Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 74 фоизга етказилди

© Unsplash / Alex PerezВода, иллюстративное фото
Вода, иллюстративное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 17.01.2023
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон ичимлик суви ва оқава сув таъминотининг яхшилаш учун бюджет маблағларидан 3,3 триллион сўм ва халқаро молия институтлари маблағларидан 185,5 миллион доллар сарифлади - тафсилотлар.
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Ўзбекистон аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 74 фоизга етказилди. Бу ҳақда "Ўзсувтаъминот" Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, ўтган йили республикада жами 7 130,1 километр ичимлик суви ва 232,9 км оқова сув тармоқлари тортилди. Бунинг учун бюджет маблағларидан 3,3 триллион сўм ва халқаро молия институтлари маблағларидан 185,5 миллион доллар сарифланди.
Амалга оширилган ишлар натижасида республика аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 69,7 фоиздан 74,4 фоизга етказилди.
Шунингдек, оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражаси 17,2 фоиздан 18,9 фоизга етказилди. Сув ҳисоблагичлари билан таъминланганлик даражаси эса 64,3 фоизга тенг бўлди.
Қолаверса, Қорақалпоғистон Республикасида жами 90,5 кВт қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди. Сирдарё вилоятида 39 та қуёш фотоэлектр станциялари ҳамда қуёш панелларини ўрнатиш мақсадида умумий қиймати 220,46 миллион сўмлик шартнома имзоланди.
Самарқанд вилоятида 4 та, Сурхондарё вилоятида 3 та ҳамда Жиззах вилоятида 2 та сув иншоотларига қуёш панелларини ўрнатиш мақсадида тендер савдоларига тегишли эълонлар қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган коммунал хизматларни яхшилаш ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ҳисобот йиғилишида аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 74 фоизга етказиш маълум қилинган эди.
2023 йилги инвестиция дастури доирасида 3та янги қозонхона қуриш, 10тасини таъмирлаш ва иссиқлик тармоқлари тортиш режалаштирилган. Шу йилнинг ўзида 435 та объект фойдаланишга топширилади.
Шунингдек, Ўзбекистонда хорижий тажрибани ўрганган ҳолда Сув кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Янги қонун лойиҳаси сув муносабатларини комплекс ва тизимлаштирилган равишда ҳуқуқий тартибга солишни таъминлайди.
Янгиликлар лентаси
0