05:09 26 Апрел 2018
Эфир
Пограничник на участке границы

Тожикистон ва Ўзбекистон чегара масаласини ҳал қила оладими

Аналитика
Ҳавола олиш
1414 0 0

Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларни демаркация ва делимитация қилиш масаласини ечиш борасида барча имкониятларга эга, деб ҳисоблашмоқда экспертлар

ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik, Илона Ярош. Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида "чуқур ўзгаришлар" юз берди, деб қайд этди Ўзбекистон ТИВ. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Тожикистон элчиси билан бўлиб ўтган учрашувда чегараларни демаркация ва делимитация қилиш масалалари бўйича бўлажак учрашувлар муҳокама қилинди.

Томонлар мазкур масалани май ойида ҳал қилишга уринишган, аммо айрим саволлар очиқ қолганди. Навбатдаги учрашувдан барча – қўшнилар, экспертлар, энг асосийси Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари ижобий ечим кутишмоқда.

"Чегара муаммосини ҳал қилишда мақсадли тамойиллардан келиб чиқиш лозим, мақсад эса инсонлар ҳаёт даражасини оширишдир. Бу муаммони қўшни давлатлар билан мунтазам низо шароитида ҳал қилиб бўлмайди. Шу боис навбатдаги учрашув дарҳақиқат чегара демаркацияси жараёнини олдинга силжитиши мумкин, бунга халақит берадиган ўта принципиал ҳолатлар мавжуд эмас", —деди тарихчи, сиёсатчи, "Проблемы национальной стратегии" журнали редактори Аждар Куртов Sputnik Тожикистонга берган интервьюсида.

Аслида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара баҳслари анчадан буён олиб борилмоқда: 1990-йилларда икки мамлакат бу мавзуда қаттиқ "жанжаллашиб" қолган ва бир-бирларига аччиқ қилиб аввал авиақатновларни тўхтатишди, чегара олдидаги темир йўл участкаси ҳам бузиб ташланди.

Бу муаммолар келиб чиқишида айбни СССР ҳукуматига ағдариш ҳам мумкиндек эди. Ҳақиқатан ҳам ўша давр ҳукумати айрим ҳудудларни қўши республикаларга хўжалик юритиш учун берган, лекин экспертнинг таъкидлашича, бундан мақсад муаммо яратиш бўлмаган.

"Большевиклар Марказий Осиё чегараларини британиялик мустамлакачилар сингари қандайдир муаммолар келтириб чиқариш учун атайлаб "кесиб чиқишган" деган фикр нотўғри. Чегараларни оптимал тарзда белгилаб чиқиш мураккаб эди, бунинг устига большевиклар қуйидагича тамойилда ҳаракат қилишган: улар миллат масаласини ҳисобга олиш ўрнига марказида саноати ривожланган шаҳар бўлган янги давлат тузумини ташкил этишга уринишган", — дейди Куртов.

Умуман олганда, бу низолар бошланганига 20 йилдан ошди ва ҳозирда ҳудудни ўзлаштириш ёки тарихий хотиралар асосида бир-бирига йирик марказларни бериш ҳақида гап бормаяпти. Табиийки, бундай мураккаб жараёни бир-икки йил ичида ҳал бўлмайди, деб ҳисобламоқда таҳлилчилар.

Аммо давлат чегаралари масалаларини ҳал қилиш учун Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам етарли куч ва ресурсларга эга.

"Ҳозирда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида муносабатлар яхшиланаётганлиги кўзга ташланмоқда. Албатта, сув-энергетика масаласи ҳозирча кун тартибидан олиб ташлангани йўқ, лекин чегара масаласида шуни қайд этиш жоизки, Тожикистон учун Ўзбекистон орқали темир йўлдан фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга, айниқса, республика минтақанинг "боши берк" жойида эканлигини инобатга оладиган бўлсак. Тожикистон ривожланиши ҳақида гап кетганида Ўзбекистонни қандай қилиб айланиб ўтиш мумкинлигини унчалик тушунмайман", —деб ҳисоблайди МДҲ институти директори Владимир Евсеев.

Аслида давлатлар кўплаб масалалар бўйича ўз қарашларини қайта кўриб чиқишмоқда: авиақатнов тикланди, табиий газ сотиб олиш бўйича муддаолар айтилди, икки мамлакат ИИВлари ҳамкорлик ҳақида келишув имзолади. Демак, яхши қўшничилик муносабатлари мустаҳкамланиши ва чегара масаласи ҳам ечилишига умид қилса бўлади.

"Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги мавжуд барча муаммоларни ҳал қилса бўлади. Чегара бу икки мамлакатни ажратиш учун қурилган Буюк Хитой девори эмас, у халқларни яқинлаштиришга хизмат қилувчи чизиқ", — дейди Куртов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегараси узунлиги 1332,9 километрни ташкил этади. Иттифоқ парчаланганидан сўнг тожик-ўзбек чегарасининг 20%га яқини ҳозиргача делимитация қилинмай келмоқда.

Асосий мавзулар