Марказий Осиё учун ким билан савдо қилиш фойдалироқ - ЕОТБ экспертлари

© пресс-служба Узбекистон темир йуллариПервый контейнерный поезд выехал по маршруту “Китай – Кыргызстан – Узбекистан – Афганистан”.
Первый контейнерный поезд выехал по маршруту “Китай – Кыргызстан – Узбекистан – Афганистан”. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.11.2022
Oбуна бўлиш
Иқтисодчилар фикрича, Эрон ва Покистонга йўналишлар ривожланиши янги савдо ҳамкорлари билан ҳамкорлик қилишга ёрдам беради.
ТОШКЕНТ, 10 ноя - Sputnik. Ҳозир Марказий Осиё минтақаси учун қитъа жанубидаги давлатлар билан товар айирбошлаш ҳанузгача атиги 2,5 фоизни ташкил этса ҳам, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтириш имконияти мавжуд. Бу ҳақда бугун “Марказий Осиё иқтисодиёти: янги қиёфа” ҳисоботини тақдим этган Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) таҳлилчилари маълум қилди.
“Марказий Осиё давлатлари Жанубий Осиёга экспортни, хусусан, нефть ва газ етказиб беришни ошириш истиқболларини кўрмоқда, шунингдек, импорт қилинадиган маҳсулотлар, биринчи навбатда, асбоб-ускуналар ва истеъмол товарлари турларини кўпайтиришдан манфаатдор”, деб ёзади ҳисобот муаллифлари.
Географик жиҳатдан минтақа Ҳиндистон, Покистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа мамлакатларига яқин. Бироқ улар билан савдо-сотиқни ривожлантириш тўғридан-тўғри транспорт йўналишларининг йўқлиги сабаб чекланмоқда, дейди иқтисодчилар.
“Шимол — Жануб” халқаро транспорт йўлаги ҳамда Афғонистон орқали Эрон ва Покистонга транспорт йўналишларини ривожлантириш Марказий Осиё мамлакатлари товарларининг ҳам Жанубий Осиё бозорларига, ҳам Форс кўрфази денгиз портлари инфратузилмаси орқали жаҳон бозорига ҳам чиқишини осонлаштиради”, дейилади Sputnik танишган тадқиқотда.
Мисол тариқасида банк таҳлилчилари жорий йилда Жанубий Осиё билан савдо алоқаларини фаоллаштирган Ўзбекистонни келтирмоқда. Республика биринчи марта Покистондан гўшт импорт қилди, шунингдек, Покистон буғдойини импорт қилиш имкониятларини ўргана бошлади, дея таъкидлайди ЕОТБ иқтисодчилари. Ўзбекистон Ҳиндистон билан ҳам савдо-сотиқни кенгайтиришни мақсад қилган, бу ҳақда икки давлат вакиллари ШҲТнинг Самарқанд саммитида ҳам муҳокамалар ўтказган.
Анъанавий иқтисодий ҳамкорларга келсак, уларнинг рўйхати ўзгармайди, деб таъкидлайди ЕОТБ.
“Минтақанинг фаровонлиги кўп жиҳатдан Хитой ва Россия билан Марказий Осиё давлатлари учун фойдали бўлган иқтисодий ҳамкорлик форматини йўлга қўйиш ва транзит имкониятларидан фойдаланишга боғлиқ бўлади. Дунёнинг бошқа иқтисодий марказлари минтақага камроқ таъсир ўтказади”, дейилади ҳисоботда.
ЕОТБ маълумотларига кўра, ўтган йили Марказий Осиё мамлакатлари билан Россия ўртасидаги товар айирбошлаш улуши 21,6 фоизни, Хитой билан эса 20,4 фоизни ташкил қилган. Марказий Осиё давлатларининг ушбу икки давлат ўртасидаги транспорт йўлаклари туташган жойда қулай жойлашиши уларнинг транзит йўналишларини – ҳам юк ташиш, ҳам трансчегаравий ишлаб чиқариш занжирларида иштирок этиш имкониятларини оширади.
Янгиликлар лентаси
0