Саудия Арабистони трансафғон йўли қурилишини қўллаб-қувватлайди

© Ташқи ишлар вазирлигиАр-Риёд
Ар-Риёд - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.11.2022
Oбуна бўлиш
Саудия Арабистони Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўл линияси қурилишини қўллаб-қувватлайди.
ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Саудия Арабистони Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўл линияси қурилишини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Ар-Риёд шаҳрида Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигининг Сиёсий масалаларни режалаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари - Афғонистон бўйича махсус гуруҳи раҳбари Абдулла бин Ҳолид бин Сауд ал Кабир билан музокаралар ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатга тезкорлик билан инсонпарварлик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

“Абдулла бин Ҳолид бин Сауд ал-Кабир Ўзбекистоннинг бу борадаги амалий қадамларини юқори баҳолади, айниқса, жорий йилнинг июл ойи охирида Тошкентда “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференсия муваффақиятли ўтказилганини таъкидлади”, - дейилади хабарда.

Томонлар Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш, мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига янада кенгроқ жалб этиш муҳимлигини алоҳида таъкидлашди.
Саудия томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар темир йўл линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлари ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидлаб, ушбу лойиҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.
Афғонистоннинг янги ҳукуматига нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг яхлит позициясини ишлаб чиқмай ҳамда халқаро гуманитар ёрдамни кўпайтирмасдан туриб, мамлакатдаги ўткир ижтимоий-иқтисодий инқирозни бартараф этиб бўлмайди, деган фикр билдирилди.
Томонлар Афғонистон масаласи бўйича Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг махсус вакиллари даражасида маслаҳатлашувларни давом эттиришдан ўзаро манфаатдорлик билдиришди.
Лойиҳалаштирилган “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўл линияси Жануби-Шарқий Осиёнинг йирик бозорларини МДҲ давлатлари, Хитой ва Европа бозорлари билан боғловчи янги ва энг қисқа транзит йўлакларини яратади.
Шу билан бирга, Афғонистоннинг марказий қисмида жойлашган ўнлаб фойдали қазилмалар конлари иқтисодий айланмага жалб қилинади. 500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, темир йўл транспорти фаолияти билан боғлиқ янги касблар шакллантирилади. Лойиҳа амалга оширилгач, ҳудуднинг 15 млнгача аҳолиси хаёти фаровонлашади.
Умуман олганда, трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш юк ташиш вақти ва нархини 30-40 фоизга қисқартиради. Илк йилларда биринчи ҳисобланган ташувлар ҳажми 3 млн тоннагача, 2030 йилга келиб эса йилига 15 млн тоннадан ошиб кетиши мумкин.
Ўзбекистон бу лойиҳани "аср лойиҳаси" деб атамоқда. Лойиҳанинг тахминий қиймати 4,6 млрд долларни ташкил этади, амалга ошириш муддати 5 йил.
"Россия темир йўллари" Ўзбекистон билан биргаликда трансафғон темир йўлининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирганди.
Янгиликлар лентаси
0