16:03 15 Октябр 2018
Эфир
  • RUB122.73
  • EUR9427.06
  • USD8181.08
Павлик Морозов

Ўзбекистонда "Павлик Морозовчилар" пайдо бўладими?

© Sputnik / Сайков
Аналитика
Ҳавола олиш
443170

Ҳукумат инсон ҳақ-ҳуқуқларини кенгайтириш билан бир вақтда, жиноятчиликнинг ҳам ташвишини қилмоқда

ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Ва ниҳоят, ўзбек тилидаги "мени сотишди", деган ибора бевосита ўз маъносини ҳам ифодалайдиган бўлди. Ҳукумат тайёрланаётган, содир этилган жиноятлар, терговдан яширинган гумондорлар, жиноятга тегишли далиллар ҳақидаги маълумотлар учун пул тўламоқчи.

Мазкур масала жамоатчилик ўртасида ҳар хил гап-сўзларга сабаб бўлмоқда. Кимнингдир назарида бу жамиятнинг маънавий илдизларига болта уриб, сотқинликнинг авж олиб кетишига олиб келади. Фуқаролардаги ҳамжиҳатликдек муқаддас туйғуларни ерпарчин қилиб юбориши мумкин, деётганлар ҳам топилади.

Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида Спутник Ўзбекистон мухбири Дилшода Раҳматова Ўзбекистондаги Ички ишлар вазирлиги тузилмаларида узоқ йиллар хизмат қилиб, айни вақтда нафақада бўлган офицерга ушбу қарорга шарҳ беришни сўраб мурожаат қилди.

Суҳбатдошнинг исм-шарифи унинг хоҳишига кўра сир сақланади.

"Аслида бу бир томонлама олиб баҳоланадиган, оддий ҳал қилиб қўядиган масала эмас.

Биламиз, бир пайтлар, совет тузуми энди-энди шаклланиб келаётганда сотқинлик улуғланган, ота болага, бола отага қарши қўйилган ва шу орқали давлатнинг нуфузини ошириш ҳаракатида бўлинган. Аслида-ку бу билан нуфуз оширилмайди, балки халқ қўрқувда ушлаб турилади. Ўз яқинларини сотган Павлик Морозов мана шу сиёсатнинг ёрқин намунаси ва бош қаҳрамони эди.

Албатта, Ўзбекистонда жорий этилган янги тартибни ўша ҳолат билан тенглаштириб бўлмайди, совет тузумида алданган одамлар ғоя учун ишлаяпман, деган хаёлда бўлган ва ҳукумат уларнинг шундай фикрда бўлишига эришган ҳам.

Ўзбекистонда жорий этилаётган янги тартибни эса Америкада, ёввойи ғарбда бир пайтлар русум бўлган ҳолатга ҳам тенглаштириш кайфияти мавжуд. У ерда ҳам жиноятчилар учун катта маблағлар тўланган. Бу эса айримларнинг шу ишни касбга айлантириб юборишига сабаб бўлган.

Бироқ Ўзбекистон бу иккаласидан ҳам ўзгача йўлни танлаган.

Бунда жамиятнинг маънавий илдизларига путур етказиши мумкин бўлган ҳолат йўқ. Шунингдек, жиноятчиларни тутиб, шу орқали пул ишлаб, кун кўриш имкони ҳам мавжуд эмас.

Бир сўз билан айтганда, ҳеч ким чеккадан келиб, жиноятчиларни тутишни ўзига касб қилиб ололмайди.

Ўзбекистонда жорий этилаётган ушбу тартиб, мамлакатда фуқаролар эркинликлари ва ҳуқуқларини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликни олдини олиш борасида амалга оширилаётган яхлит сиёсатнинг кичик бир йўналиши саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги фармони билан суд-тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари кучайтирилди. Бу эса ўз навбатида терговчи-суриштирувчилар томонидан жиноят иши бўйича далиллар йиғилишида бир қатор қийинчиликларни юзага келтиради (шу пайтга ҳаққоний, қонун доирасида ишлаганлар учун қийинчилик йўқ).

Шунингдек, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларнинг телефондаги мулоқотини эшитишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказиш борасида кўрилаётган чоралар ҳам содир этилган жиноятлар бўйича далиллар тўплаш ва тайёрланаётган жиноятларни олдиндан аниқлаб, чоралар кўришга салбий таъсир кўрсатади.

Ўз-ўзидан маълумки, жамиятда ҳар қандай ҳолат худди дорбознинг доридаги каби нозик мувозанатда бўлиши лозим. Акс ҳолда фалокат юз беради. Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кенгайтириш, уларнинг эркинликлари кафолатланиши яхши, албатта. Лекин бу ўз навбатида жиноятчиларга ҳам эркинлик беради-да. Демак, бундай ҳақ-ҳуқуқлардан кейин ўз-ўзидан ё ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг ҳам "оёқ-қўлини ечиб юбориш" ёки жиноятчиликка қарши курашнинг бошқа чораларини кўриш лозим бўлар эди. Акс ҳолда жамиятда жиноятчилик авж олиб кетади. Чунки берилган ҳақ-ҳуқуқлардан фақат оқкўнгил инсонлар фойдаланади, жиноятчилар эса тергов ва судда "узр, билмай қолибман", деб бош эгиб тураверади, деб ўйлаганлар қаттиқ адашади.

АҚШдаги инсон эркинликлари ҳақида оғзимиз кўпириб гапиришни хуш кўрамиз. Лекин шу эркинликларнинг мувозанатини сақлаш учун полицияга берилган ҳақ-ҳуқуқлар ҳақида унча гапиравермаймиз. Агар, 2017 йилда оммавий ахборот воситалари берган маълумотлар алдамаса, АҚШ полицияси ўрта ҳисобда йилига тахминан 500 нафар атрофидаги шахсга нисбатан қурол қўллар экан (Ўзбекистонда бундай ҳолат 2-3 тадан ошармикин?).

Шулардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олишда ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳақ-ҳуқуқларини кенгайтиришдан кўра, соҳада инновацион технологияларни қўллаш (бутун мамлакат бўйлаб видеокузатув тизимларини жорий этиш, тергов-суриштирув жараёнида замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш) ва юқорида айтилган усул, фуқаро ва жамоат ташкилотларини бу ишга кенг миқёсда жалб этишни маъқул кўрди.

Бу мақсадда, фуқаро ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш масаласи ҳам ҳал этилди. Ҳолбуки, Ўзбекистон "ошиб-тошиб кетган бой давлат эмас" (Ш.М.Мирзиёев ибораси). Бежизга рағбатлантириш мезонларида нафақат жиноятчиликни олдини олиш, фош этиш, жиноятчини тутиш, балки далилларни аниқлаш масаласи ҳам акс этмаган. Энди жиноий иш бўйича далиллар гумондор, айбланувчи, судланувчига зуғум, қўрқитиш, руҳий тазйиқларсиз йиғилиши лозим, ахир.

Сотқинлик масаласида эса, айтиш лозим, давлат унинг маънавий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида, тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир, ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаслик, жиноят ва жиноятчиларни олдиндан ваъда бермай яшириш (олдиндан ваъда берган бўлса жиноятга шерик бўлиб қолади ва жиноят ижрочиси билан тенгма-тенг жавобгарликка тортилади) учун жиноий жазо белгиланганига қарамай (241-модда), ушбу қилмиш учун айбланувчи, гумондор, судланувчининг яқин қариндошлари жиноий жавобгарликка тортилмайди (31-модда).

Бир сўз билан айтганда, ҳеч бир шахс яқин қариндошларини "сотиш"га мажбур эмас. Лекин энди ҳақиқий маънода сотиш илинжи пайдо бўлса, бу унинг шахсий иши. Бир нима деб бўлмайди", деб суҳбатга якун ясади суҳбатдош.

Асосий мавзулар