07:07 21 Сентябр 2018
Эфир
  • RUB118.05
  • EUR9347.75
  • USD8039.00
Совместное фото участников конференции по Афганистану в Ташкенте

Афғонистон бўйича Тошкент анжумани: кутилган реакция, АҚШ позицияси ва тинчлик сулҳи

Sputnik / Рамиз Бахтияров
Аналитика
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
99681

"Тошкентда ўтказилган Афғонистон бўйича анжуманга дунё ҳамжамияти одатдаги бир тадбир сифатида қарадими? АҚШдан қаттиқроқ позиция кутилган бир вақтда нега бундай бўлмади? Нега Афғонистон мавзуси яна сиёсат майдонига олиб чиқилди?", деган саволлар билан Sputnik мухбири шарқшунос олим Муҳаммаджон Қодировга мурожаат қилди

Сиёсатшунос Қодиров Тошкентда бўлиб ўтган "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" анжуманини "Толибон"га расмий мурожаат дея баҳолади.

Тошкент анжуманида уруш ва бузғунчилик, олов исканжасида қолган Афғонистон халқига дунё ҳамжамияти томонидан тинчлик қўли узатилди. 

Афғонистон мавзуси кўп йиллар давомида Ўзбекистон ва унинг аҳолиси учун ёпиқ бўлган. Бу факт Афғонистон бўйича Тошкент анжумани бошланиши арафасида фаолияти йўлга қўйилган матбуот-марказда экспертлар томонидан айтиб ўтилди. Қолаверса, матбуот-марказга таклиф этилган спикерлар ҳамда анжуман нинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон раҳбари томонидан нега бугун "жафокаш афғон халқи" атамаси қўлланилаётгани борасида ҳам изоҳлар бериб ўтилди.

Хусусан, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов Афғонистон урушининг уч босқичи ҳақида маълумотларга тўхталиб ўтган бўлса, Ўзбекистон президенти "уруш олови" афғон халқига четдан тиқиштирилгани, бу унинг танлови эмаслигини таъкидлади, Сенат раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ўз чиқиши давомида 20 йилда Афғонистоннинг 11 нафар раҳбари — у қирол бўладими ё президент ёки отиб ўлдирилган ёки фитна ва тўнтариш натижасида ўз лавозимидан кетганини эслатиб ўтди.

Шарқшунос Қодировга кўра, 26-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган анжуман — ўзбек дипломатияси жонланганидан дарак беради. "Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ўз муаммолари билан андармон бўлган бир вақтда Ўзбекистон томоннинг ушбу ташаббуси — эътирофга сазовор", — деди у.

Шу билан бирга эксперт Ашраф Ғанининг "Қобул жараёни"да "Толибон"ни сиёсий партия сифатида тан олиши, улар билан мулоқот қилишга ва керак бўлса паспорт беришга тайёрлиги, агар толиблар қуролдан воз кечса, меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароитларни яратиши ҳақидаги қарорини ижобий баҳолади.

Аммо Қодиров анжуманда сўзлаган нутқи давомида пўписадан фойдаланган ва бу билан Ашраф Ғанининг бир муддат илгари айтилган гапларию, Тошкент анжумани иштирокчилари ўз олдиларига қўйган мақсад ва вазифаларини пучга чиқаришга ҳаракат қилган АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шенноннинг нутқини шошилинч нутқ дея баҳолади.

Шеннон агар "Толибон" ҳаракати вакиллари музокаралар столи атрофида жамланмаса, АҚШ толиблар билан курашишни давом этишини таъкидлаган эди.

"Ўзбекистон томоннинг ташаббуси эътирофга лойиқ, бу шубҳасиз. Тинчлик сулҳини таклиф этиш учун "Толибон"га шарт қўйманглар деб айтилаётган ва "Толибон"дан ҳам шундай ҳаракатлар кутилаётган бир вақтда олдиндан шарт эълон қилиш керак эмас. Ҳамма мамлакатлар ушбу анжуманда ёрдамга тайёрмиз деб турган вақтда, АҚШ зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиши керак эмас", — деди Қодиров.

Эксперт дунё ОАВларининг анжуманга реакциясида танқидий муносабатлар бўлмаганини, аксинча барча ижобий баҳолашганини ҳам қўшимча қилди.

"Албатта, бошида барча экспертларни қизиқтиргани каби "Толибон"нинг анжуманга келиш-келмаслиги масаласи мени ҳам бефарқ қолдирмади, "Толибон"нинг Тошкентга нега келмаслиги дунё ОАВларида кенг ёритилди, аммо Тошкент анжумани — бўлажак музокаралар учун майдон ҳозирлаганининг ўзи ҳам энг катта иш сифатида эътироф этиш шарт".

Эксперт шунингдек, толиблар бирлашмаган гуруҳлардан иборат ҳаракат эканлигини таъкидлаб ўтди.

"Енгилиб келаётган "Ислом давлати" жангарилари Афғонистоннинг Ўзбекистонга чегарадош бўлган қисмида пуштунлар ичида иш олиб бораётгани ҳақида маълумотлар бор. Бу ерда "ИД" ҳеч қандай позицияга эга эмас, уларнинг пули бор, холос. Ҳар бири 20-40 кишилик гуруҳдан иборат бирлашмаган толибларнинг қўлида эса қурол бор. Толиблар гуруҳлари катта бир дивизия еки полк даражасида ҳам эмас. Лекин қўлида қуроли бўлгандан кейин ҳар бири ўзига хон ўзига бек бўлади. Қўмондонлик, бир марказга бўйсуниш, интизом йўқ чунки", — деди эксперт ва толибларнинг умумий бир вакили йўқлигини қўшимча қилди.

Эксперт журналист билан суҳбатда Афғонистон аҳолисининг тўртдан уч қисмини ёшлар (тахминан 75%) ташкил этишини айтди ва таълим масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

"Нафақат афғон ёшларини, балки "Толибон" ҳаракати вакилларини ҳам ўқитиш керак. Уларни олийгоҳларга турли факультетларга жойлаш керак. Балки ўшанда урушлар барҳам топиб, толиблар оиласи аъзоларида ҳам тирикчиликка умид пайдо бўларди. Тинчлик бўлган жойда чет эл қўшинлари нима қилади? Эҳтимол ўшанда ўн йиллардан сўнг Америка ҳам Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетарди", — деди Қодиров.

Эксперт қирқ ёшга кирган инсоннинг қурол ушлашдан бошқа нарсани билмаслиги(бу "Толибон" ҳаракатида кенг тарқалган ҳолат)ни катта хавф дея баҳолади. Ва агар толибларни Ўзбекистонга ўқишга таклиф этишадиган бўлса, уларга ўзларининг она тилисида дарс беришга тайёрлигини маълум қилди.

Теглар:
тинчлик, Шеннон, Тошкент анжумани, Толибон, Ашраф Ғани, Афғонистон, Мирзиёев

Асосий мавзулар