Ўзбекистон маҳсулоти "Продэкспо-2018"да нима учун олтин медал олди

© Sputnik / /Лев РыжковУзбекский стенд шампанских вин на выставке "Продэкспо" в Москве
Узбекский стенд шампанских вин на выставке Продэкспо в Москве - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Москвада 5-9 февраль кунлари "Продэкспо-2018" 25-халқаро озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Sputnik мухбири кўргазмадаги Ўзбекистон Республикаси стенди билан танишди ва таассуротлари билан ўртоқлашди

ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik, Лев Рыжков. Дам олиш кунидаги улкан Самарқанд бозорини: унинг турли-туман маҳсулотлари, энг асосийси, мўл-кўлчиликни кўз олдингизга келтиринг. Сўнгра буларнинг барини беш бараварга кўпайтиринг. Савдо расталарини ва улардаги маҳсулотларни назарда тутяпман. Харидорлар сонини эса ҳеч иккиланмай ўн мартага кўпайтиришингиз мумкин.

Москвадаги Экспомарказда бўлиб ўтган "Продэкспо" кўргазмаси кўлами ана шу миқёсда бўлди. Дунёнинг олтмиш уч мамлакатидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, хом ашёлар намойиш этилди. Албатта, Ўзбекистондан ҳам.

Тошкент шампанининг сири

Ўзбекистоннинг "Минг бир кеча" услубидаги бой ва гўзал стендида шампан шишаларига кўзимиз тушди. "Ўзбекистон шампани" акциядорлик жамияти ўз маҳсулотларини намойиш этаётганди.

"Ўзбекистонда шампан 1942 йилдан бери ишлаб чиқарилади, — дейди компания ташқи иқтисодий департаменти ходими Дониёр Ёдгоров. — Вино ишлаб чиқариш техникаси эвакуация вақтида Ростов, Инкерман, Украинадан келтирилган".

Бу йил ўзбекистонлик вино ишлаб чиқарувчилар "Продэкспо"га янги маҳсулотлари билан келишган. Масалан, 1942 йилдан буён илк бор республикада брют (шампан виноси тури) ишлаб чиқарилди. У кўргазмада намойиш этилди.

© Sputnik / /Лев РыжковЎзбекистондаги вино ишлаб чиқарувчи компания вакиллари
Представители узбекской компании по производству шампанского на выставке Продэкспо - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистондаги вино ишлаб чиқарувчи компания вакиллари

"Уни классик ва акротофор услубда тайёрладик, — дейди Дониёр. — Таъми аъло даражада бўлди. Шу боис уни энг яхши маҳсулот танловига тақдим этдик. Ҳаяжонланяпмиз. Чунки рақобатчилар кучли. Бу брютни франциялик ҳамкорларимиз билан тайёрладик, улар Франциянинг Шампан вилоятидаги завод вакиллари".

Келгусида вино ишлаб чиқарувчилар ўзлари етиштирган узумлардан вино тайёрлашни режалаштиришган.

"Ҳукумат бизга узум етиштириш учун уч юз гектар ер ажратган, — дейди Дониёр Ёдгоров. — Келгуси йили дастлабки ҳосилни оламиз".

Компаниянинг асосий савдо ҳамкори Россия, лекин бу йил Хитой ва Латвия билан ҳамкорлик ўрнатилиши кутилмоқда. Ҳозирда музокаралар шартнома тузиш босқичида.

"Республикада виночилик жуда яхши ривожланмоқда, — дейди Дониёр. — Мамлакатимиз ҳукумати имтиёз ва преференциялар ажратмоқда. Ҳеч қандай муаммосиз кредитлар берилмоқда".

Бу вақтда ўзбек шампанининг харидорлари кўпайиб борарди. Кўргазма меҳмонлари стендга яқинлашиб хитоб қилишарди: "О! Ўзбек шампани!". Мезбонлар меҳмондўстликнинг энг олий намунасини кўрсатиб барчани меҳмон қилар, уларнинг баҳо беришларини кузатиб туришарди. Баҳо эса ҳамма томонидан бир хилда эди: "Ажойиб!".

© Sputnik / /Лев РыжковКўргазма меҳмонлари ўзбек шампанини тотиб кўришмоқда
Посетители Продэкспо дегустируют узбекское шампанское - Sputnik Ўзбекистон
Кўргазма меҳмонлари ўзбек шампанини тотиб кўришмоқда

"Россия бозори биз учун яхши таниш, — дейди "Ўзвиносаноат" холдинги инвестициялар ва хорижий иқтисодий фаолият бошқармаси бошлиғи Адола Вострикова. — Бу бозор анъанавий равишда бизнинг бозор ҳисобланади. Бизнинг бир нечта корхоналаримиз Россияда ўз мижозларига эга. Ҳозирда Хитой бозорига ҳам чиқмоқдамиз".

Харидоргир маҳсулотлар

Ўзбекистон стенди ҳар қандай кўргазмада одам энг гавжум стенд ҳисобланади. Гўёки шарқ бозорига ўхшайди. Пештахтадан Бухоро, Хива, Самарқанд ва Тошкент манзаралари акс этган қутиларга жойланган ёнғоқ, қуритилган мевалар ўрин олган. Қўлингиз беихтиёр бу гўзаллик сари узатилади.

Пештахта ортидаги хушмуомала менежернинг исми Одар экан.

© Sputnik / /Лев РыжковЎзбекистондан келтирилган қуритилган мевалар ва ширинликлар
Узбекские сладости, орехи и сухофрукты на выставке Продэкспо в Москве - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистондан келтирилган қуритилган мевалар ва ширинликлар

"Бизнинг барча қуритилган меваларимиз 100 фоиз табиий, — дейди у. — Уларни ўзимиз қуритамиз, тозалаймиз, буғ билан қайта ишлов берамиз".

Суҳбатдошимнинг айтишича, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотнинг сифатли бўлишидан ташқари унинг чиройли қадоқланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини яхши тушуниб олишган. Қуритилган мевалар ва ёнғоқларнинг маҳсулот шаклидаги кўриниши устида энг яхши дизайнерлар ишлаган. Қадимий шаҳарлар манзаралари туширилган қутилар яқиндан бери ишлаб чиқарилмоқда. Одарнинг айтишича, қуритилган мева ва ёнғоқлар килолаб ҳам сотилади. Ҳаттоки қоплаб ҳам. Лекин қадоқ — буюк куч.

© Sputnik / /Лев Рыжков"Продэкспо" кўргазмасида намойиш этилган ўзбек шампанлари
Узбекское шампанское на выставке Продэкспо в Москве - Sputnik Ўзбекистон
"Продэкспо" кўргазмасида намойиш этилган ўзбек шампанлари

"Кўпчилик билан суҳбатлашдик, — дейди у. — Хитойлар, турклар маҳсулотларимизни кўришди, тижорат таклифларини беришди. Келаси ҳафтада Туркия ёки Хитойга боришимиз мумкин. Гап маҳсулот ишлаб чиқаришни хориж техникаси орқали кенгайтириш ҳақида бормоқда. У ерга бориб қандай ускуналар борлигини кўрамиз".

P.S. Мақола чоп этилиши арафасида танловга тақдим этилган "Ўзбегим" брюти олтин медалга сазовор бўлганлиги хабар қилинди. Биз ғолибларни қутлаймиз ва келгуси йили ҳам ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари билан юқори ўринларга сазовор бўлишларига ишонамиз.

Янгиликлар лентаси
0