Хизматлар эркин савдоси МДҲда қандай ўзгаришларга олиб келади

© Sputnik / Дмитрий Астахов / Медиабанкка ўтишВладимир Путин, архив сурат
Владимир Путин, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.06.2023
Oбуна бўлиш
Мутахассислар фикрига кўра, Ҳамдўстлик мамлакатлар аҳолиси арзонроқ нархда сифатлироқ хизматларга эга бўлиши мумкин бўлади.
ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Михаил Воробьёв. Ўтган ҳафта Сочида Арманистон, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон бош вазирлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида (МДҲ) Хизматларнинг эркин савдоси тўғрисида битим имзоладилар.
Ушбу ҳужжатни тайёрлаш ва мувофиқлаштиришга 11 йил вақт кетди. Унинг амалга оширилиши қандай ўзгаришларга олиб келиши борасида Sputnik мухбири мутахассислардан фикрларини сўради.

Янги шартнома нима учун керак?

МДҲда 2012 йилдан бошлаб эркин савдо зонаси тўғрисида келишув амалда бўлиб, унга кўра МДҲга аъзо давлатлар ўртасида товар айирбошлаш божхона тўловларисиз ва Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) қоидаларига мувофиқ амалга оширилади. Эндиликда хизматлар бўйича ҳам худди шундай битим тузилди.

Ҳужжат камида учта иштирокчи давлат томонидан ратификация қилинганидан кейин бир ой муддатдан сўнг кучга киради. Бошқа давлатлар учун – ратификация қилинганидан 30 кун ўтиб кучга киради. Жараён тахминан бир йил муддатни талаб қилади.
Шартнома икки бобдан иборат. Биринчи бобда транспорт, ҳуқуқий, консалтинг, молиявий, қурилиш ва бошқа хизматлар бозорларига чиқиш шартлари ифодаланган.
Иккинчи бобда, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасига боғлиқ бўлган компанияларни бошқа мамлакатларда таъсис қилиш имкониятлари ҳақида сўз боради.
Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников таъкидлаганидек, бу бошқа давлатлар бозорига киришга, компанияларни эркин ташкил этишга, сармоя киритишга, фаолият юритишга ва саноат кооперациясини ривожлантиришга интилаётган Россия бизнеси учун ниҳоятда муҳим, деб хабар беради департамент матбуот хизмати.
Вазирнинг сўзларига кўра, айнан иккинчи боб бўйича энг кўп муҳокамалар бўлган, чунки ҳар бир давлат бу соҳада муайян чекловларни сақлаб қолиш тарафдоридир.
“Биз “фақат рухсат берилган нарсага рухсат берилади” тамойилидан “тўғридан-тўғри тақиқланмаган ҳамма нарсага рухсат берилади” тамойилига ўтдик. Ҳар бир давлат тақиқларнинг тўлиқ рўйхатини тузди, уларнинг барчаси битимда белгилаб қўйилган”, — дея таъкидлади вазир.
Шу тариқа, Россия стратегик компанияларга, Тожикистон – тоғ-кон саноатига, Ўзбекистон – атом энергетикаси, электроэнергетика ва машинасозлик соҳаларига хорижий сармояларни чеклаш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Битим натижалари

Сочидаги битимнинг имзоланиши моҳиятан МДҲ доирасида ягона хизматлар бозорини яратишни англатади, маълум қилди Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар институти директори Алексей Зубец Sputnik мухбирига.
"Агар бу битим мажбурий характерга эга бўлса ва Россия учун постсовет ҳудудида хизматлар бозори эшиклари очиқлигини тасдиқласа, бу жуда катта ютуқ", – фикр билдирди Зубец.
Мутахассиснинг фикрига кўра, Россия Федерацияси МДҲ бозорларида асосий ўйинчига айлана олади, чунки Ҳамдўстлик давлатларнинг ҳеч бирида Россиянинг энг йирик компаниялари билан имкониятлар, жумладан, молия ва инвестиция борасида тенг кела оладиган компаниялар йўқ.
“Постсовет ҳудудида Сбербанк билан тенг кела оладиган компаниялар йўқ. Мисол учун, суғурта бозорини оладиган бўлсак, "Ингосстрах", "Росгосстрах", "Альфа-страхование" – булар жаҳон даражасидаги тузилмалардир. Улар бошқа ҳеч қайси маҳаллий компания кўрсата олмайдиган хизматларни кўрсатиши мумкин”, — деди Зубец.
Унинг фикрича, келишув имзоланиши МДҲ давлатларининг оддий аҳолиси ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши керак.
“Бу аҳоли учун яхши. Улар арзонроқ ва сифатли хизматларни олишади”, - дея қайд этди мутахассис.
Охир оқибат, истеъмолчи мавжуд тўсиқларнинг заифлашишидан фойда кўради: рақобат кучаяди, бу эса юқори сифат ва нархларнинг пасайишига олиб келади, дея қўшимча қилди Макроиқтисодий таҳлил ва қисқа муддатли прогнозлаш маркази реал сектор йўналиши раҳбари Владимир Сальников Sputnik мухбири билан суҳбатда. Бу айнан қайси соҳаларда содир бўлади – Владимир аниқ жавоб бермади.
Шу билан бирга, мутахассис МДҲ мамлакатлари иқтисодиёти кўламидаги сезиларли фарқлар шароитида рақобатни сақлаб қолиш зарурлигига ҳам эътибор қаратди.
“Агар турли даражадаги давлатлар савдони бошласа, у ҳолда йирик давлат рақобатда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни сиқиб чиқариши мумкин. Бу ҳолат яхши эмас ва уни алоҳида тартибга солиш керак”, – деди у.

Ўзаро манфаатли алмашинув

Россия Федерацияси компанияларининг МДҲнинг бошқа мамлакатлари бозорига кириши осонлашади ва уларга хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга ёрдам беради, деб тушунтирди Россия давлат гуманитар университетининг постсовет мамлакатлари кафедраси мудир ўринбосари Александр Гущин Sputnik мухбирига.
“Бошқа томондан, Россия компаниялари қўшни давлатлар хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Бу, айниқса ҳозирги кунда, логистика ўзгариб бораётган шароитда жуда муҳим”, — таъкидлади мутахассис.
Унинг сўзларига кўра, хизматларнинг эркин савдоси тўғрисидаги битимнинг ижроси банк, транспорт, омбор ва логистика соҳаларининг мустаҳкамланишига олиб келиши керак.
– Битим барча МДҲ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг ўсишини, шунингдек, ўзаро инвестициялар ҳажмининг ошишини, ишлаб чиқариш алоқаларининг ривожлантиришини рағбатлантириши ва энг муҳими, ушбу иттифоқ доирасида янги нархларни белгилаш занжирларини шакллантиришга хизмат қилиши керак. Бу ҳақда Sputnik мухбирига Г.В. Плеханова номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Иқтисодиёт назарияси кафедраси доценти Екатерина Новикова маълум қилди.
2021 йилда Россия МДҲ мамлакатларига 8 миллиард долларлик хизматлар экспорт қилган, бу эса барча хизматларнинг 11 фоизини ташкил қилади, дея маълумот берди Новикова.
“Албатта, бундай битимни тузиш МДҲга аъзо давлатларнинг қонунчилигини бирлаштиришни талаб қилади, шунда оддий фуқаролар учун бир хил хизматлардан фойдаланиш, барча турдаги божхона тўловлари ва тарифлар ҳисобга олган ҳолда ҳам фойдали бўлади”, — дея қўшимча қилди мутахассис.
Янгиликлар лентаси
0