08:00 27 Апрел 2018
Эфир
Ломают Дом Кино

Уйи бузилган киночилар янгича ишламоқчи, натижасини эса ё "Ўзбеккино" ё вақт кўрсатади

© Troll.uz
Аналитика
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
105830

Ўзини ҳурмат қилган актёр ҳеч қачон бир образни фильмдан фильмга олиб ўтмайди. Ўзбекистонда эса бу одатий ҳол. Энг машҳур ўзбек актёрлари ҳатто энди-энди чиқиб келаётганлари ҳам бир образли актёрга айланиб қолган. Томошабинлар ҳам кинога уни кўриш учун тушади, образни эмас

2017 йилнинг энг сўнгги учрашувларидан бирини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев киноижодкорлар билан ўтказди. Бунинг ҳам рамзий маъноси бўлса керак. Демак, келаётган йилда кинога жиддий эътибор қаратилади. Демак, кино маънавиятнинг узвий бир бўлаги бўлиб қолаверади. Демак, давлат кино соҳасини ўз ҳолига ташлаб қўймайди.

Ушбу учрашувдан хулоса шундай бўлдики — давлат тарихий-диний, тарихий-ватанпарварлик фильмлари ишлаб чиқарилишига алоҳида эътибор қаратади. Фильмлар прокати масаласини ҳал этиш диққат-эътиборда бўлади.

Шу ўринда соҳа юзасидан айрим фикр-мулоҳазалар.

Бугунги фильмларда тасвирий ечим анчайин оқсамоқда.

Дейлик, ҳар қандай фильмда, тарихий ва, ҳатто, ўзбекларнинг аллақандай уран конига ўхшаш жойда, тутқунликда ишлатилиши тўғрисидаги фильмда ҳам қаҳрамонлар ҳозиргина "Гўзаллик салони"дан чиққан, сочлари чиройли олинган ва йилтиллаб туради. Умуман тозалик, олифталик ўзбек киносининг бош камчилиги. Ўзбек актрисалари экранда хунук кўринишдан қўрқиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзига оро бериб, чиройли бўлиб чиқишга ҳаракат қилади. Бироқ ташқи кўриниш, вазиятга мос бўлиши керак эмасми?

Реквизитлар масаласида ҳам муаммолар кўп. Лавҳалардаги ҳолатни очиб бериши мумкин ва лозим бўлган деталларга кам эътибор қаратилади, имкон қадар майда деталларга эътибор берилмайди. Тушунарли, реквизит қанча кам бўлса, хато ҳам унча камаяди. Лекин бу ҳолат тасвирнинг қашшоқлашувига олиб келади.

Қашшоқ, дегандай, бир пайтлар, совет даври қашшоқлигида улғайган авлод қайта қуриш жараёнида қўли тўрт сўм пул кўриб, ҳовлиқиб қолган ва топган пулини бўйнига осиб, қўлига тақиб юрадиган (тилла тақинчоқлар, занжирлар ҳолида) одат чиқарган эди. Буни "кўрмаганнинг кўргани қурсин", дейишади. Бугун, Ўзбекистондаги хусусий кино ҳам худди ўша руҳий ҳолатда — ҳаммаёқ дабдаба, ялтир-юлтур, ҳашаматли саройлар, қимматбаҳо машиналар, ҳайбаракалла турмуш. Хуллас, ҳаётдан узилиб қолган.

Шу ҳолатни айтадиган бўлсанг, "кино бу — эртак", дейишади. Аслида Ҳиндистоннинг киноси — эртак (ҳолбуки улар ҳам бундан воз кечишмоқда). Кино эса — романтика. Бойлик, дабдабали ҳаёт эмас, кўнгил ва туйғулар романтикаси!

Юқорида айтилган ҳолат кўпроқ хусусий кинога тегишли, давлат киносида эса бошқа муаммолар. Уларнинг томошабини йўқ. "Ўзбеккино" МА фақат телевидение учун ишлаяпти. Унда намойиш этилмаса, ҳеч ким кўрмайди.

Давлат киноси ё томошабин тушуниб етмайдиган даражада чуқур фалсафийлашган (Гегел даражасида, дейиш ҳам мумкин) ёки энсани қотирар даражадаги расмий (ҳужжатли фильм даражасида).

Комедиясида самимийлик бор, кулги йўқ ("Борига барака"), драмасида фалсафа, самимийлик бор, томошабинни ушлаб турувчи асосий воқеа йўқ ("Пари"), айрим режиссёрларда ўз-ўзини такрорлаш кучайган ("Новда").

Актриса Наргис Абдуллаева. Архив сурат
© Sputnik / Алексей Тихомиров
Ўзини ҳурмат қилган актёр ҳеч қачон бир образни фильмдан фильмга олиб ўтмайди. Ўзбекистонда эса бу одатий ҳол. Энг машҳур ўзбек актёрлари ҳатто энди-энди чиқиб келаётганлари ҳам бир образли актёрга айланиб қолган. Томошабинлар ҳам кинога уни кўриш учун тушади, образни эмас. Тўғри, буни актёрнинг айби, деб бўлмайди. Иқтидорли, ўз ишининг устаси бўлган режиссёрларнинг етишмаслигидан шу ҳол юзага келган. Ушбу ҳолат режиссёрлар актёрлар етовида юрибди, деган хулоса чиқаришга сабаб бўлади.

Актёр олдига аниқ вазифа ва талаб қўйиб, таваккал қиладиган режиссёр йўқ, чамаси.

Бундан юз йиллар бурун кино ҳақида "санъатлар ичида энг муҳими", деб айтилган гап бугун ҳам долзарблигича қолмоқда.

Ўтган йилда "Киночилар уйи" бузилди, шу билан бирга уларнинг онгидаги эски қолиплар, қарашлар, фикрлар ҳам бузилдимикин?

Кўрамиз! Ё киночилар ёки вақт кўрсатади.

Асосий мавзулар