг болалар жамғармаси UNICEF, Жаҳон мактабгача таълим ташкилоти OMEP, Африкалик аёл педагоглар форуми FAWE ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар иштирокида “Тошкент декларацияси”нинг катта кўламдаги тақдимоти ўтказилади.
Конференцияда эрта ёшдаги болаларни ўқитиш методикаси, инклюзивлик, технологиялар ва сунъий интеллект, кичик ёшдаги болаларнинг эрта ривожланиши соҳасини экологизация қилиш, ҳукумат миқёсидаги ёндашув, мультисекторлик, координация, нейрофанларнинг ўқитилиши каби долзарб мавзудаги маърузалар тингланади ва муҳокама қилинади.
“Биз ушбу конференцияни ўтказишда нафақат болаларни, балким ота-оналарнинг тарбия методини ишлаб чиқиш, улардаги бола билан ўзаро ишлашдаги барқарорликни ривожлантиришни кўзлаганмиз. Кўпчилик фарзандимни боғчага юбораман, бўлди у ҳамма нарсани ўрганади деб бефарқ бўлиб қолади, аслида болага энди янада кўпроқ эътибор қаратиш керак”, - дейди Асқархўжаева.
Тадбир доирасида кичик ёшдаги болаларни эрта ривожлантириш марказларига ташриф уюштирилади. Марказларнинг фаолияти, уларнинг ишлаш принципи ва методикаси халқаро экспертлар муҳокамасига қўйилади.
17 ноябрь куни мутахассислар ва ОАВ вакиллари учун Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туристик марказларига маданий сайёҳлик ташрифи уюштирилади. Саёҳатда UNESCOнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ва бошқа тарихий қадамжолар, обидалар ва масжидлар зиёрат қилинади.
Янгиликлар лентаси
0