Ўзгидромет аномал совуқнинг сабабини маълум қилди

© Sputnik / СтрингерЗима в Ташкенте
Зима в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.12.2022
Oбуна бўлиш
Синоптиклар совуқ об-ҳаво қачонгача давом этишини маълум қилди.
ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Декабрь ойининг бошидан Ўзбекистон бўйича кузатилаётган жуда совуқ об-ҳаво Шимолий Евроосиёнинг деярли барча ҳудудларини эгаллаган жуда кучли антициклон билан боғлиқдир бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази матбуот хизмати хабар берди.
Мутахассисларга кўра, декабрнинг биринчи ўн кунлиги ўртасига келиб, республиканинг марказий ҳудудлари бўйича ҳаво ҳарорати кечалари -5...-7 даражагача, баъзи жойларда -10 даража, кундуз кунлари -3...-5 даражагача пасайди.
Энг қаттиқ совуқлар, одатдагидек, республиканинг шимолий ҳудудларида кузатилди. Қорақалпоғистон Республикасида ҳарорат кечалари -15...-20 даражагача, айрим шимолий ҳудудларда эса -22...-24 даражагача пасайди.
Совуқ об-ҳаво кейинги ҳафтанинг бошигача сақланиб туради. 9-12 декабрь кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати кечалари -5...-10 даража, кундуз кунлари 0...-5 даража, шимолда кечалари -17...-22 даража, 9-10 декабрда баъзи жойларда -24 даражагача, кундуз кунлари -4...-9 даража атрофида бўлади.
Шу кунларда ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати шу даврнинг иқлим меъёрларидан 7-12 даражага паст бўлади. Шундай қилиб, меъёр +4 даража бўлганда Тошкентда ўртача кеча-кундузлик ҳарорат -6...-8 даражани ташкил этади.
Таъкидланишича, декабрь ойида жуда совуқ об-ҳаво Ўзбекистон ҳудудида аввал ҳам кузатилган. Бундай қийматларгача ҳароратнинг пасайиши билан совуқнинг қисқа муддатли тўлқинлари деярли ҳар йили қайд этилади. 2-3 йил ичида тахминан 1 марта сезиларли даражадаги совуқлар ҳам кузатилган. Сўнгги 25 йил ичида декабрь ойида ҳароратнинг -10...-15 даражагача пасайиши, баъзи жойларда эса, ундан ҳам паст бўлиши Ўзбекистоннинг Марказий ҳудудларида 2002, 2003, 2006, 2007, 2010, 2012, 2014 йилларда қайд этилган.
Бундан олдинги йилларда янада ҳам кучли совуқлар кузатилган. Шундай қилиб, Тошкентда 1920 йилнинг декабрь ойи бошида термометр устуни -20 даражагача тушган. Тошкентда декабрь ойининг мутлақ минимал ҳарорати -29 даражани ташкил этади, ҳароратнинг бундай қиймати 1930 йил 20 декабрь куни кузатилган.
Бу йил декабрда мамлакат шимолида кузатилган совуқ ҳозирча янги рекордларни ўрнатмади. Республика шимолида энг совуқ йилларнинг декабрь ойида минимал ҳарорат -27...-30 даражагача пасайган. Айрим кечаларда ҳарорат баъзи жойларда ушбу сана учун энг паст қийматларгача пасайди, аммо бу ҳарорат рекорди бўлмади.
Янгиликлар лентаси
0