Муқимий — биография

© ziyouzМуқимий
Муқимий - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.10.2023
Oбуна бўлиш
Муқимий - ХIХ аср ўзбек адабиётининг энг йирик намояндаларидан, ўз ижоди билан жаҳон адабиётшунослигида “девон адабиёти” деб номланадиган Шарқ адабиётининг давомчиларидан бири.
Таржимаи ҳоли
Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли Муқимий 1850 йили Қўқон шаҳридаги Беквачча маҳалласида новвой оиласида туғилди. Отаси Мирзахўжа асли тошкентлик, онаси Бибиойша хўжандлик бўлиб адабиёт ва санъатни улуғловчи, сўзга уста аёл бўлган. Уни яқинлари “Хуморбиби” деб атаган. Ёш Муҳаммад Аминхўжанинг шеъриятга ихлос қўйишига онаси сабабчи бўлган. У дастлаб эски мактабда хат-савод чиқаргач, 1864 йилдан Қўқон шаҳридаги “Ҳоким ойим” мадрасасада таълим олди. Сўнгра, 1872-1873 йилларда Қўқон мадрасасани битириб, Бухорога йўл олади. 1876 йилгача Бухоро мадрасаларидан бирида таҳсил олиб, Қўқонга қайтади.
Муқимий ҳаётининг сўнгги йиллари касалликда кечади. Қулоқ ва жигар хасталиги шоирни қийнаб қўяди. 1902 йилнинг 16 декабрида Андижонда бўлган даҳшатли зилзила бутун шаҳарни бир зумда вайронага айлантиради. 4652 кишининг ёстиғини қуритади. Шоир бундан қаттиқ изтиробга тушади. Офат оқибатларини Андижонга бориб ўз кўзлари билан кўради. Унга атаб таърих-марсия битади ва унда офат сабабларини ўз ақидасига кўра жамият ахлоқи билан боғлайди. Айрим одамларнинг феъл-атвори ёмонлашишидан кўради. Шеър шоир ўлимидан бир ой олдин “Туркистон вилоятининг газети”да чоп этилади. Муқимий 1903 йилнинг 25 майида Қуқон шаҳрида 53 ёшида оламдан ўтади.
Фаолияти
1877 йили Муҳаммад Аминхўжа Қўқондаги ер қурилиши маҳкамасига мирзалик вазифасига ишга киради. Ер ўлчовчи амалдорларнинг ҳийла-найрангларини гувоҳи бўлади ва бу тўғрисида машҳур “Танобчилар” ҳажвиясини ёзади. Сўнг Сирдарё бўйидаги Оқжар паромида паттачи бўлиб ишлайди. Бу ердаги аҳвол ҳам шоирга ёқмайди. 70-йилларнинг охирларидаёқ паттачиликни йиғиштириб, Қўқонга қайтади. “Муқимий” (турғун, туриб қолган) тахаллусида шеърлар ёзиб, бутунлай ижодга берилади.
Муқимий 1887-1888 йилларда Тошкентга келади, ота қариндошлари билан учрашади. Алмаий, Нодим Намангоний билан танишади. Улар билан яқиндан алоқа ўрнатади.
Ижодий йўли
Муқимийнинг ижодий мероси 10 минг мисрадан иборат бўлиб, улар асосан лирика ва ҳажвиётдан иборат. Муқимий табиатан сўзга чечан, ҳозиржавоб бўлиб, ўзбек ва тожик тилида бемалол ижод қила оларди. Унинг энг сара лирик шеърларидан бири шубҳасиз, “Навбаҳор”дир. Навбаҳор - янги баҳор, уйғониш фасли дегани. Тириклик нишонаси, табиатнинг узоқ машаққатли қишдан кейинги қайта жонланиши, қорлар эриб, чор атроф яшиллик билан қопланади. Шоир бу манзарадан тўлқинланади, завқ-шавқ олади. Тирикликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини ҳис этади:
Навбаҳор! Очилди гуллар, сабза бўлди боғлар!
Суҳбат айлайлик, келинглар, жўралар, ўртоғлар!
Хуш бу маҳфилда тириклик улфату аҳбоб ила,
Ўйнашиб, гоҳе табиатни қилайлик чоғлар!...
Лекин, афсуски, замона – зўрники. Ақлли, доно кишилар хор, булбул ўрнини қарға (зоғ)лар олган:
Ҳайфким, аҳли тамиз ушбу маҳалда хор экан,
Олдилар ҳар ерда булбул ошиёнин зоғлар.
Кутилмаганда шоирнинг кайфияти тушади. Агар замона адолатли бўлса, ҳар ким ўзига муносиб қадр топади. Шоирнинг эътирози шунда.
Муқимий кўплаб ҳажвий шеърлар ёзган. Порахўр танобчилар, товламачи ва юлғич амалдорлар, пул сочиш мусобақасига айланган сайловлар, фирибгар савдогарлар ҳақидаги "Сайлов", "Дар мазаммати замона" ва бошқа сатирик асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Муқимий Фарғона водийси бўйлаб қилган саёҳатлари таассуротларини шеър қилиб ёзди ва улар “Саёҳатнома” номи билан шуҳрат қозонди. Қўқон-Фарғона, Қўқон-Шоҳимардон, Қўқон-Исфара саёҳатлари таассуротларидир. Ҳар уч саёҳатнома яхлит бир асар шаклида бўлиб, тўртликлардан таркиб топган, 244 мисрадан иборат. Асарда саёҳат мақсади, турли манзилдаги қишлоқлар, уларнинг табиати, манзаралари тасвирланган. Жойлардаги одамлар феъл-атвори, удумлар ҳақида батафсил ҳикоя қилинади.
Ҳозирги кунда Тошкентдаги кўплаб кўчалар ва Ўзбекистон давлат мусиқали театри Муқимий номи билан аталади.
Янгиликлар лентаси
0