Академик лицей, коллеж ва ОТМга кириш тартиби ўзгаради — янги қарор

© Давлат тест маркази Чет тилини билиш даражасини аниқлаш тест синовлари
Чет тилини билиш даражасини аниқлаш тест синовлари  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.07.2023
Oбуна бўлиш
Энди ОТМга кириш имтиҳонларини топшириш “аввал тест, сўнг танлов” тамойили асосида ташкил этилади. Шунингдек, академик лицейларга ўқувчиларни қабул қилишда ёзма имтиҳон бекор қилинади.
ТОШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йилидан олий таълим муассасаларига (ОТМ) кириш имтиҳонларини топшириш “аввал тест, сўнг танлов” тамойили асосида ташкил этилади. Бу ўзгаришлар президент томонидан имзоланган ПҚ–200-сонли қарорда назарда тутилган.
Абитуриентларга тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси, таълим йўналиши ва шаклини танлаш имконияти яратилади. Шунингдек, умумтаълим фанларидан халқаро имтиҳон натижалари бўйича сертификатлар давлат ОТМга қабул қилишда инобатга олинади.
2023/2024 ўқув йилидан:
академик лицейларга ўқувчиларни қабул қилишда ёзма имтиҳон асосида дастлабки саралаш босқичи бекор қилинади;
коллеж ва техникумларнинг таълим дастурларига давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари 2 бараварга оширилади;
абитуриентларга “давлат гранти” ёки “таълим йўналиши” устуворликларидан бирини танлаш ва танлаган устуворлиги бўйича бакалавриат таълим йўналишлари кетма-кетлигида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, талабанинг таълим йўналишига мос стартап лойиҳаси ҳамда рационализаторлик ғоясини битирув малакавий иши ва магистрлик диссертацияси сифатида ҳимоя қилиш амалиёти жорий этилади.
Олий таълим муассасалари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган қисқа муддатли мақсадли ишлаб чиқариш амалиётлари ташкил этилади.
Қарорга кўра, олий таълим дастурлари халқаро рейтингда юқори 200 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотлари дастури асосида қайта ишлаб чиқилади.
Таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш тизими жорий этилади.
Бунда:
комплекс давлат аккредитацияси ҳар 4 йилда таълим ташкилотларини ташқи баҳолаш натижалари асосида ўтказилади;
лицензияси бекор қилинган таълим ташкилоти ёки ёпилган таълим дастурида ўқиётган талабаларга ўқишини давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг мос ва турдош таълим йўналишлари ва мутахассисликларига кўчириш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.
Бунда:
Вазирлик томонидан тан олинган халқаро рейтинг ташкилотларининг биринчи 1 000 таликка кирган олий таълим ташкилотлари навбатдаги комплекс давлат аккредитациясидан озод қилинади.
Олий таълим ташкилотларининг рейтинги таълим ташкилотининг фаолияти ва таълим жараёнига аралашмаган ҳолда маълумотларни ахборот тизими орқали олиш йўли билан юритилади.
2024 йил 1 январдан рейтинг давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари бўйича умумий аниқланади. Сўнгги 5 йил давомида рейтингда биринчи 10 талик ўринни эгаллаган олий таълим ташкилотлари навбатдаги комплекс давлат аккредитациясидан озод қилинади.
2025 йил 1 январдан:
нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси асосида кадрлар тайёрлаш бўйича квота уларнинг рейтингдаги ўрнига мувофиқ ажратилади;
олий таълим ташкилотларининг таълим соҳалари кесимидаги рейтингини юритиш йўлга қўйилади.
Янгиликлар лентаси
0