Нима учун гепатит С "мулойим қотил" деб аталади — вирусолог билан интервью

© Sputnik/Анна ЖелиховскаяЭркин Мусабаев
Эркин Мусабаев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.06.2023
Oбуна бўлиш
Гепатит С асоратлари жигарда 25 йил сақланиб қолиши ва саратон ёки диабет келтириб чиқариши мумкин — вирусолог.
2021 йилда Ўзбекистонда вирусли гепатит С (ВГС)ни бартараф этиш бўйича миллий дастур ишга туширилди. Дастур мақсади – 2030 йилгача мамлакатда гепатит С билан касалланиш ҳолатларини йўқ қилиш. Ўзбекистонга бу борада Миср вирусга қарши дори воситалари етказиб бериш орқали ёрдам бермоқда.
2023-2024 йилларда бутун Ўзбекистон бўйлаб 5 миллионга яқин одам вирусли гепатит С ва В турлари бўйича тиббий кўрикдан ўтиши режалаштирилган. 140 мингга яқин бемор даволанади.
ВГСнинг хавфлилиги нимада, у одатда қандай инсонларга юқади ва қайси ҳолларда касалликни даволаш қийин – бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология институти директори Эркин Мусабаев Sputnik мухбирига маълумот берди.
— Эркин Исакович, вирусли гепатит С нинг хавфли хусусиятлари нимада?
- Бу касалликни “мулойим қотил” деб аташлари бежиз эмас, сабаби – касаллик юққанидан 20-25 йил кейин ҳам бемор жигари зарарланганлиги ҳақида билмаслиги мумкин. Жигар циррози бошланиши ва у саратонга айланиши мумкин ёки бошиданоқ саратон ривожланиши мумкин. Бу эса касалликнинг жиддий асорати бўлиб, у ҳеч қандай клиник кўринишларсиз кечади.
- Балким қандайдир ташвишга солувчи белгилари бордир?
Аниқ белгилар йўқ. Касалликнинг касалликнинг мураккаблиги ва хавфли хусусияти ҳам шунда. Аммо жиддий эътибор бериш керак бўлган аломатлари мавжуд – сурункали чарчоқ, анемия (масалан, тирноқлар парчалана бошлайди), жигар етишмовчилиги кучаяди, хусусан, билирубин, АЛТ ва АСТ кўрсатгичлари.
— Ўзбекистонда гепатит С билан касалланганлар сони қанча?
- Биздаги маълумотларга кўра, беморларнинг атиги 10 фоизи ўз касаллигидан хабардор, Ўзбекистоннинг катта ёшли аҳолисининг қарийб 3 фоизи гепатит С вируси ташувчиси ҳисобланади. Бу 600 мингга яқин беморни ташкил қилади. Бироқ, 85 минг бемор даволаниб тузалган.
- Гепатит С билан касалланган беморлар қандай даволанади? Диагностика ва даволаниш пуллими?
— Вирусли гепатит С даволанади. Бугунги кунда беморлар ташхисдан ўтиб, давлат ҳисобидан даволанмоқда. Вилоят юқумли касалликлар шифохоналари қошида ҳудудий гепатология марказлари фаолият юритмоқда.
Гуманитар ёрдам доирасида гепатит С ни даволаш учун дори-дармонлар – “Даклатасвир” и “Софосбувир” Мисрдан юборилади.
Айни пайтда биз беморларни фаол равишда қабул қилмоқдамиз ва иккала дори ҳам келтирилгандан сўнг, уларни ҳудудлар бўйича тарқатишни бошлаймиз.
Даволаш уч ой давомида бир вақтнинг ўзида иккита препаратни қабул қилишдан иборат. Касалхонага жойлашишга ҳожат йўқ. Ножўя таъсирлари деярли йўқ. 95-96% беморлар даволанганидан сўнг тузалади.
- Қандай ҳолатларда гепатит С ни даволаш қийин?
— Кечиктирилган босқичида ёки бир вақтнинг ўзида бир нечта касалликлар бўлса. Масалан, ортиқча вазн ва диабет бўлиши мумкин. Айтганча, гепатит С нинг ўзи қандли диабет касаллигига олиб келади. Бу унинг жигардан ташқари кўрсатиши мумкин бўлган хавфидир.
- ВГС ни аниқлаш учун қандай таҳлиллар топширилади ва натижани қанча вақт ичида олиш мумкин?
Таҳлил тезкор тўплам ёрдамида 100% аниқлик билан амалга оширилади. Бунинг учун бармоқдан бир томчи қон олиш етарли. Умуман олганда, мобил лаборатория ҳақида гап кетмоқда. Натижани 5-7 дақиқада оламиз. Барча натижалар компьютерлаштирилади ва дарҳол маълумотлар базасига киритилади. Шу йўсинда миллионлаб инсонлар касалликнинг ушбу шакли борасида тиббий кўрикдан ўтиши мумкин.
— Ўзбекистонда гепатит С ни тўлиқ бартараф этиш дастури амалга оширилмоқда. Бу жараён қандай кетмоқда?

Биринчидан, аҳолининг ушбу касаллик ҳақида хабардорлигини ошириш керак. Иккинчидан – скрининг тизимини ташкил қилиш зарур. Технология мавжуд, лекин уни жорий қилиш керак. Бутун мамлакат бўйлаб маълумотлар базасини яратиш даркор, биз бу билан икки йилдан бери шуғулланмоқдамиз.

Президент қарори доирасида 500 минг кишини текширувдан ўтказиш учун маблағ ажратилди. Аммо гуманитар ёрдам дори-дармонлари етарли бўлгани учун, энди биз йилига 2-3 миллион одамни кўрикдан ўтказиш даражасига эришмоқчимиз. Бу йил икки миллион, келаси йили уч миллион. Масала – ЖССТ 90-90-60 мақсадларига эришишдир. Бунинг учун беморларнинг 90 фоизини аниқлаш, уларни даволаш ва ВГС асоратлари натижасида содир бўлган ўлим даражасини 60 фоизга камайтириш керак.
Биз гепатит С бўйича тиббий кўрикдан ўтказиш билан бир қаторда, миллий дастур доирасида жигар саратони бўлган гепатокарцинома бўйича ҳам эрта скринингдан ўтказамиз. Чунки унинг асосий сабабчиси гепатит В ва С вируслари. Жорий йилнинг кузидан бошлаб шифокор-мутахассисларни ультратовуш диагностикасини ўтказиш бўйича тайёрлашни бошлаймиз. Бу Ганновер гепатология маркази билан ҳамкорликдаги йирик лойиҳадир. Кўпгина шифокорлар, гепатокарциномани дастлабки даволаб бўладиган босқичдалигида аниқлай олмайдилар.
— Қандай инсонларда касалликни юқтириш хавфи юқорироқ ва гепатит С юқиш йўллари қандай?
- Афсуски, биринчи бўлиб шифокорларда юқтириш хавфи катта. Бундан ташқари, кўпинча аёллар, масалан, косметологлар ва стоматологлар хизматларидан фойдаланиш жараёнида юқтириши мумкин. Аммо бугунги кунда гепатит С билан касалланган беморларнинг асосий гуруҳи 2000 йилларда касалланган беморлардир. Ҳозирда, ҳар ҳолда Тошкентда, янги касалланиш ҳолатлари анча кам.
Гап шундаки, ўша йилларда қон қуйиш амалиёти хавфли бўлган, текширув усулларининг сезгирлиги эса 60% дан ошмаган.
- Гепатит С ни қайта юқтириш мумкинми?
- Мумкин. Кўпинча буларга белгиланган тавсияларга амал қилмаган беморлар киради. Масалан, инъекцион гиёҳвандлик дардига йўлиққанлар. Яхшиямки, улар тобора камайиб бормоқда. Бир сафар беморда ҳатто мутант-вирусни аниқлаганмиз – бир вирус ҳали организмдан чиқиб кетмаган, иккинчиси эса аллақачон биринчи вирусни қоплаб олган эди. Бизда бу борада илмий мақоламиз ҳам бор. Лекин бу, албатта, истисно ҳолат.
Янгиликлар лентаси
0