Ўзбекистон гимнастика бўйича ОЧ мусобақаларини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди

© Национальный олимпийский комитет УзбекистанаТахмина Икромова на турнире в Москве
Тахмина Икромова на турнире в Москве - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 17.01.2023
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда 2023-2024 йилларда гимнастиканинг барча йўналишлари бўйича Осиё чемпионатлари ўтказилади.
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Тошкент бадиий ва спорт гимнастикаси бўйича лицензион Осиё чемпионатларига мезбонлик қилади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Қатар пойтахти Доха шаҳрида 14-16 январь кунлари Осиё гимнастика иттифоқининг (AGU) навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирнинг биринчи куни 2023-2024 йилларда гимнастиканинг барча йўналишлари бўйича Осиё чемпионатларини ўтказишга номзод давлатлар масаласи кўриб чиқилди.
Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон гимнастика федерацияси мамлакатда мусобақаларни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ўзбекистонда ўтказиладиган мусобақлар:
Акробатика бўйича Осиё чемпионати – 2023 йил октябрь;
Спорт гимнастикаси бўйича XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионати – 2024 йил май;
Бадиий гимнастикаси бўйича XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионати – 2024 йил май;
Спорт гимнастикаси мураббийлари учун ўқув курси – 2023 йил;
Паркур мураббийлари учун ўқув курси – 2023 йил.
Шунингдек, конференцияда овоз бериш йўли орқали Раҳмон ал Шатри (Қатар) AGU президенти этиб қайта сайланди.
Ўзбекистон гимнастика федерациясининг қуйидаги вакиллари AGUда турли лавозимларга сайланишди:
AGUнинг бадиий гимнастика бўйича техник қўмитаси раҳбари – Гўзал Мўминова;
AGU вице-президенти, Марказий ва Жанубий минтақалар бўлими раҳбари – Тимур Абдувалиев;
Гимнастика ҳамма учун техник қўмитаси аъзолигига – Юлия Родимцева;
Эркаклар спорт гимнастикаси бўйича техник қўмита аъзолигига – Равшан Мирзаев;
Аёллар спорт гимнастикаси бўйича техник қўмита аъзолигига – Стелла Кошечкина;
Трамполин бўйича техник қўмита аъзолигига – Екатерина Хилько.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Япония AGUга аъзо 39 мамлакат орасида ташкилотда энг кўп вакиллари сайланган мамлакатлар бўлишди. Бундан ташқари, 4 минтақадан ташкил топган AGUнинг Марказий ва Жанубий ҳудудини Тимур Абдувалиев бошқаради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Ўзбекистонда гимнастика спорт турларини ривожлантиришга оид қарорни имзолаган эди. Унга кўра, Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида замонавий моддий-техника ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилади.
Янгиликлар лентаси
0