05:59 17 Октябр 2018
Эфир
  • RUB123.85
  • EUR9490.14
  • USD8208.04
Узбекские милиционеры

Ўҳў: "саваланган" Ёшлар Иттифоқи, халқ ғазабини қўзғаган опер ва нархланган санъаткорлар

Sputnik
Аналитика
Ҳавола олиш
179870

Ўтган ҳафта Ўзбекистонда шов-шувли воқеаларга бой бўлди. Хусусан мамлакатда иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар оширилди. Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш масалаларига бағишланган видеоселектор ўтказди. Опер воқеаси ҳафтанинг энг шов-шувли хабарига айланди

Шундай қилиб, июл ойи бошланиши билан Ўзбекистонда содир бўлган энг муҳим хабарларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдори оширилиши

Ўзбекистон президенти 2 июлда иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида фармонни имзолади. Фармон талабларига кўра, 2018 йил 15 июлидан бюджет муассасалари ходимларининг иш ҳақи, пенcиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,07 баравар оширилади.

Ҳужжатга кўра, эндиликда Ўзбекистонда энг кам: иш ҳақи — ойига 184 300 сўм; ёшга доир пенcиялар — ойига 360 460 сўм; болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 360 460 сўм; зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 221 190 сўм миқдорида этиб белгиланади.

Мирзиёев "Ёшлар Иттифоқи"ни кескин танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 июлда ёшлар билан тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда "Ёшлар Иттифоқи"ни кескин танқид остига олди.

"Ҳар бир ёшнинг жамиятда муносиб ўрнини топиши учун уларни қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратишни ислоҳотларимизнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб, кенг кўламли амалий ишлар олиб бормоқдамиз. Жумладан, "Камолот" ёшлар ҳаракати негизида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини туздик, ёшлар билан ишлашда янги тизим ва ёндашувларни жорий этяпмиз. 30 июнда мамлакатимизда биринчи марта "Ёшлар куни"ни кенг нишонлаб, янги ижобий анъанани йўлга қўйдик. Аммо ёшлар билан ишлашда ҳамон камчиликлар мавжуд.

Жумладан, катта мақсадлар билан тузилган Ёшлар Иттифоқи ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишда етарлича эътибор бермаяпти. Ташкилот ўтказаётган айрим тадбирлар дабдабабозлик, ўзини "кўз-кўз" қилишга ўхшаб қолаяпти", — деди Ўзбекистон раҳбари.

Шунингдек, 4 та сектор раҳбарларининг кўпчилиги ҳали ёшлар масаласи билан тўла шуғулланмаётгани қайд этиб ўтилди.

Жорий йил ўтган даврида содир этилган 17,5 минг жиноятнинг қарийб 31 фоизи ёшлар ҳисобига тўғри келмоқда. Ўзбекистон бўйича жиноят содир этган 22 минг шахснинг 11 минг нафарини ёшлар ташкил этиб, бу кўрсаткич Андижон, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, айниқса, юқорилигича қолмоқда. Қашқадарёда жиноят содир этган ёшларнинг 70 фоизини ўқимайдиган ва ишламайдиганлар ташкил этган (Андижонда 57, Сурхондарёда 43, Жиззахда 42 фоизга тенг).

Санъат Умаров иши

Чоршанба куни интернетда ИИБ ходими қўлга олинган аёл кишининг шаъни ва обрўсини таҳқирлагани тасвирланган видео тарқалди.

Видеотасвирда ўзи кўринмаëтган эркак киши камера қаратилган аëлни қаттиқ ҳақорат билан кийимларини ечиб, қип-яланғоч бўлишга мажбурлайди. Кадр ортида яна бир аëлнинг айни дўқ-пўписа остида ечинишга мажбурланаëтгани овози эшитилади.

2018 йил 22 июнда ўша таҳқирланган аёл (Н.Т.) Самарқанд вилоят ДХХ бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров ва бошқалар уни ҳақорат қилиб, ечинишга мажбур қилишганликларини маълум қилган.

Прокуратура Каттакўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили Умаровга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатди. Умаров ички ишлар органларидан салбий ҳаракатлари учун бўшатилган. Ҳозирда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Каттақўрғон шаҳар ИИБда хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Бу ўта салбий ҳолат бўйича ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилар томонидан кескин танқидий фикрларни билдириши тўхтамаяпти.

Ўз навбатида Бош прокуратура, ИИВ расмий муносабатлар эълон қилишди. ИИВ раҳбарияти бундай салбий ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва ички ишлар органлари сафларини нопок, тасодифан кириб қолган ходимлардан тозалаш мақсадида, доимий равишда кескин чоралар кўриб борилиши маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Хотин-қизлар раиси Танзила Норбоева, Самарқанд вилояти хотин-қизлари қўмитаси раиси Ҳамротош Шодиева "нопок опер" ҳатти-ҳаракатларини кескин қоралаб чиқдилар.

Нархи белгиланган санъаткорлар

"Ўзбекконцерт" тўйларга чиқадиган санъаткорларнинг имтиёзли нархга эга рўйхатини тузди. Санъаткорлар хизмат нархлари ош тадбирларини ўтказиш 500 мингдан 800 минггача, тўй ва юбилей тадбирларини ўтказиш эса 800 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача белгилаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев 29 июнда Тошкентдаги Олмазор тумани фаоллари билан ўтказган йиғилишда дабдабали тўйлар мавзусида ҳам ўз фикрларини гапирди.

Президентнинг сўзларига кўра, дабдабали тўйларни ҳеч ким ўз маоши эвазига қилмайди. Бу эса, оғир аҳволда кун кечираётган аҳоли ғазабини келтириши мумкин.

"Тасаввур қилинг, ойлиги йўқ, иши йўқ, шифохонага боришга, дори олишга пули йўқ одамга 20 та машинада тўй қилган одам қандай кўринади? Ёқадими? Мен ўйлайман ёқмайди. Адолатсиз. Ман-ман деган одамга битта савол: шу зўр тўй қилган одам ойлигига қила оладими? Энг оддий фуқаромиз ҳам сал ўзини тиклаб олсин. Уни, кечирасиз, оддий тилда айтганда, ғазабини келтирмайлик", — деган эди Ўзбекистон раҳбари.

Асосий мавзулар