21:28 01 Июн 2020
Эфир
  • RUB121.10
  • EUR10637.67
  • USD9554.22
Аналитика
Ҳавола олиш
2737121

АҚШдаги инвестиция компанияларидан бирининг катта сармоя таҳлилчиси Аробиддин Тўрахонов ўз фаолияти ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ўртоқлашди

ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik, Дилшодбек Асқаров. АҚШдаги инвестиция компанияларидан бирида катта сармоя таҳлилчиси сифатида фаолият юритаётган Аробиддин Тўрахонов Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, АҚШдаги ватандошлар ҳамда мамлакат тараққиёти борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Аробиддин, келинг, ёшлигингизни ёдга олайлик.

- Андижон шаҳрида туғилганман. Аввалига шаҳримиздаги 50- мактабда (параллел синфда бокс бўйича жаҳон чемпиони Руслан Чагаев ўқиган), кейинчалик 10-11-синфларни академик лицейда муддатидан аввал тамомлаганман.

1990-92 йиллари республикада бадминтон бўйича 1-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон байроғини Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақада баланд кўтарган куним ҳалигача ёдимда ва ўшандаги ҳиссиётни ҳеч қачон унутмайман.

Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтида (ҳозирги Андижон машинасозлик институти) ўқиш даврида пахта теримига чиққанмиз ва энг кўп пахта терган талаба сифатида ректоримиз Тоҳиржон Иминов томонидан қўл соати билан тақдирланганман. Бу соатни дадамга совға қилганман.

Аробиддин Тураханов
Фото из личного архива
Аробиддин Тураханов

Ҳаётимда асосий ўзгариш Тошкент Давлат техника университети қошидаги Малайзия-Ўзбекистон бизнес бошқарув факультетига қабул қилинганимдан кейин рўй берди. Бу олийгоҳ фикрлашимни буткул ўзгартириб ташлади. Бу масканда эркин фикрлашга тўсқинлик йўқ, талабалар орасида рақобат кучли эканлиги катта аҳамиятга эга бўлди. 1996-2000 йиллари бу факультет кучли ҳисобланган. Бизнинг ўша пайтдаги деканимиз Рустам Қосимов бўлганлар. Ажойиб инсон. Инглиз ва араб тилларини мукаммал билади ҳамда ҳақиқий психолог. Шу инсон сабаб Лондонда сабоқ олишга муяссар бўлдим. Дарвоқе, ўғлимнинг исми ҳам Рустам.

- Илк бор ишлаб топган пулингизни эслай оласизми? Қандай ишлаб топгансиз ва нимага сарфлагансиз? 

- Ҳа, албатта. Етти ёшимда ёз фаслида уч ой қишлоқдаги қариндошларимникида турганман. Ўшанда беда уруғини териб сотганман. Топган пулимнинг бир қисмини қўл соати сотиб олишга сарфлаганман. Бунинг сабаби, вақтни тежашни яхши кўрардим.

Кейинчалик тоғаларимдан бири билан қовун сотганман. Тўплаган пулларимга қадимий қоғоз пуллар ва тангалар сотиб олардим. Андижон шаҳридаги музейга бориб ўша ердаги қадимий пулларни томоша қилардим.

- Ҳаётингизда касбингизни танлашингизга таъсир қилган воқеа, китоб ёки инсон бўлганми?

— Бу борада бизнинг оилада дадам ва онам орасида ҳамиша келишмовчилик бўлган. Ўша даврда дадам ички ишлар бўлимида ишлагани учун мени Москвадаги Суворов мактабига юбормоқчи бўлганлар. Онам эса туғруқхонада ишлагани учун ҳамиша шифокор бўлишимни орзу қилганлар. Лекин тақдирим иқтисод ва молия соҳаси билан боғлиқ экан.

Лондонда ўқиб юрганимда "Ёлғончи брокер — rogue trader" ва"Маймунча иш — monkey business" деб номланган, реал воқеалар асосида ёзилган молия бозори мавзусидаги китобларни ўқиган эдим. Менда бу китоблар капитал бозори қанчалик муҳимлиги тўғрисида таассурот қолдирган.

-Касбий фаолиятингиз нимадан бошланган? Бугунги даражангизга қандай эришгансиз? Айни пайтда ишингиз нимадан иборат?

— Касбим танланиши тасодифий. Афсуски, менда ментор (йўл кўрсатувчи) бўлмаган ва мен кўп вақтни бой бериб қўйдим деб ҳисоблайман.

1997-98 йиллари Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорида брокерлик фаолиятини амалга ошириш лицензиясига эга бўлган энг ёш мутахассис бўлганман. Дастлабки иш фаолиятим ҳам Тошкент Фонд биржасидан бошланган.

Ҳозирда АҚШдаги молиявий компанияларнинг бирида шу компания ўзи учун сотиб оладиган ва сотадиган акция ва облигацияларни бошқаришда катта сармоя таҳлилчиси вазифасини бажараман.

Ҳар бир ютуқ ортида кўп меҳнат ва сабр-тоқат ётади. Инглизларда бир гап бор: Your level of success is only predetermined by your level of effort. Яъни сизнинг муваффақиятингиз даражаси саъй-ҳаракатингизга боғлиқ.

- Ишингизнинг сиз учун қизиқарли жиҳати нимада?

— Қизиқарли томони шундаки, бозор ҳамиша ўзгарувчан ва бу биздан доимий равишда изланишни, янги нарсаларни ўрганишни, ўз устимизда ишлашни талаб қилади. Яна бир жиҳати — эркин фикрлаш ва дўстона муҳитнинг борлиги.

- АҚШдаги тажрибангиздан келиб чиқиб Ўзбекистон молия муассасалари олдида турган вазифа нималардан иборат деб ўйлайсиз? Америка тажрибаси Ўзбекистонда қўллаш учун мос келадими? 

- Биласизми, иккита бозор бор: товар ва молия бозорлари. Товар бозори секин ҳаракат қилади, молия бозори эса жуда тез. Иқтисодни кўтариш учун банк-кредит ва қимматбаҳо қоғозлар бозорлари тизимларини ҳам ривожлантириш керак деб ўйлайман. Бу ҳам сармоя олиб келади, ҳам капитал айланишини тезлаштиради.

Банк-кредит соҳасида менимча немис ва япон тажрибасини қўллаш керак. Яъни тадбиркордан (қарз олувчидан) 110% гаров талаб қилиш эмас, балки унинг тадбиркорлик фаолиятидаги муваффақият ва инқироз (SWOT анализи) эҳтимолларини яхшироқ ўрганиш ва банк пулни қайтариб олгунга қадар тадбиркор фаолиятини назорат қилиш керак. Фонд бозори тажрибасини АҚШдан олса бўлади.

Ўзбекистонда суғурта бозори ҳам суст ривожланган. У молия бозорининг асосий қисмларидан бири.

Америка тажрибаси нима эканлигига аниқлик киритсак. Америка иқтисодиёти эркин бозор принципига асосланади. Капитал эркин фаолият юритади. Рақобат кучли. АҚШда энг кўп янгиликлар ахборот технологиялари индустриясида кузатилади. Нега? Чунки бу соҳага ҳукумат энг кам аралашган ва бу соҳа энг кўп эркинликка эга. Албатта, АҚШда ҳам камчиликлар йўқ эмас.

Давлат хусусий сектор билан рақобат қилиши керак эмас. Бунинг учун хусусийлаштириш жараёнини тезлаштириш керак. Ўзбекистонда банк секторида 60% активлар давлатга тегишли банклар қўлида.

- Ўзбекистондаги ўзгаришларни кузатиб борасизми? Бугунги ислоҳотлар ҳақидаги фикрингиз? Валюта бозорининг либераллаштирилиши мамлакат иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатади?

— Ҳа, албатта, кузатиб бораман. Ўзбекистон менинг ватаним. Ўзбекистонда ҳар бир соҳада инқилоб бўляпти. Афсус, буни ҳамма ҳам ҳали тушуниб етмади. Бундай ислоҳотларга эришиш учун айрим мамлакатларда қон тўкилади ёки бунга умуман эриша олмайди. Ўзбекистонда бу тинч йўл билан кечаётганлиги президентнинг доно сиёсат юритаётганлигидан дарак беради.

Биринчи йилнинг ўзидаёқ валюта бозорининг эркинлаштирилиши Ўзбекистон иқтисодиётининг энг катта ютуқларидан бири бўлди. Бунинг мевасини беш йилдан кейин кўра бошлаймиз.

Биласизми, валюта бозорини эркинлаштириш ёки ундай қилмаслик борасида юқори доираларда кўп мунозаралар бўлган, албатта. Менимча, 2000-йилларда конвертацияни очиш керак эди.

Фикримча, шу кунгача валюта бозорининг либераллаштирилмагани кўпроқ сиёсий масала бўлган, иқтисодий эмас. Мана, конвертация очилди. Инқироз бўлдими?

Инқироз бўлиши учун иқтисодиёт катта бўлиши, спекулятив ҳужум бўлиши керак, яъни ҳамма бирданига сўмни сотиши ва пулини олиб чиқиб кетиши, капитал танқислиги ва бошқалар. Бизда долларизация (жамғармасини долларда сақлаш) тизими аллақачон ҳаётимизга кириб бўлган. Қолаверса, Ўзбекистоннинг олтин-валюта резервлари 28 млрд долларга тенг. Бу ялпи ички маҳсулотимизнинг деярли 40% ини ташкил этади. Ташқи қарзлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан атиги 12-13% атрофида.

Яна бир нарсани айтиб ўтиш зарур: валюта инқирози бу аномалия, яъни ҳаттоки соғлом иқтисодиётда ҳам ҳар 19-24 ойда кузатилиши мумкин. Шунинг учун у билан курашиш тизимини пухта ишлаб чиқиш керак. Марказий банк эътиборни инфляцияга эмас, балки ялпи ички маҳсулот ўсиш даражасига қаратиши керак деб ўйлайман.

Бугунги кунда Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми тахминан 190 млрд долларга тенг. Ўзбекистонда бу кўрсаткич уч баравар паст. Шу билан бирга, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 75%и Қозоғистонга, 25%и эса Марказий Осиёнинг қолган мамлакатларига тўғри келади. Лекин Ўзбекистоннинг имкониятлари, салоҳияти ва аҳоли сони Қозоғистонникидан юқори.

- Сизнингча, қандай қилиб Япония ва Сингапур каби ривожланган давлатга айланиш мумкин?

— Японлар даражасига эришиш учун японлар каби фикрлаш, японлар каби меҳнат қилиш, японларга ўхшаб ҳалол турмуш тарзига ўтиш керак. 

Биласизми, араб давлатларидан Европага ташриф буюрган ислом уламоларидан бири қуйидаги гапни айтган экан: мусулмонни кўрмадим, лекин исломни кўрдим.

Авваламбор ҳалол яшашимиз, бир-биримизни алдаш, бировнинг ҳақини ейишдан узоқроқ юришимиз керак. Кўп муаммоларнинг ечими оддий. Бунинг учун Ватанни севиш, масъулиятни ҳис қилиш, миллий қадриятларимиз, муқаддас динимиз ва ҳадисларга таяниб яшаш керак деб ўйлайман.

Бугунги кунда бўлаётган ўзгаришлар шу тезликда ва шундай давом этса, биз ҳам Япония ва Сингапур даражасига етиб олишимизга имконият бор. Мен президент Шавкат Мирзиёевга, халқимга ишонаман, Ўзбекистон келажаги буюк давлат бўлишига ҳеч шубҳам йўқ. Лекин бунга вақт керак, сабр ва кўп меҳнат талаб қилинади.

Ривожланган давлатлар моделларининг яхши томонларини ўрганишимиз ва ўзимизга мос келган томонларини қўллашимиз, хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқани кучайтиришимиз керак. Ундай қилмасак, Тож Маҳаллар АҚШ, Европа ва Россия каби мамлакатларда қурилаверади.

- Ўзбекистонда иш самарадорлигини ошириш учун раҳбарлар нималарга эътибор бериши керак деб ўйлайсиз?

— Катта ислоҳотлар қилиш мумкин, лекин айрим нарсалар ўзгариши учун вақт талаб этилади. Фарзанд туғилиши учун 9 ой, балоғатга етиши учун 18 йил кутиш керак.

Ҳозир энг асосийси, ўз касбининг усталарини, эгаларини, ҳалол инсонларни ишга жалб қилиш. Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар кўп, лекин аксарияти хусусий секторда ишламоқда. Агар давлат идоралари ишга қабул қилишни танлов орқали қилса, менимча яхши мутахассисларни жалб қилса бўлади.

Бунинг учун ишга қабул қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш керак, мустақил тест синовлари, кейин эса суҳбат каби босқичлар ташкил қилиш керак.

Эски автобиографик анкеталардан воз кечиб, янгича резюме каби қарашларни киритиш керак. Ишга қабул қилиш анкеталаридаги ёши, миллати, қайнотаси, бобоси тўғрисидаги маълумотларнинг ходим малакасига алоқаси йўқ. Ундан кўра билими, характери, тиришқоқлиги, изланувчанлиги, ҳалоллигига эътибор қаратилса, менимча самараси яхшироқ бўлади.

Кейин, ходимларга имтиёзлар (текин суғурта, арзон уй, кредит ва бошқалар) яратилиши керак. Яна бир муҳим масала, ишга жалб қилгандан кейин уларнинг эркин фикрлай олишига тўсқинлик қилмаслик. Бунинг учун уларни ҳимоя қилиш дастури яратилиши керак. Яъни раҳбарият сабабсиз (ишга боғлиқ бўлмаса) ишдан ҳайдай олмаслиги керак. Мабодо ишдан ҳайдалса, бу инсонларга камида олти ой мобайнида тўлиқ ойлик тўлаш керак, чунки уларнинг ҳам оиласи, қорни бор. Шу вақт ичида унга бошқа иш топиб олиш имконияти берилади.

АҚШда раҳбар ишга ўзидан ақллироқ инсонларни олишга ҳаракат қилади. Чунки ишни бажарадиган одамлар қуйи поғонадагилардир. Ривожланган давлатларда раҳбарият ва қуйи қатлам ўртасидаги муносабат ҳурмат асосига қурилган. Мисол учун, бизнинг раҳбар ҳеч қачон хонасида ўтириб олиб, ходимни ўзининг олдига чақирмайди. Саволи бўлса, ўзи олдимизга келади ва фикримизга қулоқ солади, ҳисоблашади.

- АҚШдаги ўзбек диаспораси билан мулоқот қилиб турасизми? Улар Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақида қандай фикрда?

- Ҳа, албатта. Бу ерда дўстларимиз кўп, улар билан алоқамиз бор. Ўзбекистондаги ўзгаришлардан ҳамма хурсанд. Бўлаётган ўзгаришлар, айниқса Миллий хавфсизлик хизмати билан боғлиқ ислоҳотлар кўпчиликда келажакни Ўзбекистон билан боғлаш ва қайта тиклаш умидини кучайтирди. Биз ўзбекларда тарбия бошқача. Ватанга муҳаббат кучли. АҚШда ҳам Ўзбекистон Мустақиллиги кунини ош билан кутиб оламиз.

- АҚШдаги ватандошлар Ўзбекистон равнақи учун ҳисса қўшишга қай даражада тайёр? Уларнинг салоҳиятидан фойдаланиш учун қандай шарт-шароитларни яратиш керак?

— Кўп ватандошлар Ватан ривожига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр. Бунинг учун шарт-шароит, яъни уларнинг эркин фаолият олиб боришига имконият берилиши керак.

Ўзбекистонда тизим қандай ҳолатда эканлиги тўғрисидаги фикр биринчи бўлиб хорижий аэропортларда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ходимларига юкларни топшириш ва чиптани регистрация қилиш пайтида, кейингиси эса Тошкент аэропортига қўнгандан кейин юкни олиш ва чегарадан ўтиш пайтида ҳосил бўлади.

- Келгусида Ўзбекистонга қайтиш ёки АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлигида бирор лойиҳани амалга ошириш режангиз борми?

— Бундай режалар йўқ эмас. Шахсан мен ҳеч қачон бир умр АҚШда қолиб кетиш ниятида эмасман. Ҳозирги кунда бир лойиҳа устида ишлаяпман. Насиб қилса, ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистон равнақига оз бўлса-да яна бир бор ҳисса қўшиш истагидаман.

Асосий мавзулар