Корхона ёки тармоқларга берилган имтиёзларни бекор қилиш керак – МБ

© Баходыр МамаджановЦентральный банк Республики Узбекистан
Центральный банк Республики Узбекистан - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.11.2022
Oбуна бўлиш
Марказий банк пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш учун иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилиши керак бўлган чоралар бўйича тавсиялар берди.
ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. 2023-2024 йилларда Ўзбекистонда хуфёна иқтисодиётни қисқартириш учун алоҳида корхона ёки тармоқларга берилган имтиёзларни тўлиқ танқидий хатловдан ўтказиш ва бекор қилиш орқали барча бозор иштирокчилари учун тенг имкониятларни яратиш зарур. Бу ҳақда Марказий банкнинг “Пул-кредит сиёсатининг 2023 йил ва 2024-2025 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари” шарҳида сўз боради.
МБ таҳлилларига кўра, келгуси йилларда пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш масаласи иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга ошириладиган қуйидаги чоралар билан чамбарчас боғлиқ бўлади:
Истеъмол бозорларида рақобат муҳитининг ривожланиши;
Хуфёна иқтисодиётнинг қисқартирилиши;
Банк тизимида трансформация ва хусусийлаштириш жараёнларининг жадаллаштирилиши.
Ўз навбатида, регулятор, истеъмол бозорларида рақобат муҳитининг ривожланиши учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлаб чиқилган қарор ва фармонлар инвентаризациядан ўтказиш, истеъмол товарлари импортида тариф ва нотариф чекловларни камайтириш, импорт географиясини кенгайтириш ва муқобил янги маршрутларни ишлаб чиқиш, темир йўл ва ҳаво транспорти хизматлари соҳаларига хусусий корхоналарни жалб этиш, монопол характерга эга корхоналар товар ва хизматлари нархларини шакллантириш механизмларининг шаффофлигини таъминлаш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ишларини тезлаштириш кераклигини қайд этган.
МБнинг қайд этишича, мамлакатда хуфёна иқтисодиётни қисқартириш бўйича стратегик йўналишларни белгилаш ва барча манфаатдор вазирлик ва идораларни сафарбар этган ҳолда, қуйидаги йўналишларда чораларни амалга ошириш зарур:
2023-2024 йилларда алоҳида корхона ёки тармоқларга берилган имтиёзларни тўлиқ танқидий хатловдан ўтказиш ва бекор қилиш орқали барча бозор иштирокчилари учун тенг имкониятларни ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратиш;
импорт товарларининг ички бозордаги улгуржи савдосини фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклида амалга оширилишини тўлиқ таъминлаш ва буни назорат қилиш учун импорт маҳсулотлари ҳаракати бўйича ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
солиқдан қочиш ҳолатларида жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, расмий иқтисодиётда ишлашни яширин иқтисодиётда фаолият юритишдан кўра манфаатли қилиш, бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш, барча ахборот воситалари орқали тушунтириш ишлари кўламини кенгайтириш;
юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларнинг банк ҳисобварақларига молиявий ёрдам ва қарз сифатида йўналтирилаётган маблағларга нисбатан жисмоний шахсларнинг даромад солиғига тортиш амалиётини жорий этиш, маблағлар тўлиқ қайтарилганда ушбу тушумларни солиқ базасидан чиқариш;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизими доирасида шубҳали мижозлар ва операцияларни олдиндан аниқлаш индикаторларини жорий этиш ва мониторингини кучайтириш.
Регулятор банк тизимида трансформация ва хусусийлаштиришни тезлаштириш учун 2023 йилда давлат улуши юқори бўлган йирик банкларни хусусийлаштириш жараёнини мантиқий якунига етказиш, ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда Асака банкдаги трансформация жараёнларининг фаол фазасига ўтиш зарур деб ҳисоблаяпти.
Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб иқтисодий фаолликни рағбатлантиришда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи ва молиявий ресурсларнинг самарасиз тақсимланишига сабаб бўлувчи имтиёзли кредитлаш (фоизлари бозор фоиз ставкаларидан паст бўлган кредитлар) ва директив кредитлаш (маҳаллий ҳокимлик органлари ва давлат идоралари томонидан кредитларни белгилаб бериш) усулларидан босқичма-босқич воз кечиш кераклигини таклиф қилмоқда.
Таъкидланишича, банк тизимида ажратилаётган кредитларнинг 60 фоизи директив асосда ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келмоқда ва айнан ушбу омил таъсирида тижорат банкларининг кредит портфелида муаммоли кредитлар улуши юқори даражада қолмоқда.
Янгиликлар лентаси
0