00:54 21 Октябр 2019
Эфир
  • RUB147.25
  • EUR10438.58
  • USD9455.24
Президент РФ Владимир Путин и президент Узбекистана Шавкат Мирзиеев (справа) на церемонии официальной встречи в Ташкенте.

Путин ташрифи мақсади: Ўзбекистон ва Россия I минтақалараро ҳамкорлик форуми якунлари

Пресс-служба Президента РФ
Аналитика
Ҳавола олиш
Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи (31)
332530

Ўзбекистонга шу пайтгача хориж давлатларидан бу қадар кўпсонли "десант" келиб тушмаган. Биринчи Ўзбекистон-Россия минтақалараро форуми давомида, умумий ҳажми 25 миллиард долларга тенг 800та келишувлар имзоланди. Форум якунларини эътиборингизга ҳавола қиламиз

ТОШКЕНТ, 19 окт - Sputnik. Россия ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий соҳада умумий ҳажми 6,2 миллиард долларлик келишувлар ва инвестиция соҳасида 20,8 миллиард долларлик 202 та битим имзоланди.

Икки давлат ташкилотлари томонидан имзоланган ҳужжатларнинг умумий ҳажми 25 миллиард долларни ташкил қилди.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, Ўзбекистон-Россия биринчи минтақалараро ҳамкорлик форуми икки кун - 18-19 октябр кунлари давом этди ва Ўзбекистонга хориж давлатлари орасида биринчи марта айнан Россиядан бу қадар кўп "десант" келиб тушди.

Самарали майдон

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазири Ботир Ходжаев Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг биринчи минтақалараро ҳамкорлик форумидаги иштирокини икки давлат вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига нисбатан катта эътибор сифатида баҳолади.

Ходжаев маълумотига кўра, иқтисодиётнинг турли жабҳалари вакиллари, давлат тузилмалари, парламент, икки давлат регионлари ҳокимияти органлари вакиллари иштирок этган ушбу форум майдончаларида 11та бизнес учрашувлар ўтказилган. Тадбирда Россиянинг 17та регионидан 173 нафар администрация вакиллари ва 400дан ортиқ Россия компаниялари қатнашган.

"Бундай салмоқли делегация ташрифи туфайли умумий ҳажми 25 миллиард АҚШ доллари бўлган 792тадан зиёд иккиёқлама битимлар ва меморандумлар имзоланди", - деди Ходжаев.

Вазир баёнотига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасида 20та улгуржи-тақсимот марказларини ташкил этиш бўйича келишув имзоланган. 

"Мисол учун, Оренбургдаги лойиҳа ноёб жойлашувга эга, деб таъкидлаш мумкин. Чунки - Ғарб-Шарқ, Жануб-Шимол ва Европа-Ғарбий Хитой сингари халқаро транспорт коридорлари шу ердан ўтади. Россиялик ҳамкорлар билан биргаликда эришилган келишувларни кенг кўламда ҳаётга татбиқ этиш бўйича ўз сайи-ҳаракатларимизни кучайтирамиз ва шу мақсадда, ҳар бир лойиҳа, хусусан, 79та қўшма корхона, 23та савдо уйлари ва 20та улгуржи-тақсимот марказларини ташкил этиш бўйича аниқ "йўл хариталари" ишлаб чиқилади", - деб маълум қилди Ходжаев.

Орешкин: Ўзбекистон иқтисодиёти собиқ СССР мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичга эга бўлади

Россия иқтисодий ривожлантириш вазири Максим Орешкин форум якунида сўзлаган нутқида, ушбу тадбир ноёб воқеа бўлганини, гарчи илк бор ташкил этилган бўлса-да, рекорд натижа қайд этганини маълум қилди.

"Россия томондан форумда 1200 киши қатнашди, бу эса Россия ва Қозоғистон ўртасида ўтказилган форум кўрсаткичларидан икки баробар кўп", - деди у.

Орешкин ушбу форум - Ўзбекистон президенти ташаббуси натижаси эканини, Шавкат Мирзиёев 2017-йилнинг апрел ойида Россияга амалга оширган ташрифи давомида бу борадаги ишларни бошлаб берганини айтди.

"Россиянинг 300дан ортиқ компанияларидан 800дан зиёд вакиллар келишди. Улар ўзбекистонлик ҳамкорлар билан бизнесни ривожлантиришга тайёр. Тадбирга билдирилган катта қизиқишга ҳайратланмаса ҳам бўлади, негаки, Ўзбекистон - аҳоли сони тезликда ошаётган, иқтисодиёти тараққий этаётган давлат. Чуқур ўйлаб амалга оширилаёган иқтисодий ислоҳотлар туфайли яқин йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти собиқ совет иттифоқи ҳудудида энг юқори кўрсаткичларни намоён этади", - деб таъкидлади россиялик амалдор.

Орешкин, шунингдек, форум давомида икки давлат вакиллари ўртасида ҳамкорликдаги кўплаб лойиҳалар муҳокама қилинганини айтиб ўтди. Булар: қишлоқ хўжалиги, текстил соҳаси, логистика, энергетика, рақамли иқтисодиёт ва бир туркум бошқа йўналишлар.

Бизнес-завтрак в рамках первого межрегионального российско-узбекского форума в Ташкенте
© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Бизнес-завтрак в рамках первого межрегионального российско-узбекского форума в Ташкенте

Орешкин, шунингдек, сўнгги 1 йил ичида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, маданий ва минтақалараро ҳамкорлик алоқалари дадил ривожланганини таъкидлади.

"Бизнинг вазифамиз эса, белгилаб олинган режаларни ҳаётга татбиқ этиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини шакллантиришдан иборат. Ҳамкорликдаги фаолиятимиз иқтисодиётимизни жадаллик билан ривожлантиришга, аҳолимизга эса ўз даромадларини ҳаёт сифатига татбиқ этишга хизмат қилади", - деб ишонч билдирди Орешкин.

Мирзиёев: Россия бизнинг стратегик ҳамкоримиз ва иттифоқдошимиз

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқиши давомида форумнинг ташкилий жиҳати ва юқори даражада ўтказилгани - икки давлат ўртасидаги ўзаро қизиқиш ва ҳамкорликнинг улкан салоҳиятидан далолат беришини қайд этди. 

"Стратегик шеригимиз ва иттифоқдошимиз - Россия Федерацияси билан барқарор ва ишончга асосланган муносабатларимизни юқори баҳолаймиз ва самимий қадрлаймиз. Шу бугун тўлиқ ўзаро тушуниш ва ишонч, очиқлик руҳида ўтган музокаралар - бизнинг кўпқиррали ҳамкорликларимизни халқларимиз манфаати йўлида кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича қатъий ниятимизни намоён этди. Бу борада биз минтақалараро ҳамкорликка муҳим аҳамият қаратмоқдамиз", - деди Ўзбекистон етакчиси. 

Мирзиёев икки давлат ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик айниқса, сўнгги бир йил ичида фаол тус олганини, Ўзбекистоннинг 14та региони раҳбарлари Россиянинг 26та субъектида ташриф уюштиришганини қайд этди. Бугунги тадбирда Россиянинг 18та субъектлари вакиллари иштирок этишаётгани ва бунақаси шу пайтгача бўлмаганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон президенти форум иштирокчиларига мурожаат қилар экан, бизнес доираларга икки давлат ҳамкорлигида юқори технологияли ишлаб-чиқаришлар сонини кўпайтириш зарурлигини тавсия этди. 

"Талабгир маҳсулотларни ишлаб-чиқаришда ҳамда учинчи давлатлар бозорларини ўзлаштиришда кооперация кўламини кенгайтириш лозим", - деди президент Мирзиёев.

Форумдаги самарали ҳамкорликка мисол келтирар экан, Ўзбекистон етакчиси Россиянинг Иваново вилоятидаги компаниялар иштирокида Навоий вилотида текстил кластери ташкил этилиши, Татаристондаги шериклар билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида кимёвий ўғитлар ишлаб-чиқарувчи, Қорақалпоғистонда эса фармацевтика препаратларини ишлаб-чиқарувчи корхоналар йўлга қўйилишини айтди ва ушбу форумда бу каби кўплаб лойиҳалар борасида келишувлар бўлганини қўшимча қилди.

Президенты приняли участие в первом Форуме межрегионального сотрудничества Узбекистан – Россия
© Пресс-служба президента Узбекистана.
Президенты приняли участие в первом Форуме межрегионального сотрудничества "Узбекистан – Россия"

"Аммо энг асосий натижа - регионларимиз ўртасида мустаҳкам ва узоқ истиқболга мўлжалланган шериклик муносабатлар ўрнатилди", - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари сессия қатнашчиларига, хусусан, меҳмонларга Ўзбекистон ҳукумати аъзолари, вазирликлар ва идоралар ҳамда вилоятлар раҳбарлари ушбу форумда келишилган лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида ҳар томонлама кўмак берадилар, дея ваъда берди.

Мирзиёев Ўзбекистон ҳукумати аъзоларига мурожаат қилар экан, "Сизлар бу форум - катта йўлнинг бошланиши эканлигини тушунишларингиз лозим. Агар биз бугун барча шарт-шароитларни мужассам қилсак, учинчи давлатлар бозорларини ўзлаштиришга қаратилган ҳамкорликда амалга оширадиган лойиҳаларимиз жуда кўп", - деди.

Президент шунингдек, Ўзбекистон бугун Россия билан ҳамкорликда янги стратегик йўналишни очаётганини ва бу - Россия Федерацияси билан биргаликда атом энергетикасини ривожлантириш соҳаси эканини қўшимча қилди.

"Бу лойиҳа янги кластерни шакллантиради. Унинг ҳаётга татбиқ этилиши - саноат салоҳиятининг бундан кейинги тараққиётини белгилаб беради ва мамлакат иқтисодиётининг турли жабҳаларида янги иш ўринларини яратади", - деб қайд этди Ўзбекистон раҳбари.

Мирзиёев ҳамкасби - Россия президенти Владимир Путин билан бундай форум ҳар йили ўтказилиши керак, деган тўхтамга келишгани ҳақида маълум қилди. Ва бундай тадбир тизимли равишда ўтказилса, аниқ натижалар ҳам куттириб қўймаслигига ишонч билдирди.

Путин: Россия Ўзбекистон билан биргаликда катта ишларни амалга оширади

Россия президенти Владимир Путин форумдаги нутқи давомида "Россия-Ўзбекистон: биринчи минтақалараро ҳамкорлик форуми" иштирокчиларини қутлар экан, бу ҳамкорликнинг ҳам фойдали ҳам истиқболли йўналиши эканлигини айтди. Регионлар даражасида тармоқ отган ҳамкорлик - тўлақонли иккиёқлама алоқаларнинг муҳим кўрсаткичидир, деди Путин.

"Шу боис, Шавкат Миромоновичнинг Тошкентда бундай форумни ўтказиш борасидаги ташаббусини биз катта хайрихоҳлик билан қўллаб-қувватладик. Россия қатор давлатлар, аввало, МДҲга аъзо мамлакатлар билан бу сингари форматда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган ва бу алоқалар амалиётда чиндан ўзининг самарадорлигини кўрсатган. Бу иш берадиган, жонли формат. Россия-Ўзбекистон формати ҳам буёғига ҳар йили ўтказилади, Россия Федерациясининг турли субъектлари ва Ўзбекистон ўртасида, биринчи галда, савдо-иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади, деб умид қиламиз", - деди Путин ва минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида нафақат савдо-иқтисодий, балки гуманитар соҳада ҳамкорликни ривожлантириш мумкинлигини қўшимча қилди.

Россия президенти шунингдек, Ўзбекистон билан иккиёқлама иқтисодий алоқалар муваффақиятли ривожланаётганини қайд этди.

2017 йил давомида икки давлат ўртасида товар айрибошлаш 34% ошган бўлса, жорий йил январ-август ойларида бу кўрсаткич яна 30%га ортди, Россия Федерацияси субъектлари ва Ўзбекистон вилоятлари ўртасидаги алоқалар тобора жадаллашмоқда, ҳамкорлик йўналишлари кенгаймоқда. Жорий йилда регионлар раҳбарлари 20та жавоб ташрифларини амалга оширдилар, Россия томонидан, айниқса, Москва, Петербург, Оренбург ва Челябинск вилоятлари фаоллик кўрсатди.

"Биламизки, Ўзбекистон президенти сайи-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон вилоятлари раҳбарларининг фаоллиги ортди. Бу жуда таъсирчан натижаларни бериши мумкин. Форумда бир неча бор таъкидланган бўлса ҳам, такрорлаб ўтаман, ушбу тадбирда Россиянинг 30 та субъектидан 1000га яқин иштирокилар қатнашмоқда. Улар орасида 10 нафар губернаторлар ва 850 нафардан ортиқ бизнесменлар бор. Бу ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликда жиддий иш олиб боришга тайёрлигимизни билдиради", - деди Россия президенти. 

Президент России Владимир Путин и президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев
© Sputnik / Рамиз Бахтияров
Президент России Владимир Путин и президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Путин шунингдек, Россияда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти учун энг қулай шароитлар яратилганини айтди.

"Божхона "яшил йўлаги" тизими жорий этилган, фито-санитар назорати бўйича махсус тартиб амалиёти қўлланилади, имтиёзли темир йўл тарифлари амал қилиб келмоқда. Буларнинг барчасини ўтган йил Ўзбекистон президентининг Москвага амалга оширган ташрифи давомида муҳокама қилганмиз. Ва бу келишувларнинг барчаси, кўриб турганингиздек, ҳаётга татбиқ этилган", - деди у.

Путин икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ва логистика бўйича ишларни янада оптималлаштириш чораларини давом эттириш зарурлигини қайд этди. 

"Хусусан, Ўзбекистонга қайтаётган транспортни тўлдириш масаласини ҳал этиш керак, албатта, гап бу ерда Россия маҳсулотлари, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида бормоқда. Бу учун имкониятлар етарли. Россияда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб-чиқарилиши сўнгги 5 йил давомида 20%дан ошди", - деди Россия президенти ва ўтган йил давомида дон маҳсулотлари ҳосилдорлиги "рекорд" натижа - 135 миллиард тоннани ташкил этганини  қўшимча қилди. 

Россия бугун дунёда буғдой етказиб бериш бўйича биринчи ўринда, дон маҳсулотларини етказиб бериш бўйича иккинчи ўринда туради. Шунингдек, гўшт экспорти бўйича ҳам кўрсаткичлари тобора ошмоқда.

Путин Россия қайта ишлаш йўналишлари бўйича ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкинлигини айтди. "Форум доирасида ўтказилаётган қишлоқ хўжалиги кўргазмаси янги бизнес-алоқаларни ўрнатишга имкон яратади ва ҳамкорликдаги истиқболли лойиҳаларни очиб беради. Россия Ўзбекистондаги катта ер эгаларининг сифатли қишлоқ хўжалик техникасига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондиришга ҳамда озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноатини модернизация қилишда ёрдамлашишга тайёр", - деди Путин ва Россиянинг қишлоқ-хўжалик машиналари қурилиши бўйича энг йирик корхоналаридан бири - "Россельмаш" Ўзбекистонда ем-хашак йиғиштирувчи комбайнларни ишлаб-чиқариш бўйича лойиҳани ҳаётга татбиқ этишга киришганини айтди.

Путин Россиянинг бошқа ишлаб-чиқарувчиларида ҳам худди шунга ўхшаш режалар борлигини қўшимча қилди. 

"Россия бундан кейин ҳам Ўзбекистон аграр-саноати мажмуалари учун мутахассисларни тайёрлашда кўмаклашади. Россия қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим даргоҳларида 800 га яқин ўзбекистонлик талабалар таҳсил олишмоқда. Келгуси ўқув йилида Тошкентда Астрахань университетининг агро-маданият факультети филиалини ташкил этиш кўзда тутилган", - деди Россия президенти.

Путин Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларида қишлоқ хўжалиги - муҳим роль касб этишини, аммо алоқалар бу йўналиш билан чекланиб қолмаслигини қайд этди.

"Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги учун имкониятлар жуда кенг ва улардан кўп натижаларни кутиш мумкин. Ва бугунги музокараларимиз якуни ҳам буни исботлади. Ишончим комилки, регионларимиз иккиёқлама шериклик алоқаларини ривожлантиришда ўз иштирокини янада фаоллаштиради. Биз, Ўзбекистон президенти билан сизларнинг барча конструктив ташаббусларингиз ва янги ҳамкорликдаги лойиҳаларингизни қўллаб-қувватлаб борамиз. Ва мен ҳам, Ўзбекистон президенти сингари сизларга фақат эзгуликларни тилаб қоламан. Ишингизга муваффақият тилайман", - деб ўз нутқини якунлади Владимир Путин.

Сессия якунида Россия ва Ўзбекистон президентлари Марказий Осиёда биринчи бўлган ва Ўзбекистон иқтисодиётининг "локомотиви" бўлиши прогноз қилинаётган АЭС қурилиши лойиҳасига биргаликда старт бердилар.

Мавзу:
Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи (31)

Асосий мавзулар