“Тиббий суғурта, генетик тест, янги стипендия: 1 июлдан нималар ўзгаради

© pexels.com/Anete LusinaТақвим, архив сурат
Тақвим, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.06.2023
Oбуна бўлиш
Никоҳдан ўтувчи шахслар учун молекуляр-генетик тест жорий этилади, айрим тадбиркорлар ишчиларининг даромад солиғи қайтариб берилади - батафсил мақолада.
ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Ўзбекистон қонунчилигида 2023 йил 1 июлдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради.
Никоҳдан ўтувчи шахслар учун молекуляр-генетик тест
Никоҳдан ўтувчи шахслар ўз ҳисобидан Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий марказларига ташриф буюриш орқали Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказининг лабораториясида молекуляр-генетик тестдан ўтказилади.
Бунда, спинал мушак атрофиясининг ген ташувчилиги тасдиқланган никоҳланувчи шахсларнинг маълумотлари Ягона миллий регистрга киритиб борилади.
Пойтахтда давлат тиббий суғуртаси жорий этилади
Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилади. Навоий ва Сирдарё вилоятларида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни бериш электрон шаклда амалга оширилади.
Айрим турдаги дорилар сертификатлаштирилмайди
1 июлдан референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган дори воситаларини сертификатлаштириш тақиқланади.
Айрим тадбиркорлар ишчиларининг даромад солиғи қайтариб берилади
2024 йил 1 июлгача иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлар томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилинганда тадбиркорларга қайтариб бериш тартиби жорий этилади:
ҳар бир 5 сотих ер майдони учун ойига камида 1 нафар ишчининг бандлигини таъминлаш;
ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган (980 минг сўм) миқдорда белгилаш;
иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан иссиқхона фаолияти бўйича олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этиши.
Давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарлари танлов асосида тайинланади
Давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбари ва унинг ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) танлов асосида амалга оширилади, бундан президент қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
Давлат органлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар маъмурий биноларидан ходимлар учун белгиланган меъёрдан келиб чиқиб, самарали фойдаланиш тартиби жорий этилади.
Айрим тезкор-қидирув эскпресс текшириш ўша жойнинг ўзида қўлланилади
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар қуйидаги ҳолатларда:
гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатни қайд этишда аниқланган модда (буюм)нинг гиёҳванд воситасига тааллуқли эканлигига шубҳа пайдо бўлганда;
аниқланган модда (буюм)ни гиёҳвандлик воситаларининг қайси турига мансублиги бўйича савол туғилганда;
гиёҳвандлик воситаларининг янги турлари аниқланганда;
тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда аниқланган валюта намунаси қалбаки эканлигига шубҳа пайдо бўлганида;
тезкор-қидирув тадбирлари давомийлигини таъминлаш зарурати юзага келганда, тезкорликни амалга ошириш ҳамда тегишли вақтни тежаш мақсадида мазкур модда (буюм) ёки валюта намуналарини улар аниқланган жойнинг ўзида ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биносида экспресс текшириш техник воситалари ёрдамида текширади.
Етказиб бериш бўйича шартномалар “Шаффоф қурилиш” тизими орқали тузилади
Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали тузилади.
Айрим вино маҳсулотларига акциз маркаси ёпиштирилмайди
1 июлдан кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмайди.
Нодавлат футбол муассасаларига футбол ассоциацияси аъзоси бўлиш талаби қўйилади
Нодавлат футбол муассасалари учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси аъзоси бўлиши талаби ўрнатилади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан нодавлат футбол муассасаларининг рейтинги юритилади.
“Яшил энергия” сертификатини бериш бошланади
Электрнинг қайта тикланувчи манбалар асосида ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи “яшил энергия” сертификати тизими “Ўзбекгидроэнерго” АЖдаги гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр учун жорий этилади.
Давлат органлари АКТ ходимларининг малакаси оширилади
Давлат органларининг АКТ соҳасига масъул ходимларининг 3 йилда бир марта малакасини ошириш йўлга қўйилади.
“Жамоатчилик экология назоратчиси” тизими жорий қилинади
Шунингдек, чиқинди полигонларини хусусийлаштириш тақиқланади. “Чиқиндиларни оммавий йиғиш” (O‘zPlogging) умуммиллий ҳаракати ташкил этилади. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун вужудга келган қарздорликни мажбурий тартибда ундириш учун судга даъво аризалари санитар тозалаш хизматларини кўрсатувчи корхоналар томонидан киритилади.
Айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади
Жаҳон савдо ташкилоти қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади.
Ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва курьерлик харажатларининг бир қисми қоплаб берилади
Ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари сифатида жўнатиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг (жўнатиш харажатларисиз) 50 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.
Давлат мулки бўлган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиш учун фақат Миллий каталог ва Реестрга киритилган ҳунармандларга электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартиби жорий этилади.
Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги стипендияси жорий этилади
Бунда стипендия миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари этиб белгиланади. Мазкур стипендия тайинланган спортчиларга президентнинг тегишли қарорида белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқи берилади.
Янгиликлар лентаси
0