03:00 11 Декабр 2018
Эфир
  • RUB125.22
  • EUR9456.46
  • USD8312.64
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиеев перед заседанием совета глав государств - членов Шанхайской организации сотрудничества (ШОС)

Мирзиёев: минтақалар, шаҳарлар, қишлоқлар ва одамларни ўзгартираётган президент

© Sputnik / Владимир Астапкович
Аналитика
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
134040

Қадимги рим императорларидан бири “Римни ёғочлигича қабул қилиб, мармар ҳолда қолдиряпман”, деган экан. Худди шунга ўхшаш гапни Ислом Каримов ҳам айтишга ҳақли эди: у Ўзбекистонни пахса ҳолида қабул қилиб, ғиштин ҳолда қолдирди. Лекин бу Шавкат Мирзиёевга идеал ҳолдаги бир давлат қолган эди, дегани ҳам эмас.

Каримовнинг давлат бошқарувидаги юксак салоҳиятига шубҳа билдирмаган ҳолда айтиш лозим, кейинги йилларда чекловларнинг ҳаддан ошиб кетиши, мамлакат ички, ташқи сиёсатида, ҳатто  фуқароларнинг оддий ҳаётида ҳам кўплаб муаммоларни юзага келтирди.

Мирзиёев давлат бошқарувидаги дастлабки фаолиятини жуда оддий ва ўта рамзий ҳолатдан бошлади: айрим қўшиқчилардан тақиқни олиб ташлади ва илгари нима сабабдандир ўз-ўзидан ёпиб қўйилган йўлларни очди. Ахир бу шарқ-ку, ҳар бир сўз ва ҳаракатнинг ўз мазмунидан ташқари яна бошқа маъноси бўлади.

Мирзиёев бу ҳаракати билан буткул очиқлик сиёсатини танлашини баён қилди ва халқ буни тушунди.

Президент томонидан амалга оширилган, ҳозирча унчалар жиддий баҳоланмаётган ўзгаришлардан бири бу – болалар борасидаги сиёсат. Ҳар ҳолда давлат болалар учун масъулиятни секин-аста зиммасига ола бошлади.

Давлат бола улғайиб, у-бу ишларга яраб қолгандан кейингина давлатнинг назарига тушадиган сиёсатдан буткул воз кечиб, мактабгача ҳам барча болалар давлат таълими билан қамраб олиш чоралари кўрилди: президент бунинг учун алоҳида вазирлик ташкил қилди.

Шу пайтгача қатъий ўрнашиб қолган "мактабгача ёшдаги болалар фақат ота-онага керак", деган ақидани парчалаб, болаларни тўлиқ боғчалар билан қамраб олиш борасида алоҳида, аниқ тадбирлар белгиланди. Мазкур сиёсат бугунга келиб ўзининг дастлабки ижобий натижаларини бера бошлади.

Ўзбекистон ушбу сиёсатнинг узвий давоми сифатида болалар меҳнатидан воз кечиш йўлидан борилмоқда. 2017 йилнинг пахта терим мавсумида болалар, талабалар меҳнатидан фойдаланмаслик тўғрисида тўсатдан қабул қилинган қарор кўпчиликни довдиратиб қўйди. Бу йил эса умуман мажбурий меҳнат тақиқланди.

Демак, Ўзбекистон ҳам секин-аста болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидан бориб, бу борада оила даражасида ҳам ўзининг қатъий сиёсатини юритади.

Шу ўринда бир гап, болалар меҳнатидан фойдаланишнинг тақиқланиши нимага олиб келишини биласизми? Туғилиш камаяди!

Ҳозирча эса, давлат воз кечгани билан ота-она болани ишлатишдан қайтгани йўқ. Қишлоқларда эсини таниши билан қора меҳнатдан боши чиқмайдиган болалар қанча? Ҳеч қандай ота-она бу текин меҳнат кучидан ўз ҳолича воз кечмайди. Туғилишнинг кўплиги аслида миллатнинг болажонлигида эмас, улардан фойдаланиш имконияти мавжудлигида.

Мана, бола ҳуқуқлари ҳаддан ортиқ ҳимояланадиган Европа ва АҚШда кўплаб юмушлар мигрантлар зиммасида. Бу нафақат болалар меҳнатининг тақиқланиши, балки туғилишининг камайиб кетиши натижаси. Чунки инсон манфаатпараст мавжудот. Манфаати бўлмаса, болаларини ҳам кўпайтирмайди. Бу анчайин аччиқ гап, лекин ана, Россия пул тўлаб ҳам болаларни кўпайтиришни тўлиқ йўлга қўёлмаяпти.

Ўзбекистонда аҳоли сони 33 миллиондан ошди. Агар давлат бола ҳуқуқларини оила даражасида ҳам фаол ҳимоялашга киришса, бунинг туғилишга таъсири ўн йилларда кўзга ташланиб қолади. 

Айтиш лозим, давлатнинг улкан бюрократик механизми мавжуд. Уям ўз ҳолича манфаатларидан воз кечолмайди.

Президент ўз сўзи, қарори ижросини эътиборсиз қолдирмайди.

Давлат тузилмасидаги илк ўзгаришларидан бири –Мажбурий ижро бюросининг тузилиши бекорга бўлмаган. Бунинг замирида ҳғам ката рамзий маъно яширин: бундан кейин давлат тузилмаларида ҳам, ўзаро муносабатларда ҳам интизомсизлик кетмайди!

Яқинда қабул қилинган ижро интизомини мустаҳкамлаш борасидаги қарор ҳам шу йўналишни тартибга солишга қаратилган.

Президент сайловолди нутқларида давлат тузилмасини ўзгартириши, давлат хизматчиларининг иш фаолиятини ҳам тубдан такомиллаштириши ҳақида айтиб ўтган эди.

Дарҳақиқат, бугун давлат хизматчиси, илгари шаклланган стереотипларга тўғри келмайди. Энди қориндор "Раис бобо"лар йўқ. Раҳбар тинимсиз елиб-югуриши, ишлаши ва ўз масъулиятлари бўйича жавоб бериши лозим.

Бир пайтлар, совет давридан буён давлат аппарати ўз атрофида қадимий қўрғонларнинг баланд деворлари каби ўтиб бўлмас бюрократик тўсиқлар ясаб олган эди. Оддий фуқаро учун ундан ўтишнинг деярли имкони мавжуд бўлмаган. Йўли оддий – коррупция, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, телефон ҳуқуқи… Оддий фуқаро бу қўрғондан деярли ошиб ўтолмаган…

Йўқ, ўтганлар ҳам бўлган. Ўз ҳуқуқини талаб қилганлар учун – деярли ҳар бир қишлоқда давлат аппарати билан курашиш сир-асрорини билиб олган, ҳеч балодан қайтмайдиган, бироз муттаҳамроқ, бироз адолатпарварроқ кишилар бўлган, буларни "ёзувчи" деб ҳам аташган. Айнан ўшалар маълум ҳақ эвазига, баъзида эса шунчаки, текинга, жабрдийданинг ёнига тушиб, давлат қўрғонларини забт этишга киришганлар.

Мирзиёев ўша ҳолатга барҳам берди. Давлат очиқлик йўлини танлади. Энди ҳар ким, хоҳлаган вақтда, хоҳлаган жойда, хоҳлаган мавзуда давлатга мурожаат қилиши ва 15-30 кун ичида жавоб олиши мумкин. Давлат хизматчисининг фуқаро мурожаатларини ҳал этишдан-да муҳимроқ вазифаси йўқ.

Биргина давлат харидларини олинг!

Шу пайтгача ит эгасини мушук бекасини танимайдиган соҳа эди. Ким, қайдан, нимани, қанчага оляпти – номаълум. Номаълумлик коррупция етилиши учун серунум замин бўлган… «Ноҳақ жазоландим», деб юрганларнинг (айримлар ҳалигача давлат малбағига хиёнат қилишни жиноят санамайди!) ҳам кўпи шу соҳадан «кетган»лар. Давлат пулини сохта фирмалар орқали нақдлаштириб, товарни бозордан, арзон-гаровга олиш русумга айланиб кетмаганмиди?

Соҳадаги янги қонун билан барчасига чек қўйилди.

Шу соҳага алоқадор яна бир йўналиш: бир пайтлар автотранспорт воситаларига видеокузатув воситаларини ўрнатиш тақиқланган эди. Буям давлат хизматчисининг сўзидан устунроқ далил бўлмаслиги учун, давлат хизматчиларини шарманда қилиши мумкин бўлган ҳолатларнинг омма эътиборига тушишидан чўчиш сабабли ҳам қилинган тадбир эди, чамаси. Энди эса келаси йилдан бошлаб, барча автотранспортларга уларни ўрнатиш мажбурий қилиб белгиланди. Энди давлат очиқ ва ҳеч нимадан чўчимайди. Хизматчи ҳам ўзини муносиб тутиши лозим, акс ҳолда жазосини олаверади.

Президент давлат аппарати бунақа ишламаслигини кераклигини, бу устқурма ўз манфаатлари доирасида фаолият кўрсатиб, халқни сўриб ётиши мақбул иш эмаслигини (ахир нима деётганини англаб-англамай "Меҳнаткаш халқимиз энг катта бойлигимиз", деган шоирни ўртага ташлаган ўша давлат эди-да. Яъни халқни ҳам ўзининг мулкига қўшиб юборган) тушуниб, англаб етган ва бу тартибни буткул парчалаб ташлашга бел боғлаган. Илк қадамлар ижобий, натижалар эса ундан ҳам яхши… 

Президентнинг сиёсати фақат халқ билан мулоқот қилиш эмас, балки улар асосида халқнинг дарди, муаммоларини билиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш.

Одамоларни нақд пул муасммоси қийнаяптими? Марҳамат! Пенсия таъминоти қониқтирмаяптими? Тизим буткул ўзгартирилди!

Президент ўтган йил Сурхондарёда сафари чоғида, бир чолнинг хонадонида меҳмон бўлиб, кроватида ўтириб, у билан суҳбатлашаётганда "одамларни ишлатишга уриняпмиз", деганга ўхшаш фикр билдирди. Бу оддий инсонга айтилган, содда гап аслида президент сиёсатининг асосий мағзи эди.

"Ишлатиш", деганда мажбурий меҳнат эмас, одамларга ишлаш учун имкон яратиш назарда тутилган…

Фирма очиш ва кредит олиш учун бир пайтлар минг бир эшикка кириб чиқиш лозим бўларди. Шунчалар фикр уйғонардики, давлат кредит бермаслик ва фирма очилмаслиги учун барча чораларни кўриб қўйгандек, эди гўё. Биринчи президент даврида ҳам "тадбиркорнинг ортида мен турибман", деб кўп такрорлардик, бироқ давлатнинг бюрократик аппарати ўз билганидан қолмаган.

Мирзиёев президент этиб сайланган кундан бошлаб, илгари яқинига йўлаб бўлмайдиган банк ходимлари уйма уй юриб, "кредит керакми?" деб сўрай бошлаганда ҳамма ўсал бўлиб қолган.

Президент ҳамма нарса ишлаши, тўхтаб турмаслиги лозим деган тартибда ишлайди.

Яқинда бўш турган иншоотлардан фойдаланиш, давлат мулкини сотиш борасида қабул қилинган қарорлар шундан дарак беради. Энди бўш турган иморатлар эгалари кўпроқ солиқ тўлашга мажбур бўлади. Бундан кейин мулкка шунчаки эгалик қилиб, гердайиб юриш кетмайди. Ишлаш керак, ўзи ҳам ишласин, мулки ҳам.

Президент зиёли, ўқимишли инсон. Китобни ёқтиради. Бошқа давлатлар президентлари билан учрашганда уларга китоб совға қилишида ҳам улкан бир маъно-мазмун бор.

Давлат раҳбари шу йил Навоий вилоятидаги учрашувлардан бирида "машина бериб бўлса ҳам одамларни ўқитамиз", деганга ўхшаш фикр билдирди. Албатта бу уринишлари, саъй-ҳаракати таҳсинга лойиқ. Бироқ халқ президент талаб қилган, хоҳлаган даражада китобхон эмаслиги маълум бўлиб қолди. Ҳатто давлат тузилмалари ҳам президент томонидан жорий этилаётган китобхонлик тарғиботи тўғрисидаги сиёсатни етарлича амалга оширишга чўчиб турибди. Чунки, китобхонлик маънавият билан боғлиқ бўлгани ҳолда, мамлакатда китобга товар сифатида қаралади. Бозор иқтисоди шароитида эса ҳар қандай товар пул келтириши керак ва уни ҳеч ким ўз-ўзидан реклама қилмайди. Ушбу ҳолат халқнинг китобхон бўлиб кетишига йўл қўймаяпти.

Президент яна бир соҳа – илм-фанга жиддий эътибор қаратади. Илғор фикрли инсон сифатида бугун қора меҳнат орқали мамлакатин ривожлантириш мумкин эмаслиги, эртанги кун илм-фан қўлида экани, дунё миқёсига чиқиш учун юксак илмий салоҳият зарурлигини, иқтисодни ҳам айнан шу соҳа белгилаб беришини яхши тушунади.

Илмий ишлар соҳасидаги ўзгаришлар, академикларнинг тайинланиши, илм-фан ютуқларини ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш борасида кўрилаётган чоралар, илмий ходимлар иш ҳақининг оширилиши, мамлакатда олий ўқув юртлари сонининг кўпайиши, хусусан чет давлатлар ўқув юртларининг филиаллари очилиши, таълим олиш истагидаги йигит-қизларга кенг имкониятлар яратилиши – буларнинг барчаси соҳага эътиборни англатади.

Шу ўринда, президент ҳаммани бирдан ақлли, билимдон қилиб бўлмаслигиниям тушунади. Қайси бир ихтисослашган мактабда сўзлаган нутқида: "шу мактабдан бир нафар даҳони тарбияласак ҳам кўзлаган мақсадимизга эришган бўламиз", деган фикрни билдирди. Дарҳақиқат, бир даҳо инсон бутун миллатнинг бошини баланд кўтартириб, келажагини таъминлаб бериши мумкин. Бунга президентнинг ўзи мисол.

 Президентнинг доимий назоратида бўлган яна бир соҳа ҳуқуқ-тартибот йўналиши. Ҳисоботлар, маълумотлар Ўзбекистонда қонунчилик мустаҳкамланиб, жиноятчилик жиловланиб бораётганини кўрсатмоқда. Халқнинг руҳиятига таъсир кўрсатувчи шов-шувли жиноятлар деярли йўқ… Бироқ, президент бу йўналишда назорат сусайтирмаяпти.

Президент очиқкўнгил инсон – мамлакатда умуман жиноят содир этилмаслигини, халқ фаровон яшашини истайди.

Бунинг учун давлат тузилмалари, ҳуқуқ-тартибот органларини қайта-қайта ислоҳ қилишдан, одамларнинг тинчлиги, осойишта ҳаёти, эмин-эркин, тўкин-сочин яшаши учун ўзи ҳам тинмайди, давлат органлари тизимидаги ходимларни ҳам бир сонияга бўлсин, тинч қўймайди. Тўғри-да, давлат хизмати шунақа бир тизимки, сал бўшаштирилса, ишламай қўяди. Давлат хизматининг очиқлиги, унинг фаолияти устидан жамоатчилик ва фуқаролар назоратини таъминлаш борасидаги чоралар, бир-бирининг фаолиятини ўрганиб борувчи давлат тузилмалари ташкил этилиши сабаби ҳам шунда.

Бир пайтлар бўларди, бошқарувда, сиёсатда ўзгариш бўлганда, қадриятларни қайтадан баҳолаш жараёни амалга кирарди. Айнан шу жараёнда ҳар доим "нима яхши-ю нима ёмон?" деган савол кун тартибига қайтадан чиқарди. Президент эса қадриятларни эмас, балки инсонларнинг меҳнати, касбларни баҳосини қайтадан кўриб чиқиш йўлини танлади. Ойлик иш ҳақининг, инфляцияни эътиборга олган ҳолда, ошириб боришнинг аниқ механизми ишлаб чиқилгани ҳолда, давлат ва жамият учун муҳим соҳалар ходимларининг меҳнатига баҳо ҳам қайтадан кўриб чиқилмоқда.

Давр ўзгармоқда, касбларга эҳтиёж, уларнинг қадр-қиммати ҳам ўзгармоқда. Сиёсат устувор йўналишларни белгилар экан, ушбу соҳаларда хизмат қилаётганлар жамиятда обрў-эътиборга эга бўлишини истайди. Қолаверса, ўзгаришлар жараёнида ходимларнинг иш ҳажми ҳам ўзгариб боради. Президент ушбу ҳолатларни фаол мақбуллаштириш сиёсатини амалга оширмоқда.

Президент нафақат пойтахт аҳлини, балки бутун Ўзбекистонни, энг чекка қишлоқларда яшаётган аҳолининг ҳам турмуш тарзини ўзгартиришга киришди ва бунга эришиб келмоқда ҳам.

Чекка қишлоқлардаги электр таъминоти ишига тушди, йўллар тартибга солинмоқда… Фуқаролар энди фақат тошкентликларгина оқсуяк инсонлар деб ҳисоблашмайди.

Мирзиёев сиёсатининг яна бир одил, инсонпарвар томони – кечаги кунга тош отишларига йўл қўймаётгани.

Биламизки, давлат раҳбари ўзгариши билан кечаги кунни ёмонлашга киришиб кетадиган маддоҳлар кўпаяди. Бунинг учун уларга алоҳида топшириқ ҳам, кўрсатма ҳам берилиши шарт эмас.

Бироқ, президент ушбу ҳолатни олдини олиш чораларини кўрди. Ҳали айтилди, шарқда кескин чоралар шарт эмас, гоҳида шамалар ҳам кифоя. Президент Исҳоқхон Ибратни ижодини ўрганиш ва тарғиб этишга рағбат билдирди, холос. Ибратнинг эса бош шиори нима эди: ҳар замоннинг ўз тарозиси бор, бошқа замоннинг тарозиси билан бугунни ўлчаш мақбул иш эмас!

Буни, нозик шамани кўпчилик дарров тушунди.

Президент шаҳарлар, қишлоқлар кўринишини, одамлар турмуш тарзини, асосийси уларнинг ички оламини ўзгартиришга қатъий киришган. Бу борада дастлабки икки йилда эришилган ютуқлар, кутилганидан ҳам кўпроқ. Бу ўзгаришлар Ўзбекистон доирасидан чиқиб, қўшниларга ҳам ўз таъсирини кўрсатаётганига нима дейсиз?

Хоҳлаймизми, йўқми, бу шарқ. У ғарбда, азал-азалдан қиролга барча бирдан, сўзсиз бўйсунавермаган. Ҳатто императорлар ҳам фуқаролар ҳаётига хўжайинчилик қилмаган...

Шарқда эса барчаси бошқа... Бунда миллатлар ягона йўлбошчиси бўлишини, унга бўйсунишни истайди. Президент ҳам шу халқ учун масъулиятни тўлиқ бўйнига олиб, унинг келажаги учун ҳақиқатан тиним билмай ишламоқда. Бунда халқнинг фикри бош мезонлигича қолмоқда.

Икки йил учун қилинган ишлар ҳам анчайин кўп ва самарали.

Асосий мавзулар