Сайлов жараёнларида жиддий қонунбузилиш ҳолати аниқланмади – Бош прокуратура

© Бош прокуратура матбуот хизматиБош прокуратура
Бош прокуратура - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.07.2023
Oбуна бўлиш
Бош прокуратура: бугунги сиёсий тадбирнинг тинч ва осойишта ўтказилиши, жамоат тартибининг сақланиши қатъий назоратга олинган.
ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Сайлов жараёнларида унинг натижаларига у ёки бу тарзда таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бирон-бир жиддий қонунбузилиши ҳозирги вақтга қадар аниқланмади. Бу ҳақда бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида ўтказилган брифингида маълум қилди.
Қайд этилишича, ходимлар прокуратура органларининг барча бўғинларида ташкил этилган 24 соатлик узлуксиз навбатчиликда хизмат қилмоқда, улар сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш ишларига тўлиқ жалб этилган.

"Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, мамлакатдаги вазият ҳақида реал вақт режимида ахборот алмашилмоқда", - деди у.

Унинг сўзларига кўра, бугунги сиёсий тадбирнинг тинч ва осойишта ўтказилиши, жамоат тартибининг сақланиши қатъий назоратга олинган.

"Соат 15-00 га қадар прокуратура органларига сайлов жараёнида шу кунга қадар фуқаролардан 250 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларда асосан сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий тушунтириш сўралган. Ҳуқуқбузарликларга оид хабарлар ва мурожаатлар келиб тушмади", - дея қўшимча қилди Аминов.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 9 июль куни, муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови бўлиб ўтмоқда.
Унда президентликка 4та партиядан қуйидаги номзодлар иштирок этмоқда: Экопартиядан Абдушукур Ҳамзаев, Халқ-демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, "Адолат" социал-деморкатик партиясидан Робахон Маҳмудова, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев. Номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 7 июндан 7 июлга қадар давом этди.
Сайловда овоз бериш учун Ўзбекистон бўйича жами 10784 та сайлов участкаси ташкил этилган. Уларнинг фаолиятини 266 нафар сайлов комиссияси аъзоси назорат қилиб боради.
Бундан ташқари айни дамда хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари учун дунёнинг 39та давлатида 56 та сайлов участкаси ташкил этилган.
Россиянинг 7 та шаҳрида сайлов участкалари тузилган. Улар Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси, Санкт-Петербург, Ростов-Дон, Екатеринбург, Қозон, Новосибирск, Владивостокдаги бош консулхоналарида ташкил этилган.
Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни 28 июндан 5 июлга қадар бўлиб ўтди. Унда сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган 376 мингдан ортиқ фуқаролар иштирок этди.
Ўзбекистон президенти сайловини юзлаб хорижлик кузатувчилар ва мингдан ортиқ журналистлар кузатиб бормоқда. Хусусан, хорижий давлатлар ва нуфузли ташкилотлардан келган 797 нафар кузатувчи ва 1400 нафар маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилган.
Сайлов бюллетенлари давлат тилида, шунингдек округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан, муайян округ аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда чоп этилган. Шунингдек кўзи ожизлар учун Брайл алифбосида тайёрланган махсус трафаретлар ҳар бир сайлов участкасига етказиб берилади.
Ўзбекистонда Сайловчилар ягона электрон рўйхатига (СЯЭР) жами 19 млн 593 минг 838 нафар фуқаро киритилди. Шулардан 47 фоизини эркаклар, 53 фоизини аёллар ташкил этади. 30,1 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат. Хорижий мамлакатларда тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатидан жами 323 минг 626 нафар сайловчи жой олди.
Янгиликлар лентаси
0