Ер ости сувларидан фойдаланувчилар ўз иншоотини ҳисоблагич билан жиҳозлаши шарт бўлади

© Sputnik / Виталий Белоусов / Медиабанкка ўтишОчистные сооружения Мосводоканала
Очистные сооружения Мосводоканала  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.12.2022
Oбуна бўлиш
Ер ости сувининг сатҳи 5 метрдан зиёд пасайган ҳудудларда қудуқлар бурғилаш ва ер ости сувларидан фойдаланишга мораторий жорий қилинади.
ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Ер ости сувларидан фойдаланувчиларга 2024 йил 1 январга қадар ўз тасарруфидаги иншоотларни сув ҳисоблагич билан жиҳозлаш мажбурияти қўйилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев танишган ер ости сувларини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ер ости сувларидан тартибсиз фойдаланиш оқибатида кўп жойларда ер ости суви камайиб кетмоқда. Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг айрим ҳудудларида унинг сатҳи 5 метргача пасайиб кетган.
Шунга қарамай, жойларда рухсатсиз қудуқлар бурғилаш, ер ости сувларидан назоратсиз ва ҳисобсиз фойдаланиш ҳамон давом этмоқда. Шу боис, президент кўрсатмасига мувофиқ, ер ости сувлари муҳофазасини кучайтириш ва ундан фойдаланишни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Унга кўра, ер ости сувининг сатҳи 5 метрдан зиёд пасайган ҳудудларда қудуқлар бурғилаш ва ер ости сувларидан фойдаланишга мораторий жорий қилинади.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда қудуқларнинг 90 фоизида ҳисоблагич йўқлиги сабабли ер ости сувлари сарфи тўғрисида аниқ маълумот тўплаш имкони бўлмаяпти.
“Шунинг учун ер ости сувларидан фойдаланувчиларга 2024 йил 1 январга қадар ўз тасарруфидаги иншоотларни сув ҳисоблагич билан жиҳозлаш мажбурияти қўйилмоқда”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ҳар бир қудуққа алоҳида эмас, балки қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш йўлга қўйилади. Сатҳи пасайиб кетаётган ер ости суви конларини тубдан қайта баҳолаш бўйича геология-қидирув ишлари амалга оширилади.
Ер ости сувларининг ҳолатини кузатиб бориш, хавфли геологик жараёнлардан муҳофаза қилишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида Давлат геологик мониторинг хизмати ташкил этилади.
Бу чора-тадбирлар ер ости сувининг камайиш жараёнини тўхтатиш ва бошқа ҳудудларда бундай ҳолат юзага келишининг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, сувдан ҳисобсиз фойдаланишга чек қўйиш, бу борада интизомни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Чучук сув манбаларини асраш ва аҳоли учун узоқ муддатга етадиган захира яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Янгиликлар лентаси
0