11:25 23 Феврал 2018
Эфир
Здание министрества высшего и среднего образования РУз

Ўзбекистон коллежларида барча хоҳловчилар ўқиши мумкин, дарсларни адрагоглар олиб боради

Министерство высшего и среднего образования РУз
Аналитика
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
243370

Расмий Тошкент 20 йил деганда илк маротаба ўрта махсус таълим тизимини модернизация қилишга қарор қилди. Ниҳоят, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимида йиғилиб қолган муаммоларнинг ечими топилди

ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Касб-ҳунар таълими маркази раҳбари М.Холмухаммедов Спутник мухбири билан суҳбатда эндиликда коллежларда таълим қай асосда олиб борилиши ҳақида гапириб берди.

Ўзбекистонда касб-ҳунар коллежларида таълим тизими ўзгариши бу айни дамда фаолият юритаётган коллежларнинг "ёппасига ёпилади", дегани эмас. Ўзбекистон Президентининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида коллежлар вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарга бириктирилиши белгилаб қўйилган.

Юқори технологиялар сари интилган мамлакат

Ўзбекистондаги касб-ҳунар коллежларининг келажакдаги қиёфаси ҳақида гапиришдан аввал иқтисодиёти у қадар ривожланмаган мамлакатдан, қисқа вақт оралиғида, юқори технологиялар мамлакатига айланган, ушбу соҳада катта сакрашни амалга оширган Корея, Финляндия ва Сингапур ҳақида эсга олсак. Мамлакатлар бундай ютуққа ўз таълим тизимига тўғри ўзгартишларни киритгани, таълим тизимида тўғри сиёсатни олиб боргани учун эриша олди. Улар ўқитувчиликка истеъдодли кадрларни жалб қилиш мақсадида, уларнинг маоши ва обрўсини кескин оширган эди.

Таълим борасида энг илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, тажрибада қўллашни режалаштирган Ўзбекистон ҳам мана шундай тезкор ривожланиш йўлини танламоқда.

Келажак коллежлари қандай бўлади, бу соҳада қандай ўзгаришлар рўй беради, деган саволга жавоб олиш мақсадида Спутник Ўзбекистон мухбири пойтахтдаги касб-ҳунар таълими марказига ташриф буюрди.

Квалификация рамкалар ва касбий стандарт 

Касб-ҳунар таълими маркази раҳбари М.Холмухаммедов Спутник мухбири билан суҳбатда эндиликда коллежларда таълим қай асосда олиб борилиши ҳақида маълум қилди. Коллежлар вазирилик ва идоралар, буюртмачи иш берувчи корхоналар ва ташкилотларга бириктирилади.

"Ҳар битта тайёрлов йўналиши бўйича ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилади, миллий квалификация рамкалар белгиланади ва касбий стандарт ишлаб чиқилади. Профессионал стандарт маъноси шуки, дейлик, битта иш ўрни ишчидан қандай малака ва кўникмаларни талаб қилади, ушбу ҳолат ўрганилиб, шу асосда модулли ўқув режалари пайдо бўлади. Таълим жараёни эса доимий равишда такомиллаштирилиб борилади. Бундан мақсад —касб-ҳунар таълими тизими иқтисодиёт ривожланишининг муҳим компонентига айланади. Яъни, юқори малакали ишчи, касб эгалари, иқтисодиётнинг ўрта бўғини мутахассислари тайёрланади.

Айни дамда иқтисодиётда беш мингдан зиёд касб ва мутахассисликлар учун касб таълими бўйича маълумот талаб этилади", — деди суҳбатдош.

Яқин истиқболда профессионал стандарт, миллий квалификация рамкалари халқаро квалификация рамкаларига мос равишда ишлаб чиқилади. Бу деган коллежларда жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрланиши йўлга қўйилади. Касбларнинг, мутахассисликларнинг мураккаблигидан, ўқувчилар эгаллаши керак бўлган билими, малака, кўникма ва компетенциялар хажмидан келиб чиқиб дифференциаллашган 6 ойдан 2 йилгача бўлган таълим дастурлари жорий қилинади.

Аввалгилардан фарқи нимада бўлади?

Айни дамда коллежлар фақат 9-синф битирувчиларини қабул қилган бўлса, эндиликда бундай стандартлардан воз кечилмоқда.

Мисол учун фуқаро ўз касбини ўзгартиришни ният қилди, дейлик у ўзи яшайдиган ҳудудда янги қурилган текстил фабрикага ишга кириш учун касб-ҳунар ўрганмоқчи. Бироқ, бундай ниятда бўлганларга кескин "йўқ" жавоби берилган. Соғлиғи тўғри келмаганлиги сабабли, бошқа касбни эгалламоқчи бўлган фуқаролар ҳам худди шундай муаммога дуч келишган.

Эндиликда эса коллежларда нафақат мактаб битирувчилари, бунга қадар ҳам ўрта-махсус маълумот олган, олий маълумотга эга бўлган, ишсиз қолиш хавфи остида қолган ихтиёрий ёшдаги фуқаролар ҳам таҳсил олишлари мумкин бўлади.

Келгусида Ўзбекистон фуқаролари меҳнат бозорида талаб юқори даражада бўлган касб-ҳунар сирларини қисқа муддат ичида ўқиб ўрганишлари ёки меҳнат бозорида яхши иш ўрнини қўлга киритиш учун ўз малакаларини оширишлари мумкин бўлади.

Таълим шакли қандай бўлади?

Ҳозиргача коллежлар фақат кундузги таълим шаклига эга эди. Эндиликда коллежларда кундузгидан ташқари сиртқи, масофавий ва уйғунлаштирилган таълим йўналишлари йўлга қўйилади.

Шунингдек, ўқиш муддати ҳозиргидек 3 йил мажбурий бўлган бўлса, эндиликда касбларнинг мураккаблигидан келиб чиқиб 6 ойдан 2 йилгача муддатда ихтиёрий этиб белгиланди.

Яъни эҳтиёж бўлдими, келиб ўқиб кетавериш имконияти яратилди.

Таълимда жараён қандай кечади?

Эндиликда коллежларда таълим инновацион технологик жараёнга ўтказилади. Яъни, илгарилари, анъанавий таълим жараёнида дарсга кирилганда, ўқитувчининг айтгани айтган бўлиб, китобдан бошқа қўлланма бўлмаган.

Эндиликда бундай ҳолатлар ўтмишда қолади.Замонавий коллежларда ўқув материаллари касбга ўрганувчида тасаввур уйғотиши учун визуаллаштирилади, видеодарслар йўлга қўйилади (ўқувчи хоҳлаган вақтда ўтилган дарсни қайтадан кўриши мумкин бўлади), видеоинструкторлар таълим жараёнига киритилади (дарсда бирон сабаб туфайли қатнаша олмаган талабалар учун бу катта қулайлик туғдириши турган гап).

Шунингдек, виртуал амалий машғулотлар, мультимедия ресурслари яратилади, виртуал лабораториялар ташкил қилинади.

Эндиликда коллежларда қаттиққўл "мени айтганим бўлади" дейдиган педагоглар ўрнини инсоннинг ёшига қараб, унинг салоҳиятини белгилай оладиган, таълим олиш жараёнида унга ҳамроҳлик қиладиган "ўқитувчи-андрагог"лар эгаллайди. Уларнинг маҳорати ва салоҳиятини ошириш мақсадида янгитдан ташкил этилган инновацион ривожлантириш институтида махсус мақсадли ўқув курслари, семинар-тренинглар масофавий ҳамда онлайн курслар ташкил этилади.

Эндиликда коллежларда ўқувчилар ватанпарварлик руҳида ва профессионал касб эгалари қилиб тарбияланади.

Таълим пулли бўладими?

Таълим дастурлари тоифаларига боғлиқ бўлади: 50 дан ортиқ касбларга тайёрлаш таълим дастурлари 10-11 синфларда таълим олиш давомида ўргатилади ва тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Юқори технологик тайёргарлик талаб қиладиган 6 ойдан 1 йилгача бўлган касбий таълим дастурлари буюртмачи иш берувчи корхоналар, идора ва ташкилотлар томонидан молиялаштирилади.

Буюртмачиси бўлмаган шахслар ўзларининг шахсий жамғармалари ҳисобидан тўловни амалга ошириши мумкин.

1,5 — 2 йиллик мутахассисликни эгаллаш бўйича ўрта махсус ўрта бўғин таълим дастурлари олий таълимга муқобиллик асосида бир қисми грант ҳисобидан, бир қисми контракт ҳисобидан амалга оширилади.

Келгусида коллежларда стипендиялар, бепул тушликлар ташкил этилиши мумкинми, деган саволга марказ раҳбари, "коллежларда стипендия, озиқ-овқат, кийим кечаклар билан таъминланиш масалалари коллежни сақлаш харажатларини қоплайдиган вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари имкониятлари доирасида белгиланади.

Иқтисодий жиҳатдан барқарор вазирлик, идора, корпорациялар, йирик иш берувчилар ўзларининг акционерлари, ички имкониятлари доирасида ўқувчилар учун қўшимча стипендия ва шу каби қўллаб-қувватлашларни амалга оширишлари мумкин", — деди.

Муаллифдан: Технологик янгиликларни таълим тизимига киритиш - таълим тизимини ҳозирги даврнинг энг қизиқарли жараёнларидан бирига айлантиради, бу шубҳасиз. Демакки, таълим соҳасидаги ислоҳотларни ўз тараққиёт стратегияси, ички сиёсатининг энг муҳим  йўналишларидан бири сифатида белгилаб олган Ўзбекистон яқин келажакда таълим тизими билан ҳам дунё эътирофига сазовор бўлади.

Асосий мавзулар