Сурхондарёда икки беморда буйрак трансплантацияси амалга оширилди

© Фото: пресс-служба минздрава УзбекистанаПересадка почки. Архивное фото
Пересадка почки. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.11.2023
Oбуна бўлиш
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Сурхондарёда бўлаётган оммавий тиббик кўриклар доирасида Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бир қанча оғир беморларда амалиётлар бажарилди.
ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Оммавий тиббий кўриклар доирасида сурхондарёлик беморларда буйрак трансплантацияси ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Сурхондарёда бўлаётган оммавий тиббик кўриклар доирасида Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бир қанча оғир беморларда амалиётлар бажарилди”, - дейилади хабарда.
Хабарга кўра, 36 ёшли бемор Меҳринисо Пардаевага сурункали буйрак етишмовчилиги терминал босқичи ташхиси қўйилган. Бемор бу дарддан ўн йилдан бери азоб чеккан. Меҳринисонинг таъкидлашича, у пойтахтга бориб, мураккаб операция орқали соғайишни ният қилганди. Тошкентдаги Хирургия маркази жарроҳлари эса Термизга келиб, трансплантация амалиётини ўтказишди.
Беморга 31 ёшли синглиси Юлдуз Пардаева бир буйрагини берди. Юқори технологик муолажа муваффақиятли ўтди. Ҳозир Меҳринисонинг ҳам, донорнинг ҳам аҳволи яхши, шифокорлар назорати остида саломатлиги тикланмоқда.
Вилоятда ўтказилаётган оммавий тиббий кўриклар доирасида ангорлик 27 ёшли Зайнаб Нортожиевада ҳам буйрак кўчириш амалиёти бажарилди. Унга отаси, 52 ёшли Дониёр Нортожиев бир буйрагини берди.
Шифокорларнинг таъкидлашича, бемор ўтган йилдан бери гемодиализ муолажасини олади. Айни вақтга келиб, ташхис терминал босқичга ўтгани сабабли уни соғлом ҳаётга қайтаришнинг ягона усули сифатида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти тавсия этилган.
Ҳозир Нортожиева трансплантолог мутахассислар тиббий кузатуви остида. Унинг буйрак фаолияти тикланишида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Шунингдек, беморга донорлик қилган отаси Д.Нортожиевнинг саломатлиги ҳам яхшиланиб боряпти.
Маълумот ўрнида, Сурхондарёда давом этаётган оммавий тиббий кўриклар доирасида вилоят тиббиёт муассасаларида эндопротезлаш, кардиохирургик, нейрохирургик ва офтальмологик йўналишларда ҳам қатор юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.
Янгиликлар лентаси
0