Вазирлик ва идоралар сони қисқартирилди - президент фармони

© Sputnik / Дмитрий АстаховМужчина с портфелем
Мужчина с портфелем - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.01.2023
Oбуна бўлиш
Штатлар сонини қисқартириш ҳисобига 1,5 триллион сўм тежаб қолинади. Хизмат машиналаридан эса 70 млрд сўм тежалиши прогноз қилинмоқда.
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Ўзбекистонда вазирлик ва идораларда бюджет ва нобюджет маблағларидан молиялаштириладиган бошқарув ва ишлаб чиқариш штат бирликлари қисқартирилмоқда. Бу президент имзолаган 14-сонли фармонда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, жами 17 447 та бошқарув ва ишлаб чиқариш штат бирликлари қисқартирилмоқда. Шу жумладан, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўринбосарлари сони 207 нафардан 144 нафаргача (-63) ёки 30 фоизга камайтирилмоқда.
Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ, 703 та автотранспорт воситаси ва 10 та бино ҳам бўшамоқда.
Штатлар сонини қисқартириш ҳисобига 1,5 триллион сўм тежаб қолинади. Хизмат машиналаридан эса 70 млрд сўм тежалиши прогноз қилинмоқда.
Вазирлик ва идораларда ходимларнинг умумий чекланган сони 56 573 нафар этиб белгиланмоқда. Нобюджет маблағлардан қўшимча бошқарув штатларни киритиш қатъий тақиқланмоқда.

Энди вазирлик ва идоралар қандай тизим асосида ишлайди?

Ҳар бир вазирлик ва идора ўз фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкиллаштиради. Бунинг учун 16та йўналиш бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олган Ўзбекистон президентининг ҳужжати лойиҳасини киритади.
Таклифларда қуйидаги масалалар ўрин олади:
соҳаларда ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга ечим топишга йўналтирилган ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий чора-тадбирлар, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, фуқароларнинг тизимли муаммоларини ҳал этиш;
бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш;
тадбиркорлик субъектлари учун тенг имкониятлар яратиш орқали давлат харидлари жараёнида рақобатни ривожлантириш;
тегишли соҳаларда давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг механизмларини кенг жорий қилиш;
2023 йилдан бошлаб вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тизим ташкилотларининг айрим функцияларини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш;
тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш;
вазирлик ва идораларда ҳамда улар таркибига кирадиган ташкилотлар кесимида коррупция авж олган соҳаларда унинг ривожланиш сабаблари ва шартларини ўрганиш асосида ушбу соҳаларнинг ҳар бирига “ташхис қўйиш” ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш;
соҳага АКТни кенг жорий этиш, шу жумладан вазирлик ва идораларнинг иш жараёнини рақамлаштириш;
энергияни тежаш, унинг самарадорлигини ошириш ва соҳага қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жалб қилиш.
Фармон билан вазирлик ва идораларнинг ягона рўйхати тасдиқланмоқда. Унга кўра, ҳукуматга бўйсунадиган мустақил вазирлик ва идоралар сони жами 26 та этиб белгиланмоқда. Улар таркибига кирган барча қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар билан бирга жами 69 тага тенг.
Шундан:
вазирликлар – 21 та;
қўмиталар – 12 та, шундан 2 таси мустақил мақомга эга;
агентликлар – 25 та, шундан 3 таси мустақил мақомга эга;
инспекциялар – 11 та.
Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг ўзбек ва рус тилларидаги қисқартма номлари тасдиқланиб, уларни йиғилиш ва видеоселектор баёнлари, хизмат ёзишмалари, таҳлилий материалларда кўрсатиш мумкин бўлади.
Янгиликлар лентаси
0