03:11 22 Сентябр 2018
Эфир
  • RUB118.05
  • EUR9347.75
  • USD8039.00
Роғун ГЭСи қурилиши

Роғун ГЭСИ: ошкора таҳдид

© president.tj
Аналитика
Ҳавола олиш
292265

Роғун ГЭСи қурилиш кўп йиллардан буён экологик ва сейсмик хавфлилиги боис Марказий Осиё давлатлари орасидаги келишмовчиликларга сабаб бўлмоқда, бироқ Душанбедагилар лойиҳа мутлақо хавфсиз ва нафақат Тожикистон, балки қўшнилар учун ҳам фойдали бўлишини таъкидлашмоқда

ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik, Антон Курилкин. Тожикистонда Вахш дарёси сувини буриш учун тўғон қуришга киришилди. Республика президенти Эмомали Раҳмон бир ярим соат давомида шахсан ўзи бульдозерга ўтириб дарёни тўсиш ишларида қатнашди.

Душанбенинг фикрига кўра мамлакатнинг электр муаммосини ҳал қилишга имкон берадиган Роғун ГЭСининг қурилиши бошлангани сабабли дарё сувини буришга тўғри келди.

Лекин Роғун ГЭСининг қурилиши гидролог мутахассислар ва сейсмологларда хавотирлари ва Ўзбекистоннинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Sputnik Ўзбекистон ушбу муаммони батафсил ўрганишга қарор қилди.

Роғун тарихи

Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳаси ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари охирида ишлаб чиқилган. 1976 йилда станция қурилиши бўйича тайёргарлик ишлари бошланган ва 1993 йилга келиб 40 метрли тўғон ўрнатилган ва машина ҳамда трансформатор залларидаги асосий ишлар якунланган.

СССР парчаланганидан кейин объектдаги ишлар тўхтаб қолди ва мустақилликка эришган Тожикистон ҳукумати қурилишни якунига етказиш учун инвестор ва пудратчилар излашни бошлади. Вазиятни 1993 йил 8 майдаги тошқин мураккаблаштирди – сув тўғоннинг бир қисмини бузиб юборди ва станциянинг техник иншоотлари сув остида қолди.

2004-2007 йилларда Россиянинг “Русал” компанияси ГЭСда фаолият олиб борди. Россиялик инженерлар қатор тадқиқот ишларини олиб бордилар ва ГЭСни қисман тикладилар. Бироқ 2007 йилда шартнома бекор қилинди.

Шундан сўнг Тожикистон Жаҳон банкини Роғун қурилишини молиялаштиришга таклиф этди. Банк фақат ҳар томонлама экспертизадан кейин маблағ ажратишга рози бўлди.

Мутахассислар ва Амударё ҳавзасидаги мамлакатлар билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг Жаҳон банки оригинал лойиҳага ўзгартириш киритилганидан кейин ГЭС қурилишига киришиш мумкинлигини билдирди.

"Иншоотнинг хавфсизлиги асосий омил ҳисобланади, чунки Вахш дарёсидаги ҳар қандай йирик тўғоннинг ишдан чиқиши Тожикистон учун ҳам, қуйида жойлашган давлатлар учун ҳам ҳалокатли оқибатлар келтириб чиқариши мумкин", — дейилади Жаҳон банки ҳисоботида.

Хавфли лойиҳа

Станция ва минтақа учун жиддий таҳдид бу сейсмик фаолликдир: минтақада Рихтер кўрсаткичи бўйича 6-7 балли зилзилалар содир бўлган (энг юқори балл — 9). Ўзбекистон ҳукумати кучли зилзила сабабли тўғонга зарар етиши ёки бузилиб кетиши оқибатида улкан миқдордаги сув тошқини пайдо бўлиши ҳақида кўп бор ташвиш билдирган. Олимлар ҳам сиёсатчиларнинг фикрига қўшилишади.

Негев (Исроил)даги Бен-Гурион номли университет қошидаги "Жануб олимлари" ассоциациясининг давра столи иштирокчилари минтақада мазкур ГЭС қурилиши борасида ўз хавотирларини билдиришди.

"Дунёдаги энг баланд тўғон улкан туз қатлами устида жойлашган юқори сейсмик фаолликка эга тектоник бўлак устига қурилмоқда. Бу борада ўтган асрнинг 60-йилларидаги инженерлик қарорлари ва стандартларига асосланган лойиҳа адолатли савол ва холисона хавотирларни уйғотади", — деди "Жануб олимлари" ассоциациясининг илмий ходими Александр Кравец.

Лекин ҳатто станция зилзилага дош берган тақдирда ҳам барибир қурилиш давомида табиатга улкан зарар етади. EcoStandard groupнинг экологик лойиҳалаш ва консалтинг департаментининг лойиҳалар бўйича етакчи менежери Екатерина Шешлянникованинг Sputnik Ўзбекистонга айтишича, бундай иншоотлар қурилиши тупроққа ортиқча босим юклайди ва дарёнинг гидроботаник шароитини ёмонлаштиради.

"Тўғон кўтарилиши соҳилбўйи ҳудудларининг сув остида қолиши, атрофнинг ботқоқлашиши, объект атрофидаги водийнинг ҳайвонот ва ўсимлик олами ўзгаришига олиб келади", — деди эксперт.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, сувнинг сифати ҳам ёмонлашади.

"Сув тубидаги чўкиндиларнинг юқори суръатда кўчиши сув сифатининг ёмонлашиши, сув тубининг ифлосланиши, грунт сувлари даражасининг ўзгариши ва кейинчалик бутун ҳудудга таъсир қилувчи оқим бўйлаб ернинг емирилишига олиб келади", — деди эксперт.

Геосиёсий жиҳат

Жаҳон банки экспертларининг хулосаларига кўра, ГЭС қурилиши Вахш дарёси қуйисидаги давлатлар – Ўзбекистон ва Қирғизистонга катта таъсир кўрсатади.

Станция сув омбори тўлдирилгунига қадар (энг тез фурсатда бу муддат 16 йил деб ҳисобланмоқда) сув оқими сезиларли равишда камаяди ва бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ҳолатига бевосита таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари, РФА иқтисодиёт институтининг советлардан кейинги тадқиқотлар марказининг советлардан кейинги мамлакатлар иқтисодий тараққиёти бўлими раҳбари Елена Кузминанинг айтишича, Роғун ГЭСининг қурилиши – анча илгариги лойиҳа бўлиб, у Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар ўртасидаги мувозанатга қандайдир даражада путур етказади.

"Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Мирзиёев Тожикистон билан муносабатларни яхшилашга уринди. Хусусан, Роғун ГЭСи қурилишининг барча ижобий ва салбий томонлари ҳақида гаплашишга ҳам уринган, эҳтимол. Афтидан, келиша олишмади. Бундай масалалар халқаро даражада муҳокама қилиниши лозим", — деди Кузмина.

Бунинг устига, Душанбе ГЭС қурилиши учун етарлича маблағга эга эмас, деди эксперт. Эҳтимол бу шунчаки сиёсий ишора бўлиши мумкин.

"Бундай йирик миқёсдаги ГЭСни барпо этиш учун бутун бошли қурилишга етадиган пул бўлиши даркор, фақатгина дастлабки қурилиш бошлаш учун эмас. Тўғри, инвестициялар бор, лекин бу маблағ етмайди.

Балки бу сиёсий ўйиндир. Ҳозирча бу сиёсий ёки иқтисодий декларациядек туюлмоқда", — деди эксперт.

Шу пайтга қадар ГЭС қурилиши бўйича Тожикистоннинг ҳаракатларини изоҳлаб келган Ўзбекистон томонидан қурилиш ишлари бошлангани бўйича ҳозирча ҳеч қандай баёнот берилмади.

Ташқи ишлар вазирлиги бу борада ҳеч қандай изоҳ берилмаслигини билдирди.

Ўз навбатида Тожикистон раҳбарияти ГЭС қурилиши нафақат мамлакат учун, балки минтақа учун ҳам стратегик аҳамиятга эга эканлигини мунтазам таъкидламоқда.

"Роғун ГЭСи минтақада гидроэнергетик масалаларни ҳал қилишда муҳим ролни ӯйнаши мумкин.

Мазкур иншоот оқим пастки қисмида жойлашган мамлакатларга фойдаланиладиган ерлар суғорилиши ва янги ерларни ӯзлаштиришни таъминлашга имконият яратади.

Эслатиб ӯтиш жоизки, айнан янги кичик ва йирик гидроэлектростанциялар қурилиши электроэнергия тақчиллиги муаммосини бартараф этибгина қолмасдан, балки минтақанинг оқим пастки қисмида жойлашган барча мамлакатларини қурғоқчилик йилларида сув билан ҳам таъминлайди", — дейилади Тожикистон президентининг матбуот хизмати томонидан.

Эмомали Раҳмон Тожикистон қўшни мамлакатлар билан ҳар томонлама, жумладан ушбу масала бўйича ҳам ҳамкорликка тайёр эканлигини таъкидлади.

Бироқ Ўзбекистон учун муаммо шундаки, ГЭС қурилиши мамлакат қишлоқ хўжалигига анчагина сезиларли зарар етказади. АҚШлик тадқиқотчилар гуруҳи 2012 йилдаёқ Роғун ГЭСи қурилишининг хавфли томонларига оид тадқиқотини чоп этган. “Евросиё географияси ва иқтисодиёти” журналида Шоҳрух-Мирзо, Томас ДеСаттер ва Жей Лейч муаллифлигида чоп этилган мақолада Роғун қурилиши оқибатида Ўзбекистон кўрадиган зарар аниқ рақамларда келтирилган.

Хоразм вилоятидаги қишлоқ хўжалик экинлари майдони 17,7%, Қорақалпоғистонда 14,6%га қисқаради. Оқибатда Қорақалпоғистон республикасида пахта етиштириш 18%га қисқариши мумкин. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ вазият ўзгаради. Масалан, Сурхондарё вилояти келадиган сув ҳажмининг ўзгариши сабабли қишлоқ хўжалиги соҳасида йилига 12 миллион доллар йўқотади.  

Табиийки, қишлоқ хўжалик тизимидаги бундай ўзгаришлар Ўзбекистон иқтисодиётини заифлаштиради ва ишсизликнинг ўсишига олиб келади — қўшнисининг қурилиш қилиши оқибатида пайдо бўладиган янги муаммоларни республика ҳукумати ўзи ҳал қилишига тўғри келади — чунки Тожикистон худбин лойиҳаси келтириб чиқарадиган муаммолар учун қўшниларига компенсация тўламоқчи эмас.

Шу билан бирга Ўзбекистон бундай миқёсдаги қурилишлар ҳамда минтақадаги сув ресурсларини тақсимлаш масалалари экспертлар иштирокида ва барча манфаатдор томонларнинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда халқаро миқёсда ҳал қилиниши лозимлигини кўп бора таъкидлаган.

Асосий мавзулар