ЎзМУда Москва давлат унивeрситeти билан ҳамкорликда стратeгия кафeдраси ташкил этилади

© Пресс-служба Национального университета Узбекистана имени Мирзо УлугбекаНациональный университет Узбекистана имени Мирзо Улугбека
Национальный университет Узбекистана имени Мирзо Улугбека - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.09.2023
Oбуна бўлиш
Ташкил этилаётган стратегия кафедрасини илмий раҳбар сифатида машҳур россиялик академик Владимир Квинт бошқаради.
ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетида (ЎзМУ) М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети (МГУ) билан ҳамкорликда стратeгия кафeдраси ташкил этилади. Бу ҳақда ЎзМУ ахборот хизмати хабар берди.
Университет ректори Иномжон Мажидов Россия стратегия мактабининг асосчиси, стратегия назарияси ва стратегиялаш методологияси бўйича дунёдаги энг йирик мутахассис, академик Владимир Квинт билан учрашди ва олийгоҳда стратегия кафедрасини яратиш ғоясини қўллаб-қувватлади.
“ЎзМУ стратегия кафедрасининг услубий ва илмий-педагогик базасини шакллантириш учун Ломоносов номидаги Москва Давлат университетининг 17 йилдан бери муваффақиятли фаолият юритиб, профессионал стратеглар авлодини тайёрлаб келаётган кафедраси тажрибасидан фойдаланишга қарор қилинди”, - дейилган хабарда.
Квинт Ўзбекистонда ташкил этилаётган стратегия кафедрасини илмий раҳбар сифатида бошқаришга тайёрлигини тасдиқлади. Академик Квинт томонидан ишлаб чиқилган стратегия назарияси ва стратегиялаш методологияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида ва сўнгги 15 йил ичида Россияда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш амалиётида ҳам, ўқув жараёнларида ҳам муваффақиятли қўлланилмоқда.
Амалий стратегияларни ишлаб чиқиш ва стратегияни фан сифатида ишлаб чиққани учун Квинт бир қатор мукофотлар, жумладан, "Дўстлик" ордени билан тақдирланган, “Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: Тузукларга шарҳлар” фундаментал илмий иши учун эса 2023 йил 25 августда Ўзбекистон давлат мукофоти билан тақдирланган. Россия президенти Владимир Путин Владимир Квинтнинг хизматларини эътироф этиб, юксак давлат мукофоти – Александр Невский ордени билан тақдирлаган.
Профессионал стратегларни тайёрлаш дастури стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнининг турли жиҳатларини очиб берувчи услубий асослардан тортиб тармоқ, ҳудудий, корпоратив стратегия, стратегик етакчилик ва инсон ресурсларини стратегик бошқариш каби 35 та фанни ўз ичига олади.
Стратегия кафедраси дастури бўйича таҳсил олувчи талабалар иқтисодий, молиявий ва технологик стратегия асослари бўйича тўғридан-тўғри ушбу илмий мактаб асосчисидан, шунингдек, миллий, тармоқ, ҳудудий ва корпоратив даражадаги минтақавий стратегияларни ўқитиш ва ишлаб чиқиш тажрибасига эга бўлган етакчи мутахассислардан сабоқ олиш имкониятига эга бўладилар.
Таъкидланишича, стратегия кафедрасининг ташкил этилиши давлат хизмати учун ҳам, мамлакатдаги компаниялар учун ҳам профессионал стратегларни тайёрлаш бўйича ЎзМУни Ўзбекистонда етакчига айлантиради.
Янгиликлар лентаси
0