02:16 20 Июл 2018
Эфир
  • RUB124.54
  • EUR9100.06
  • USD7787.81
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Мирзиёев президентлигининг муваффақиятли кечган бир йили

© Пресс-служба президента РУз
Аналитика
Ҳавола олиш
Игорь Николайчук
154960

Sputnik колумнисти Игорь Николайчук Шавкат Мирзиёев президентлигида ўтган бир йил ҳақида мушоҳада юритади

Игорь Николайчук

Шавкат Мирзиёев қонуний асосда президентликка сайланиб 365 кундан буён Ўзбекистонга раҳбарлик қилиб келмоқда. Бу бирпасда бир йил ўтди дегани. Ёки атиги бир йил бўлди дегани. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам кўпсонли журналистларда якунлар ҳақида хулоса қилиш учун сабаб бор.

У қилди-бу қилди, унга имзо чекди, уни ишдан олдин, буни тайинлади деган сўзлардан қочамиз. Гапни йил давомида Ўзбекистон Республикаси етакчисининг фаолияти рус тилидаги ахборот майдонида қанчалик фаол ёритилгани ҳақидаги маълумотдан бошлаймиз.

Буни аниқлаш жуда осон. Google ва Яндекс (ишончли бўлиши учун иккита тизимдан фойдаланамиз) қидирув тизимларида МДҲ раҳбарлари исм-шарифларини излашлар такрори ҳақидаги сўровни киритамиз, сўнгра энг кўп тилга олинганлар рўйхатини тузамиз.

Натижа қуйидагича: Шавкат Миромонович ушбу рўйхатда ишончли тарзда учинчи ўринда мустаҳкам жойлашган.

Лекин ўқувчиларимиз балки аниқроқ мисолларни кутишаётгандир. Икки томонлама муносабатлардан бошлаймиз. Айрим обрўли сиёсатчилар мамлакат сиёсатида "шимолга бурилиш" юз берганини таъкидлашмоқда. Россия билан муносабатлар йил давомида яхшилангани, аниқроғи, МДҲда "ўртача ҳарорат" даражасига етганлигини ҳеч ким инкор қилмайди. Аммо "бурилиш"нинг ўзини катталаштирувчи ойна орқалигина кўриш мумкин. Ҳа, деярли йигирма йиллик танаффусдан сўнг Россия билан ҳарбий-техник ҳамкорлик фаоллашди. Лекин техникани бурилишларсиз ҳам барибир янгилаш керакку! Россия пўлатидан акцизлар олиб ташланди, энди у Хитойникидан кўра арзонроқ бўлди. Бу эса бизнес.

Албатта, бу хитойликларни "синдириш" учун қилинмади. Россия вилоятлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни ташкил этиш чоралари амалга оширилди. Эндиликда, масалан, деҳқонлар учун айрим мавжуд бюрократик тўсиқлар олиб ташланди. Ўзбек миришкори энди бемалол, ҳар қандай транспорт орқали ўз маҳсулотини Россия бозорига олиб бориши мумкин. Ҳамма ҳаракатга келиб қолди. Маҳаллий тадбиркорлар Россияда мева-сабзавот сотиш учун қишлоқ хўжалик ерларини олишмоқда. Лекин Россия улкан бозор. Биз шимолликлармиз. Меваларни, айниқса, ўзбек меваларини жудаям севамиз. Тўғри, уларни ҳар доим ҳам ўзбеклар сотмайди. Лекин буям бизнес. Мигрантларнинг кайфияти яхшиланаётганлиги эса бугунги ўзгаришлар яхши томонга бўлаётганини ифодалайдиган кўрсаткичлардан биридир. Иш берувчилар уларни қадрлай бошлашди. Бу ерда олий сиёсий ирода, Кремлдан буйруқ бўлганлиги эҳтимолдан йироқ. Бу табиий жараён. Дарвоқе, Россиядаги айрим кучлар "барча террорчилар ўзбекистонлик" деган мавзуни қанчалик айлантиришга уринишмасин, уларнинг бу ҳаракатлари пучга чиқди. Биз ўзбеклардан хавотирга тушмаймиз.

"Шимолга бурилиш"нинг мавжуд эмаслиги қандайдир ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар борлигини билдирмайди. Икки томонлама муносабатларимиз ҳозирда биз ўзимиз истаган даражада ва бу ҳар икки томонни қониқтиради. Бу ерда Мирзиёев раҳбарлигида эришилган энг муҳим нарса бу мазкур муносабатларнинг овозини созлаш сиёсий оғриқларсиз бўлиши: истасак овозини кўтарамиз, истасак овозини пасайтирамиз. Буларнинг бари кимларнингдир қайноқ хоҳишлари билан эмас, балки прагматик тарзда белгиланади.

Олдинга силжиш нималарда кўзга ташланади? Албатта, ички ишларда.

Ўзбекистонликларнинг ҳаёти ўзгараётгани ҳақида юзлаб бўлмаса ҳам ўнлаб далил-исботлар келтириш мумкин. Мирзиёев ҳукумат тепасига ислоҳотлар ўтказиш шиори билан келди ва енг шимариб бу ишга киришди. Амалдорлар, зиёлилар, тадбиркору оддий аҳоли бундай ислоҳотларни кутганмиди, очиғи билмайман. Ҳеч қандай шаъмаларсиз айтаман, билмайман. Каримов ўрнатган барқарорлик туфайли ҳамма нарса тинчдай эди. Иқтисодий ўсиш давом этаётганди, Ғарб мамлакатни қўзғата олмади, водий воқеаларини эса халқ қўллаб-қувватламади.

Онгли ислоҳотлар эртами-кечми ҳар доим керак. Гап бошқа ёқда. Ким оғзидан кўпик сачратиб сиёсий ислоҳотларни талаб қилди? Ҳа, албатта, фикри-зикри демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигида бўлган либерал глобалистлар. Мана кимлар Мирзиёевдан "тамойиллар"дан келиб чиқиб жазавага тушганча ислоҳотчилик ташаббусини талаб қилди.

Президент мамлакатда демократия ривожи учун дарҳақиқат кўп ишларни қилди. Масалан, унинг ички ишлар органлари ва қамоқхоналарда қийноқни тақиқлаш ҳақидаги шахсий баёнотининг ўзи кўп нарсага арзийди. Бунинг қиёси йўқ. Агар бундай саволни қўйсак-чи: демак, олдин қийноқлар қонунан бўлганми, конституцион тартибда амалга оширилганми? Бу қийноқларни Каримов қонунийлаштирганми? Маълумки, қўл югуртириш, дўппослаш барча, ҳаттоки манаман деган демократик давлатларда ҳам учрайди. Голливуд фильмларини кўринг. Лекин бу тергов ёки жазони ижро этиш тизимининг айби эмас, балки зўравонликка мойил айрим шахслар ёки муштумзўр майда амалдорлар ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолат. Бундайларни президентлик даражасида туриб инсофга чақиришдан ҳам наф йўқ. Қўл остидагиларни бўш қўйиб юборган, кадр танлашни тўғри йўлга қўёлмаган ички ишлар вазирини алмаштириш тушунарли. Назоратни кучайтириш, ички тергов тизимини ривожлантириш, ҳуқуқ ҳимоячилари фаолият кўламини кенгайтириш яхши. Аммо руҳан носоғлом одамларни инсофга келтиришга уриниш менимча бефойда.

Лекин гап бунда ҳам эмас. Миясида демократиядан бошқа ҳеч нарса йўқларга қанча ён берсанг ҳам кам. "Францияда ишлайдиган ҳуқуқ ҳимоячиси" Надежда Атаева Германиянинг DW ташқи тарғибот хизматининг рус таҳририятига берган интервьюсида президентнинг 30 ноябрдаги қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги фармонини "жуда қизиқ ташаббус" деб атади. Аммо у либераллар учун анъанавий бўлган хулосани баён этди: "Фармон қандай бажарилиши ҳозирча номаълум. Ва ўзбек жамиятини модернизация қилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг ожиз жойи ҳам мана шунда".

Ҳаттоки бу йил 10 нафар сиёсий маҳбуснинг озод қилинишини ҳам "умуминсончилар" Ўзбекистон раҳбарининг ислоҳотларни олиб боришдаги қатъий иродаси эмас, балки ғарбликлар билан савдолашиш учун мажбурий қадам деб баҳолашди: "бу ҳукуматнинг танқидчиларга нисбатан принципиал ёндашуви эмас, балки 2005 йилги воқеалардан сўнг ЕИ ташаббуси билан бошланган, Тошкентни Ўзбекистондан ЕИ санкцияларини олиб ташлаш шарти бўлган инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқотга мажбур қилган савдонинг давомидир".

Аммо барибир, умуман олганда, Шавкат Мирзиёевнинг президентлик фаолияти муваффақиятли кечмоқда. Ер Қуёш атрофида эндигина бир марта айланиб чиқди, мамлакатда эса жуда кўп ишлар амалга оширилди. Мамлакат раҳбарига тезроқ ўз мақсадига эришишини – миллатнинг асл етакчисига айланишини тилаб қоламан.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Асосий мавзулар