Кузда аллергик касалликлар кучайишига қандай омиллар таъсир қилади — шифокор жавоби

© Sputnik / Иван Макеев / Медиабанкка ўтишДевушка стряхивает с себя тополиный пух
Девушка стряхивает с себя тополиный пух - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.09.2023
Oбуна бўлиш
Мавсумий аллергия нафақат баҳор ва ёз мавсуми, балки куз фаслида ҳам кузатилади.
ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Агар сентябрь, октябрь, ноябрь ойлари ҳам нисбатан иссиқ келиб, ёғингарчик бўлмаса, ўсимлик чангчалари ўз аллергик хусусиятини сақлаб қолади. Бу ҳақда Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори Илмира Разикова маълум қилди.
Мавсумий аллергия нафақат баҳор ва ёз мавсуми, балки куз фаслида ҳам кузатилади. Салқин кунлар бошлангач, замбуруғ спораларининг ёмғирдан кейин ҳавога юқори концентрацияда кўтарилиши натижасида замбуруғга нисбатан аллергик ҳолатларнинг оғир формалари учрайди.
Бундан ташқари, уй чанги ва ит, мушук сингари ҳайвонлар юнги ҳам симптомларни келтириб чиқарувчи муҳим аллергенлар ҳисобланади.
Жумладан, куз ойларида замбуруғ споралари энг кўп учрайдиган манба — дарахт ва буталардан тўкилган япроқлардир. Бундан ташқари, аллергенлар зах ёки моғорлаган хоналар ҳамда ертўлаларда ҳам кузатилади.
“Бунинг олдини олиш учун хонадонингиз ҳовлиси ёки боғ ва айвонларингизни, қолаверса, тарнов ва мўриларни тўкилган барглардан тозалаш зарур. Қолаверса, ҳаммом ва ошхонани моғорлардан холи тутиш тавсия этилади. Шунингдек, хона ичидаги намлик даражасини камайтириб, уни 25-50 фоизгача сақлаш муҳим”, — дейилади хабарда.
Салқин об-ҳаво муҳити уй чангларининг кўпайиши учун ҳам қулай. Бундай шароитда аллергенлар концентрацияси ортиб, аллергик ринит, конъюнктивит ёки астма белгилари кучаяди. Бу, айниқса, яхши исимайдиган ва зах хоналарда кўпроқ кузатилади.
Аллергияни қўзғатувчи яна бир манба — уй ичидаги чанг тўпловчи жиҳоз ва анжомлар — гилам ва тўшамалар, ёстиқлар, девор қопламалари, юмшоқ мебеллар ва ўйинчоқлар ҳамда китоблардир.
Мавсумий аллергияга мойил одамларнинг тахминан ярми уй ҳайвонлари юнгидан азият чекади. Бундай вазиятда аллергик реакциялардан бутунлай холи бўлиш имконсиз. Бироқ хоналарни тез-тез тозалаш ва шамоллатиб туриш орқали симптомларни камайтириш мумкин.
Аллергия белгилари кузатилган беморлар ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилишлари тавсия этилади. Хусусан, Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказида бундай касалликларга илғор диагностика усуллари ва замонавий тиббий технологиялар орқали аниқ ташхис қўйиш ҳамда самарали даволаш йўлга қўйилган.
Янгиликлар лентаси
0