Швецияда Қуръонни ёқиш нима учун тақиқланмаслиги маълум қилинди

© AFP 2023 / Ibrahim AmroҚуръонни ёқишга қарши акция иштирокчилари. Архив сурат.
Қуръонни ёқишга қарши акция иштирокчилари. Архив сурат. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.08.2023
Oбуна бўлиш
Швеция конституция туфайли Қуръонни ёқишни тақиқлай олмайди.
ТОШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. Швеция ҳукумати Дания мисолида диний китобларни ёқишни тақиқлашни режалаштирмаяпти, чунки бунинг учун конституцияни ўзгартиришга тўғри келади. Бу ҳақда Швеция Бош вазири Улф Кристерссон маълум қилди, деб ёзмоқда Sputnik радиоси.
“Ўткир таҳдидларга дуч келган ҳар бир давлат уларга қарши курашишнинг ўзига хос усулини танлайди. Мен Даниянинг ҳозир қилаётган ишларини жуда ҳурмат қиламан. Дания билан бир хил қилиш учун конституцияга ўзгартириш киритиш керак бўлади, шунинг учун бу Швеция учун энг маъқул йўл эмас”, дея Кристерссондан иқтибос келтирди SVT телеканали.
Ўз навбатида, швед мухолифати етакчиси Магдалена Андерссон Даниянинг қарори Швециядаги вазиятни янада оғирлаштиради, деган фикрни билдирди.
“Ҳозиргача Қуръон билан бўлган ушбу инқирозда Швеция ва Дания бир-бирини қўллаб-қувватлай олиши мумкин эди. Данияликлар ўз қонунларини ўзгартирганда, биз ёлғиз ва жуда заиф вазиятда қоламиз. Дунёнинг нигоҳи бизга қаратилади”, - деди Андерссон.
Унинг таъкидлашича, у ҳукуматдан Швеция халқи хавфсизлигини қандай кафолатлаши ҳақидаги тушунтиришни эшитишни хоҳлайди.
Шу билан бирга, Андерссон "Дания таклифи тўғри йўл" эканлигига ишончи комил эмас.
"Биз эндигина ушбу қонун лойиҳасини кўрдик, шунинг учун қарор қабул қилишга ҳали эрта", деб тушунтирди сиёсатчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Инсон ҳуқуқлари кенгаши Қуръон ва бошқа муқаддас китобларни ёқиб юборишни қораловчи резолюция қабул қилди. Ҳужжатни ёқлаб 28 та давлат овоз берган, 12 та давлат қарши чиққан. 7 та давлат эса бетараф қолган. Резолюцияни қўллаган мамлакатлар орасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Жазоир, Аргентина, Хитой, Ҳиндистон, Куба ва ЖАР каби мамлакатлар бор. Бельгия, Буюк Британия, Германия, Коста-Рика, Литва, Люксембург, Руминия, АҚШ, Финляндия, Франция, Черногория, Чехия қарши овоз берган.
Шавкат Мирзиёев Швецияда Қуръони карим ёқиб юборилганини ёвуз ҳаракат деб атади ва кескин қоралади. Мирзиёвнинг сўзларига кўра, ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди.
Россия президенти Владимир Путин маълум қилишича, Россияда Қуръонга нисбатан ҳурматсизлик, бошқа айрим мамлакатлардан фарқли ўлароқ, жиноят саналади ва Россия бу қонунчилик қоидаларига ҳамиша риоя қилади.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбиннинг сўзларига кўра, Хитой Қуръоннинг ёқиб юборилишини кескин қоралайди ва исломофобиянинг ҳар қандай кўринишига қарши чиқади.
Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар исломий рамзларни ҳақорат қилиш бўйича такрорий ҳаракатларга чек қўйиш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақирган эди.
Янгиликлар лентаси
0