ЕОТБ экспертлари Янги Ўзбекистон иқтисодиёти қандай ўзгараётганини айтди

© Sputnik / Медиабанкка ўтишФлаги стран ЕАЭС
Флаги стран ЕАЭС - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.11.2022
Oбуна бўлиш
“Янги Ўзбекистон”нинг ривожланиш стратегияси мамлакатга инвестициялар оқимини рағбатлантиради, деб ҳисобламоқда Евроосиё тараққиёт банки эскпертлари.
ТОШКЕНТ, 11 ноя - Sputnik. Сўнгги 10 йил давомида Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 5,9 фоизни ташкил этди ва бу мамлакат жадал ривожланаётганининг яхши кўрсаткичидир. Евроосиё тараққиёт банки таҳлилчилари Марказий Осиёга бағишланган ҳисоботида шундай хулосага келган. Sputnik мухбири ҳужжат билан танишди.
Ҳисобот муаллифларининг ёзишича, республика иқтисодиётида жиддий ўзгаришлар 2017 йилда бошланган ва ҳозирда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегияси доирасида давом этмоқда. ЕОТБ таҳлилчиларининг фикрича, стратегия мамлакатнинг “экспорт салоҳияти ва инвестицион жозибадорлигини ошириш контекстида асосий мезон”га айланди.
Ўзбекистон иқтисодиётининг қайси соҳалари жадал ривожланмоқда, хорижий инвестициялар соҳасида нималар содир бўлмоқда ва республика миграция жараёнларини ўзгартирмоқчи – бу ҳақда бизнинг шарҳимизда ўқинг.

Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида ҳозир билиш керак бўлган энг муҳим нарса

ЕОТБ маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича Марказий Осиёда иккинчи ўринда туради (биринчи ўринда Қозоғистон). Ўзбекистон ЯИМ – 69,2 млрд доллар. Мамлакат табиий ресурсларга бой: қимматбаҳо металлар, мис, уран, вольфрам, кўмир ва табиий газ.
Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқлари хизмат кўрсатиш (ЯИМнинг 36 фоизини ташкил қилади), қишлоқ хўжалиги (25 фоиз) ва ишлаб чиқариш саноати (20 фоиз) ҳисобланади.
Агар тўғридан-тўғри Ўзбекистон саноати ҳақида гапирадиган бўлсак, бу соҳада металлургия, машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат ва кимё саноати етакчилик қилмоқда.
Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) муҳим роль ўйнади – бу тармоқ ЯИМнинг деярли 55 фоизини таъминлади, Ўзбекистонинг банд аҳолисининг 70 фоизини иш билан таъминлаяпти.
ЕОТБ таҳлилчилари фикрича, Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий устунлиги унинг доимий ўзгариб турадиган ташқи муҳитга тез мослаша олишидадир. Бунга эса, ўз навбатида, меҳнат ресурсларининг кўпайиши ёрдам бермоқда – республика аҳолиси 35 млн. кишидан ошди (2000 йилда у 24,8 млн киши эди). Шу билан бирга мамлакатда 30 ёш атрофидаги ёш авлод кўпчиликни ташкил қилади. Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевнинг айтишига қараганда, аҳолининг 60 фоизи шу тоифага киради.

Барча имкониятлардан фойдаланиб

2019 йилда ЕОТБ таҳлилчилари Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишидаги асосий тўсиқларни ўрганиб, нима учун республиканинг даромадлар бўйича Қозоғистон билан яқинлашуви секин кечаётганини аниқлашган ҳаракат қилишганди. Ўшанда иқтисодчилар бунга омиллар сифатида сармоя ва технология етишмаслиги, шунингдек, инфратузилма муаммоларини санаб ўтгандилар.
ЕОТБ прогнозларига кўра, ушбу бўшлиқларни тўлдириш орқали Ўзбекистон қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, кимё ва нефть-кимё саноатида ўз иштирокини кенгайтириш орқали иқтисодий ютуқ қилиш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистон иқтисодидаги бугунги вазиятга назар ташласак, мамлакат раҳбарияти саноат соҳасига эътибор қаратаётганини кўриш мумкин. Масалан, кимё саноати ҳақида гапирганда, жорий йил бошидан буён Ўзбекистонда 1 млн тоннадан ортиқ минерал ўғит ишлаб чиқарилиб, уларнинг экспорти ўтган йилга нисбатан икки баравар кўпайиб, 330 миллион долларга етганини эсламаслик мумкин эмас. Қурилиш соҳаси ҳам ривожланмоқда – бу ўринда мониторинг ўтказишга ҳам зарурат йўқ, Тошкентдаги кенг кўламли қурилишларга назар ташлашнинг ўзи кифоя.
Ўзбекистон иқтисодиёти нисбатан очилгани туфайли хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони ҳам кўпайди, дея қайд этади ЕОТБ. 2017 йилда уларнинг сони аранг 5 мингдан ошган. 2022 йил бошида мамлакатда хориж капитали иштирокидаги 13 289 та корхона фаолият юритган.

Янги Ўзбекистон – янги иқтисодиёт

Энди эса республиканинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясига тўхталамиз.
Стратегиянинг асосий қоидалари қандай?
Ҳужжатда турли имтиёзлар жорий этиш орқали мамлакатда қулай сармоявий муҳит яратиш кўзда тутилган. Шу тариқа, Ўзбекистон яқин беш йилда 120 миллиард доллар миқдорида сармоя жалб этишни режалаштирмоқда, уларнинг 70 миллиарди хорижийдир.
Ўзбекистон энг аввало қайси соҳаларга сармоя киритишни муҳим деб биляпти?
Энергетика, транспорт, сув хўжалиги, коммунал хизматлар, шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим ва экологияда.
“Ўзбекистон алоҳида вилоятларнинг Ҳиндистон, Хитой ва Россия билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, экспорт географиясини 115 та давлатдан 150 тагача кенгайтириш, шунингдек, туризм, транспорт, ахборот ва бошқа хизматлар экспортини 1,7 баравар, 4,3 миллиард долларгача кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ниҳоят, белгиланган стратегия доирасида Ўзбекистон қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларда эркин савдо зоналарини ташкил этишни режалаштирмоқда”, деб ёзади ЕОТБ таҳлилчилари.

Келажакка инвестиция

Ўзбекистонга сармоя киритиш учун энг муҳим йўналишлар ҳақида гапирар экан, банк иқтисодчилари таълим сифати ва миграция даражаси ўртасидаги боғлиқликни тушунтиряпти. Меҳнат миграцияси Ўзбекистон учун муҳим масала, чунки иш ўринларининг етишмаслиги мамлакатнинг долзарб муаммоси ҳисобланади.
“2021 йилда ишсизлик даражаси 9,6 фоизни ташкил этди. Бу эса Ўзбекистон фуқароларини хорижда иш топишга мажбур қиляпти ва пул ўтказмалари иқтисодиёт учун муҳим бўлиб қолмоқда: уларнинг тушумлари 2018–2021 йиллар давомида ўртача ЯИМнинг 13,4 фоизини ташкил қилган”, дейилади ЕОТБ ҳисоботида.
Бу муаммони ҳал қилиш учун Ўзбекистонда иш ўринлари сонини кўпайтириш бўйича доимий ишлар олиб борилмоқда – ҳар йили ўртача 280 мингга яқин иш ўринлари пайдо бўляпти. Бироқ, амалда ишсизликни тўлиқ бартараф этиш учун мамлакатда ҳар йили 600 минг иш ўрни яратилиши керак, дея таъкидлайди ЕОТБ.
Шу муносабат билан Ўзбекистон фуқаролари ташқи бозорларда – асосан қўшни давлатларда иш изламоқда. Тахминан 70 фоиз улушга эга шахсий ўтказмаларнинг асосий донори Россиядир. Шу билан бирга, Қозоғистон улуши ортиб бормоқда – ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистонга шахсий ўтказмаларнинг 9,4 фоизи (2019 йилда эса 5,9 фоиз) унинг ҳиссасига тўғри келди.
Шундай бўлса ҳам Ўзбекистон бу масалани яна қўшни давлатлар билан ҳамкорликда ҳал қилиш устида ишламоқда. Келажак инновацион соҳаларга тегишли эканини, шу билан бирга мамлакатда малакали кадрлар етишмаслигини англаган Тошкент таълим хизматлари тизимини модернизация қилишни мақсад қилган. Республика ўз шаҳарларида Россия университетларининг филиалларини очишни қўллаб-қувватлаяпти – бугунги кунда филиаллар сони 15 дан ортиқ.
Бундан ташқари, Ўзбекистон қўшни давлатлар – Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия билан ҳамкорликда чегара савдо марказлари, логистика хаблари, кластерлар ва корхоналар ташкил этилишини олқишлаяпти. Янги университетлар эса мавжуд ва режалаштирилган компаниялар учун кадрлар тайёрлаяпти.

Савдо фаровонлик рамзи сифатида

“Минтақа фаровонлиги кўп жиҳатдан Хитой ва Россия билан Марказий Осиё давлатлари учун фойдали бўлган иқтисодий ҳамкорлик форматини йўлга қўйиш ва транзит имкониятларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлади”, деб ёзади ЕОТБ таҳлилчилари.
Уларнинг фикри рақамларга асосланган: Ўзбекистоннинг асосий капиталига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг 24,2 фоизи Россия, яна 20,4 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келяпти. Бу давлатлар республиканинг энг йирик савдо ҳамкорлари ҳисобланади.
Ўзбекистон нима етказиб беряпти? Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулотлари озиқ-овқат (2021 йилда 10,5 фоиз), рангли металлар (10,4 фоиз), кимё маҳсулотлари (8,7 фоиз), энергетика маҳсулотлари (6,3 фоиз), машина ва ускуналар (5 фоиз) ҳисобланади.
Импорт ҳам ўсиб бормоқда (айниқса, Ўзбекистон очиқлик тамойилига ўтган 2017 йилдан бери фаоллашган). Беш йил ичида у қарийб 11 миллиард долларга кўпайиб, 23 миллиард доллардан ошди, дея қайд этяпти ЕОТБ. Сабаби, Ўзбекистон ускуналар харид қилишни кўпайтирди, импорт қилинадиган товарларнинг деярли 40 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келяпти. Бу ички инвестициялар ва корхоналарнинг ўсишидан далолат беради, деб ҳисоблайди ҳисобот муаллифлари.
Марказий Осиё давлатлари билан савдо алоқалари ҳам мустаҳкамланмоқда. Ўтган йили Марказий Осиё мамлакатлари ташқи савдо айланмаси 165,5 миллиард долларни ташкил этди. Банк маълумотларига кўра, сўнгги 20 йил ичида бу кўрсаткич олти баробарга ошган.
Янгиликлар лентаси
0