Куз-қиш мавсумида иммунитетни қандай кўтариш мумкин? – мутахассис жавоби

© iStock.com / SolStockДети играют на открытом воздухе
Дети играют на открытом воздухе - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.11.2023
Oбуна бўлиш
Куз-қиш мавсумида аксарият инсонларни айнан иммунитетни кўтариш масаласи кўп ўйлантиради. Кўпчилик шамоллашни бартараф этиш учун албатта қимматбаҳо дори-дармон воситаларини ичиш керак деб ҳисоблайди. Аслидачи, аслида ҳам шундайми?
Иммунитетни кўтаришда табиий маҳсулотлар кучлироқми ёки дори-дармон воситалари? Инсонда иммунитет тушиб кетиш аломатлари қандай? Куз-қиш мавсумида иммунитетни кўтариш учун қандай маҳсулотларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ? Болалар иммунитетини қай йўл билан кўтариш мумкин? Sputnik муҳбири шу ва шу каби саволларга тиббиёт фанлари доктори, Фанлар Академияси Иммунология ва инсон геномикаси институти Аутоиммун холатлар лабораторияси мудири Умида Набиевадан жавоб олди.
© Из архива Умиды НабиевойУмида Набиева
Умида Набиева - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.11.2023
Умида Набиева

Инсонда иммунитет тушиб кетиш аломатлари қандай?

— “Иммунитет тушиб кетиши” деган тушунча умуман нотўғри. Чунки тўғма иммун танқис холатларни (улар 3-5% учрайди) инобатга олмасак ҳар бир организм учун иммунитети фаоллик даражаси ҳозирги вақтда керакли даражада бўлади. Бизнинг асосий вазифамиз ўзимизнинг организмга имкон қадар шароитлар яратиб беришдир. Бу дегани: тўғри овқатланиш, оптимал миқдорда жисмоний фаолликни бажариш, ва асосийси рухий мувозанатга эга бўлишдир. Тез-тез шамоллаб туришимиз, битта касалликдан иккинчисига чалиниш айнан юқорида айтилган шароитлар бажарилмаётганлигидан далолат беради. Шунинг учун тез-тез шамоллаш холатларида дорихонага югуриш ўрнига ўзимизга назар ташлашимиз керак, чунки касаллигимиз сабаби ташқарида эмас ўзимизда бўлади.

Болалар иммунитетини қай йўл билан кўтариш мумкин?

— Ҳа, бу кўпчиликни қийнайдиган муаммо. Биласизми, фарзандларимизнинг иммунитети кучли бўлиши учун уларни гўдаклик давриданоқ чиниқтириш лозим. Устини қалин ўрамаслик, тез-тез ваннада чўмилтириш, очиқ ҳавода кўп сайр қилдириш илк муолажаларга киради.
Кўпчилик оналар мактаб ёшидаги фарзандлари тез-тез шамоллашидан шикоят қилади. Мактабда, айниқса, бошланғич синфларда кўпинча боғчага бормаган болалар шамоллашга мойил бўладилар. Гап шундаки, бола жамоага (хоҳ боғча, хоҳ мактаб бўлсин) тушгандан кейин “инфекция тўдаси”га дуч келади, унда эса бу “тўда”га қарши хеч қандай иммунитет йўқ. Шунунг учун боғчага бормаган бутунлай соғлом болалар ҳам мактабнинг бошланғич даврида тез-тез касалланадилар. Бундай болаларга эътиборли бўлиш лозим. Болаларни тўғри, ва ўз вақтида овқатланишини таъминлаш, кун тартибига риоя қилиш лозим.
Баъзан боланинг кетма-кет касалликларга чалиниши унинг руҳиятидаги муаммолардан дарак беради. Айрим болалар дарсликларни вақтида ўзлаштирмасликлари мумкин. Шунинг учун оналарни болани мактабга эрта беришдан огохлантирамиз. Шошмашошарлик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди, натижада боланинг ҳам жисмоний ҳам рухий соғлигига зарар етказилади.
Баъзан ота-оналаримиз ортиқча “тиришқоқлиги” туфайли фарзандларини тўлиқ даволамасдан 1-2 кундаёқ мактабга юборадилар. Бу ҳолатда арзимаган елвизак ёки терлаш сабабли касаллик қайталаниши мумкин.
Бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун фарзандингиз бетоб бўлган пайтда уни камида 4-5 кун давомида уйда сақлаш, тана ҳарорати 37 даражадан ошган тақдирда ётиш режимига риоя этиш, болани албатта, шифокор кўригидан ўтказиш, тегишли даволаш чораларини кўриш лозим. Аммо даволашни ҳам кўпайтирмаслик керак, баъзан ота-оналар ўтказилаётган давонинг самарасини ошириш учун жуда кучли таъсир этувчи ва асосан катталарга тавсия қилинадиган дори воситалардан фойдаланишади. Бу эса боланинг шаклланиши оҳирига етмаган иммун тизимига кучли зарар кўрсатади. Чунки иммун тизимда энг асосийси - бу турли бўлимларнинг орасидаги мувозанати. Ушбу холат бузилса, унинг ўз холатига келтириш жуда кўп вақтни талаб қилади.

Иммунитетни кўтаришда табиий маҳсулотлар кучлироқми ёки дори-дармон воситалари?

— Энг аввало, оддий гигиена қоидаларига риоя этишдан бошлаш керак. Кўчадан келган доимий равишда кўлларни совун билан ювиш шарт. Кўчада кийилган устки кийимларни уйда алмаштириш лозим, айниқса гўдак ёшдаги болалар бўлган оилаларда.
Ва албатта, тўғри овқатланиш қоидаларига эътибор бериш керак. Овқатланишда тайёр ёки ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари (колбаса, сосиска, кетчуп, майонез, тузлама, аччиқ таъмли соус, рангли ва газли ичимликлар ва ҳ.к.) ни имкон қадар камроқ истеъмол қилиш лозим. Негаки, бу маҳсулотлар қийин ҳазм бўлиши туфайли аста-секин ошқозон-ичак тизимини ишдан чиқаради. Бунинг натижасида инсон дисбактериоз (ошқозон-ичак микрофлораси ишининг бузилиши)га чалинади. Бу эса маҳаллий иммунитетни пасайтиради.
Таомнома витаминларга бой бўлиши лозим. Оқсиллардан ташқари, организмимиз А, В5, В6, В12, Е,С, РР витаминлари ҳамда темир, руҳ, селен, йод каби микроэлементларга муҳтож. Улар антиоксидант (танадан заҳарли моддаларни чиқарувчи ҳамда саратонга қарши курашиш хусусияти)га эгадирлар. Уларнинг етишмовчилиги иммун ҳужайралар фаоллигини пасайтиради.
Иммунитет пасайганда, ошқозон-ичак, жигар, ўт пуфаги соҳасидаги муаммоларда оддийгина наъматак, дўлана, шотут мевалари ёрдамга келади. Улар витаминларга ниҳоятда бой саналади.
Бундан ташқари, хар бир инсон, айниқса фарзандларимиз жисмоний тарбия билан шуғулланишлари лозим. Бу машғулотлар организмнинг ўз кучини тиклаб, хар бир касаллик билан кўрашишга ёрдам беради.

Куз-қиш мавсумида иммунитетни кўтариш учун қандай маҳсулотларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ?

— Овқатланиш соғлом турмуш тарзининг асоси бўлиб, ҳаёт сифатини белгилайди. Аммо бу дегани, турли ноёб ёки жуда қиммат маҳсулотлардан фойдаланиш керак дегани эмас. Сиз экзотик мевалар, ноёб зираворлар, ғалати меваларни истеъмол килишга қизиқишингиз керак эмас, чунки бундай маҳсулотлар одатда экспорт қилувчи мамлакатлардан керакли ҳолатда етказиб келгунича уларга турли кимёвий ишлов берилади, бу эса одам организмига фойдадан кўра кўпроқ зиён етказади.
Рационга баъзи озиқ-овқат маҳсулотларини киритиш ҳақиқатан ҳам инсон иммунитетини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бунинг учун антиоксидантлар, витаминлар ва микроэлементларга бой оддий озиқ-овқатлар жуда мос келади. Яшаш жойингизда ёки яқинида ўсадиган мевалар, сабзавотларнинг ҳаркунги рационингизда мавжудлигига эътибор беришингиз керак. Чунки оқилона овқатланиш, мунтазам жисмоний фаоллик, ёмон одатлардан воз кечиш саломатлик ва кучли иммунитетнинг калитидир.
Керакли ва фойдали махсулотлар руйхати:
Қора шоколад – қора шоколад иммунитет тизимини мустаҳкамлашга ёрдам беради, аммо уни меъёрида истеъмол қилиш тавсия этилади. Чунки бу жуда юқори калорияли маҳсулотдир. Қора шоколад таркибида теобромин мавжуд. Ушбу антиоксидант организм ҳужайраларини патогенлар билан алоқа қиладиган эркин радикаллардан ҳимоя қилади.
Куркума – зираворларнинг фойдаси қадим замонлардан бери маълум бўлган. Бу нафақат ўзига хос таъм, ҳиди учун эмас. Куркума таркибига кирган куркумин туфайли иммунитет реакциясини фаоллаштиришга ёрдам беради. Модда антиоксидант ва яллиғланишга қарши хусусиятларга эга. Ушбу модда фармацевтика саноатида айрим дориларни ишлаб чиқариш учун ҳам ишлатилади.
Балиқ – бу озиқ-овқатда Omega - 3 ва Д витамини иммунитет реакциясини шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатади. Турли балиқлар гўштида юқорида айтилган моддалардан ташқари яъна бошқа фойдали нутриентлар бўлади. Балиқ маҳсулотларини истеъмол қилиш мия тўқимасининг фаол ривожланишига ёрдам бериш билан бир қаторда аутоиммун касалликларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади.
Карам – бу маҳсулот таркибида турли витаминлар борлиги билан машҳур. Оқ карам ва брокколи таркибидаги С витамини концентрацияси айниқса юқори. С витамини шамоллаш аломатларнинг давомийлигини пасайтиради, нафас олиш касалликларидан кейин тикланиш даврини қисқартиради. Ундан ташқари қарам таркибида сулфорафан каби антиоксидантлар ҳам мавжуд. Ушбу маҳсулотларни сотувда ҳам табиий, ҳам музлатилган ҳолда топиш мумкин. Шок музлатишдан фойдаланганда маҳсулотлар фойдали фазилатларини йўқотмайди ва табиийлардан кам эмас.
Сабзи ва қовоқ – тўқ сариқ рангли сабзавот ва меваларнинг таркиби бета-каротинни ўз ичига олади, бу меваларга ёрқин ранг беради. Бета-каротин А витаминининг манбаи бўлиб, терининг соғлом бўлишига ёрдам беради, уни ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилади. А витамини кўриш органларининг соғлиғига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Кўкатлар – петрушка, укроп, шпинат иммунитет тизимини фаоллаштиришга ёрдам беради. Уларда турли хил витаминлар ва антиоксидантлар мавжуд. Флавоноидлар ва каротеноидлар ОРВИ инфекцияларини олдини олишга ёрдам беради. Vitamin C, Е каби витаминлар иммунитет тизимининг шиллиқ қаватларининг бутлигини тиклаш орқали соғлиқ учун хавфли патогенларга қарши курашишда ёрдам беради.
Ёнғоқлар – ёнғоқлар турли хил салатлар, ширинликлар тайёрлаш учун ишлатилади. Улар йўлда ёки айланишлар пайтида осон овқатланиш (снеклар) сифатида олиш учун қулайдир. Ёнғоқлар таркибига нафақат витаминлар, ундан ташқари бир қанча минераллар ҳам киради.
Юқорида айтиб ўтилган маҳсулотлардан ташқари, бошқа кўплаб сабзавотлар, мевалар ва кўкатлар иммунитетни фаол ҳолатда бўлиши учун жавоб беради. Озиқ-овқат маҳсулотларининг хилма-хиллигига катта аҳамият қаратиш лозим.
Янгиликлар лентаси
0