Ўзбекистондаги айрим уйларнинг фасад қисми базальт қопламага ўтказилади

© unsplash.com/Farhodjon ChinberdievВид города Ташкента
Вид города Ташкента - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.01.2023
Oбуна бўлиш
Бош вазир Абдулла Арипов аномал совуқ ҳаво шароитида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди.
ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Ўзбекистонда 31 мингта уйларнинг фасад қисми реновация асосида босқичма-босқич базальт қопламага ўтказилади. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, бугунги кунда республика бўйича жами 40 мингта кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлса, шундан 31 мингга яқини 1991 йилгача қурилган.
Шу боис, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда қуйидаги лойиҳаларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди:
31 мингта уйларнинг фасад қисмини реновация асосида босқичма-босқич базальт қопламага ўтказиш;
муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқ сув ва электр билан таъминлаш.
Шунингдек, эндиликда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Вазирлар Маҳкамасига янгидан қуриладиган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларига энергия самарадорлик даражаси юқори бўлган қурилиш материаллари ва жиҳозлардан фойдаланишни мажбурий тартибда киритади.
Бу борада энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам эътибор қаратиш кераклиги қайд этилди.
Маълумот учун, бугунги кунда республикада жами 13,2 минг тонна базальт хом ашёси ишлаб чиқарилмоқда. Бу йиллик эҳтиёж (5 млн м кв ёки 36 минг тонна) 30 фоизини ҳам ташкил этмайди.
Шу боис, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Ўзсаноқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда жойларда базальт хом ашёси ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, йил якунига қадар камида 5 минг тонналик қувват яратиши кераклиги таъкидланди.
“Ўзэлтехсанот” уюшмаси ҳам икки ой муддатда трансформаторлар, кабеллар, қуёш панеллари ва сув иситиш коллекторларини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.
Янгиликлар лентаси
0