Миллий либосларга янгилик керакми – мутахассис билан суҳбат

© SputnikВ Ташкенте прошел фестиваль хан-атласа
В Ташкенте прошел фестиваль хан-атласа - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.11.2022
Oбуна бўлиш
Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари аҳолиси либослари ўртасида қандай фарқлар бўлган? Ўзбек миллий либосларига янгилик киритиш керакми? Sputnik ушбу мавзуда бадиий либослар мутахассиси билан суҳбат қилди.
ТОШКЕНТ, 28 ноя – Sputnik. Ўзбек миллий либосларининг бугунги кунда қайта оммалашиб бораётгани одамни қувонтиради, албатта. Хўш уларга янгилик керакми?
Sputnik ушбу мавзуда бадиий либослар бўйича мутахассис, П.П. Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг “Тарихий театр либослари санъати бўлими” педагоги Малика Қўзиева билан суҳбат қилди.
© Малика Қўзиева шахсий архивиданМалика Қўзиева
Малика Қўзиева - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.11.2022
Малика Қўзиева
Дарвоқе, яқинда Қўзиева муаллифлигида ноябрь ойининг ўрталарида нодир тарихий фактларга эга “Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи” китоби нашрдан чиқди. Унда Ўзбекистон ҳудудларининг тарихий кийиниш маданияти билан яқиндан танишиш мумкин.
- Ўзбек либосларини ўрганишни бошлашингизга нима сабаб бўлган?
- Оиламизда санъат билан боғлиқ муҳит ҳукмрон бўлган. Ўзбек миллий либосларимиз жуда ҳам ёрқин, ўзига хос бичимга эга, бой безакли бўлгани ҳам ёшлигимдан эътиборимни тортган ва шу соҳада таълим олишимга, шу йўналишда фаолият олиб боришимга сабаб бўлган.
- “Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи” китобини ёзишга сизни нима илҳомлантирди?
- “Тарихий Театр либослари санъати” бўлимида 15 йилдан бери фаолият юритиб келмоқдаман. Албатта ўқувчи ёшларга ўзбек миллий либослари ҳақида тушунча бериш жараёнида адабиётларга таянаман. Ўзбек миллий либослари тарихини янада батафсил ёритиб бериш орзуси менда аввалдан бор эди. Президент ташаббуси билан таъсис этилган Ислом цивилизацияси маркази уни амалга ошириш учун грант ажратди. Шундан сўнг бир йил давомида тадқиқот олиб бордим, Ўзбекистон ҳудудларида жойлашган музейларга бориб, экспонатларни яқиндан ўргандим, фотосуратлар олдим.
- Ўзбек миллий либослари тарихини ўрганиш учун Ўзбекистонда етарли манбалар борми ва улар қандай?
- Албатта, манбалар жуда кўп. Визуал манба сифатида Ўзбекистондаги музейлардаги миллий либосларимиз каби экспонатлар орқали ўрганиш мумкин. Шунингдек, тарихий ёзма манбаалар, адабиётлар ҳам бор. Сўнгги йилларда ана шундай тадқиқот ишлари олиб бориш учун ҳам кенг имкониятлар очиляпти.
© Малика Қўзиева шахсий архивиданЎзбек миллий либослари
Ўзбек миллий либослари - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.11.2022
Ўзбек миллий либослари
- Ўзбекистонда яшаётган халқларнинг қадимий либос намуналари қайси хорижий музейларда намойиш этилган?
- Масалан, Париждаги Лувр музейида, Россиядаги кўплаб музейларда, Нью-Йоркдаги Метрополитен музейида ва бошқаларда миллий либосларимизга оид экспонатлар кенг тарқалган. Чунки чет элликларнинг либосларимизга бўлган қизиқиши йил сайин ортиб бормоқда. Нафақат музейларда, балки хорижликларнинг шахсий коллекцияларида ҳам либосларимизни учратиш мумкин.
© Малика Қўзиева шахсий архивиданЎзбек миллий либослари
Ўзбек миллий либослари - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.11.2022
Ўзбек миллий либослари
- Маълумки, Ўзбекистон ҳудудида Хива хонлиги, Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлиги мавжуд бўлган. Уларнинг халқи ва зодагонлари ҳам ўзига хос кийинган бўлиши табиий. Хонликларда либослар қандай фарқ қилган. Масалан, Қўқон хонлигидан Бухорога келган одамни кийимига қараб дарров таниб олиш мумкин бўлганми?
- Албатта, либоснинг бичимида, ранг ечимида, бош кийим ва заргарлик буюмларида жуда кўп фарқлар бўлган. Бу фарқлар ҳудуд, воҳанинг иқлими, у ерда яшаган маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, либосларнинг силуэти, улар тикилган матоларининг сифати, тикилиш технологиялари, колорити ва безагида акс топган.
Хива хонлиги шимолий воҳада жойлашгани боис у ерда жунга ишлов бериш технологиялари юксак даражада бўлган, устки кийимларни қавилиш усули бошқа ҳудуд либосларидан тубдан фарқ килган, эркаклар бош кийимлари чўгирма каби бош кийими ҳам фақат Хива хонлигига хос бўлган.
Қўқон хонлигида дўппилар катта аҳамиятга эга бўлганлигини, уларнинг турли безатилиши, тикилиш технологияларидан кўришимиз мумкин, либослар сокин, босиқ ранг ечимига эга бўлган.
Бухоро амирлиги либослари ёрқин рангли, ҳашамдор уларнинг зардўзи кашталари, эркакларнинг саллалари ва камарбандлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин.
© Малика Қўзиева шахсий архивиданЎзбек миллий либослари
Ўзбек миллий либослари - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.11.2022
Ўзбек миллий либослари
- ХХ асрда ўзбек либослари кескин ўзгарди десак, хато бўлмайди. Ҳам аёллар, ҳам эркаклар учун европача кийим кийиш оммавий кириб келди. Лекин миллий либослар ҳам бутунлай унутилмади. Масалан, дўппи билан костюм шим кийиш ўзбек классикасига айланди десак, хато бўлмайди. Шу мавзуда мутахассис сифатида ўз фикрингизни билдирсангиз.
- ХХ асрдан бошлаб Россия маданияти таъсирида бичимлар ўзгаришни бошлаган. Камзуллар калталашиб, ихчамлашиб борган. Лекин, ўша асрда ҳам айрим ҳудудларда паранжилар сақланиб қолган. Миллий либослар бутунлай унутилмаганига келадиган бўлсак, бу борада иш олиб бораётган дизайнерларимизга раҳмат айтиш керак. Либослар намойишларида миллийликнинг тарғиб этилиши ёшларнинг эътиборини тортмай қолмади. Ёшлар ҳозир дўппиларни фахр билан кийиб юрмоқда. Бу, албатта, қувонарли.
- Ўзбек миллий либослари нақш ва ранглар жилоси билан ажралиб туради. Айниқса, уларга ҳамоҳанг тарзда тақиладиган тақинчоқлар ва бош кийимлари ҳам чиройли композицияни ташкил этади. Ҳозирда тарихий либослар билан боғлиқ анъана давом этмоқда, лекин шу соҳада бирор янгилик йўқдай. Сўнгги йилларда ўзбекона бирор мато ёки кийим оммавий русум бўлгани ҳақида эшитилмайди. Бу борада мутахассислар қандай ишларни олиб бормоқда?
- Менинг шахсий фикрим, агар бу борада қандайдир янгилик қилинса, миллийликдан узоқлашилади. Анъаналарни сақлаган ҳолатда қандайдир деталларни ўзгартириш, ҳозирги замонга мослаштириш мақсадга мувофиқ бўлади.
- Ҳозирги замон ўзбек аёллари либосларида сақланиб қолган энг қадимий анъанавий белгилар ёки хусусиятлар борми?
- Бу нарсаларни кўпроқ келинларда кузатамиз. Миллий матолардан турли хил бичимда тикилган, кўзга ташланувчи либослар, тиллақош-у зебигардонлар. Булар кўзни қувонтиради.
- Ўзбекистон анъанавий мусулмон ҳудуди бўлган. Исломий кийинишнинг Ўзбекистонга хос бирор алоҳида белгиларми бўлганми?
- Биз тарихий миниатюраларда бундай либосларни кўришимиз мумкин. Лекин, қора рангда эмас. Яъни, қадимда аёллар қора рангда рўмол ўраб юрмаган. Ҳозир ҳам бу борада тўғри йўналиш кўрсатилиши керак, деб ўйлайман.
- Айни дамда олиб бораётган изланишларингиз қайси мавзуда?
- Бухоро амирлигида, Қўқон хонлигида эркаклар салла ўраган. Уларнинг ўралиши эса ҳар хил бўлган. Ҳозир шу борада изланишлар олиб боряпман. Шунингдек, ўзбек миллий пойабзаллари, эркаклар белбоғлари ҳақида маълумотлар излаб, иш олиб бормоқдаман.
- Ҳозир Россия ва бошқа чет давлатларида анъанавий ўзбекча матолари, ўзбек миллий нақшлари билан тикилган кийимларга қизиқиш ортиб бормоқда. Келажакда ўзбек либосларининг яна қандай элементлари трендга чиқиши мумкин деб ўйлайсиз?
- Кўпгина чет мамлакатларда, сайёҳ меҳмонларимизда ўзбек миллий либосларига, матоларига қизиқиш катта, уларни либосларимизнинг асрлар оша ҳеч урфдан қолмайдиган бичими, матоларимизнинг бетакрор декоратив ва ранг ечими, сифати ўзига жалб қилади. Анча йиллардан бери миллий матоларимиз, аксессуар ва кашталаримизни номи бутун дунёга машҳур либос дизайнерлари томонидан либослар тўпламларини яратишда кўп фойдаланишганини кузатамиз. Аминманки, матоларимиз, кашталаримиз келажакда ҳам ўз долзарблигини йўқотмайди.
Янгиликлар лентаси
0