Ўзбекистон санъаткорлари рўйхати 70% янгиланди - "Ўзбекконцерт" раҳбари

© Sputnik / Дильшода РахматоваОдилджон Абдукаххаров - председатель Узбекконцерта
Одилджон Абдукаххаров - председатель Узбекконцерта - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
"Ўзбекконцерт" директори Одилжон Абдукаҳҳоров Sputnik Ўзбекистонга берган эксклюзив интервьюсида республикада хизмат кўрсатган ёки халқ артисти бўлиш нима учун қийинлашгани, нега энди жонли куйлаш кераклиги ва қайси ҳаракатлар учун лицензиядан маҳрум бўлиб қолиш мумкинлиги хусусида сўзлаб берди

Иқтидорлар қаердасиз?

— Одил Абдуғаниевич, якунланаётган йилнинг энг муҳим ўзгаришлари ҳақида гапириб берсангиз: "Ўзбекконцерт" ўз олдига қўйган қайси мақсадларга эришди-ю, қайсилари амалга ошмай қолиб кетди?

— "Ўзбекконцерт" муассасаси 2017 йилда "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ва "Ўзбекрақс" миллий уюшмаси негизида ташкил қилинган эди. Бир ой раҳбар вазифасини бажарувчи сифатида ишладим, сўнгра директор лавозимига тасдиқландим.

Ташкилот тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан, тузилмавий ўзгаришлар ҳам рўй берди. Биз ўз ишимизни иккита асосий йўналишга бўлиб олдик. Биринчи йўналиш бу, муассасамиз номидан келиб чиққан ҳолда, республикамизда бўлиб ўтадиган маданий тадбирлар устидан назорат олиб бориш. Яъни бундай тадбирларни мунтазам ва юқори даражада ташкил қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб белгилаб олдик.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
"Лик-лик" - халқ артисти": ижодкор зиёлилар даврасида Мирзиёев айтган ёрқин жумлалар

Иккинчи йўналиш - республика бўйича иқтидорли овоз соҳиблари, мусиқачи ва раққосларни излашдан иборат эди. Биз ҳақиқий иқтидор эгалари келажакда мамлакатимиз маданий ҳаётида, ҳатто энг юқори даражадаги тадбирларда ҳам фаол иштирок этишларини хоҳладик. Номдор режиссёрлар, халқ артистлари ва маданий арбоблардан иборат ишчи гуруҳи бутун республика бўйича ёш иқтидорларни излаш билан шуғулланди. Ишонасизми, шу тарзда ўтган йил давомида артистларимиз рўйхати қарийб 70%га янгиланди.

Биз ўз олдимизга қўйган муҳим мақсадлардан яна бири - бу ижрочиларни фонограммадан воз кечишга чорлаш бўлди. Сиз ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз, 8-декабр Конституциянинг 26 йиллигига бағишланган тадбирда узоқ йиллар давомида биринчи марта барча жонли концерт намойиш этилди. 

Шунингдек, ўтган йилда қўшиқлар ва уларга ишланган клиплар савиясини тасдиқловчи бадиий кенгаш ташкил этилди. Бундан ташқари "Халқ билан бўл!" лойиҳаси йўлга қўйилди. Биз санъаткорларимиз билан биргаликда республиканинг энг чекка ҳудудларида, хусусан Сурхондарё вилоятида, Жиззах вилоятида бщлдик. Халқ артистимиз - Юлдуз Усмонова, хизмат кўрсатган артист Алишер Файз ва бошқалар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган хонадонларгача кириб боришди. Фуқароларимиз санъаткорларимиз билан учрашганида ва улар қўлларидан совғаларни олишганида уларнинг юзларида пайдо бўлган бахтиёрликни кўрсангиз эди. Ўз навбатида биз ҳам оз бўлса-да, аммо фуқароларимиз кайфиятини кўтарганимиздан мамнун бўлдик.

Хайрия мавзусини давом эттирган ҳолда "Обод қишлоқ" миллий лойиҳасидаги иштирокимизни ҳам айтиб ўтмоқчи эдим. Хабарингиз борки, ҳозирда республикамизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш, қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Биз ҳам ўзимизнинг камтарона ҳиссамизни қўшиш учун республика бўйлаб концертлар ташкил қилдик ва улардан тушган пулларни лойиҳа ҳисоб рақамига ўтказдик.

Фаолиятимиз бу билан чекланмайди, маъмурий функцияларимизга асосан - "Ўзбекконцерт" ижрочиларга лицензия бериш ва улар фаолиятини назорат қилиш ваколатига эга орган бўлиб қолмоқда.

Цензурага - йўқ

— Айтганча, маъмурий функциялар ҳақида - айтингчи, артистдан лицензияни қайтариб олиш тизими қандай ишлайди? Бундай қарорни қабул қилувчи комиссия таркибига кимлар киради? Баҳолаш қандай амалга оширилади?

— "Ўзбекконцерт"да юқори турувчи ташкилот, яъни "Эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши" бор.  Мана шу кенгаш доирасида махсус ижодий гуруҳ - ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи тузилади. Кенгаш таркиби йилда бир марта тасдиқланади ва ҳар йили 30%га ўзгариб туради. Шу гуруҳ аъзолари икки ойда камида бир марта йиғилиб, лицензия бериш бўйича мурожаатлар, ёхуд, аксинча у ёки бу ижрочининг лицензиясини олиб қўйиш масалаларини муҳокама қиладилар.

“Ўзбекконцерт” етти нафар хонанданинг видеоклипини рад этди

Лицензиядан маҳрум этиш тартибига келсак, агар хонанда хатога йўл қўйса, биз уни дарҳол огоҳлантирамиз. Биринчи марта адашса - у билан тушунтириш ишлари оборилади, тушунтириш хати олинади. Агар хато яна такрорланса, "Ўзбекконцерт"га чақирилади ва лицензион келишув шартларини ва талабларини бузганлиги туфайли тегишли тартибда лицензиядан маҳрум этилади.

— Йил охирига келиб, ижтимоий тармоқларда шоу-бизнес вакиллари билан боғлиқ бўлган бир нечта жанжалли хабарлар қизғин муҳокама қилинди. Масалан, хонанда Шахло Аҳмедова ва унинг мухлислари "Ўзбекконцерт" томонидан хонанда лицензияси вақтинча тўхтатилиши хабаридан қаттиқ ҳайратга тушдилар. Бундай қарор нима сабабдан қабул қилинди? Хонанда бу қарорларингиздан хабардор этилганмиди?

— Шахла Аҳмедованинг лицензияси олиб қўйилгач, эътирозлар бўлди, аммо буни цензура сифатида қабул қилмаслик керак - бу ерда миллат тарбияси, маънавияти ва маданияти ҳақида гап бормоқда. Агар ўша клип ҳақида тўхталадиган бўлсак, у ёшларимиз маънавий тарбиясига салбий таъсирини кўрсатади. Роликда ўзбек менталитети ва урф-одатларига ёт бўлган хатти-ҳаракатлар бор. Эҳтимол хонанда бу клипни бошқа мамлакат учун суратга олгандир, лекин у интернетга қўйилгандан кейин, ўзингиз биласиз жуда тез тарқалади.

Шаҳло Аҳмедованинг ўша клипини кенгаш аъзолари томоша қилгач, хонандани лицензиядан маҳрум этиш қарорини қабул қилганлар. Муассасамиз ходимлари хонандага бир неча марта телефон қилишган ва туша олишмаган, шундан сўнг биз хонанданинг онасига қўнғироқ қилиб агар клип чиқса юзага келиши мумкин оқибатлар ҳақида огоҳлантирганмиз. Шаҳло лицензия билан юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида билган ва онгли равишда бу қадамни қўйган.

Шахло Ахмедова - Sputnik Ўзбекистон
Шаҳло Аҳмедова лицензияси тўхтатилиши ҳақидаги хабарга изоҳ берди

Сиз тўғри тушунинг, ким биландир ҳисоб-китоб қилиш мақсадимиз йўқ, биз шунчаки ўзбек миллий санъатини тарғиб қилмоқдамиз. Ёшларимиз эса бу каби клипларни томоша қилиб, ўзбек ижро санъати шундай бўлиши керак экан-да, деган фикрга боришларини истамаймиз. Комиссия аъзолари клипларни тасдиқлаётганда, биз бу клипни оила даврасида, болаларимиз билан бирга кўра оламизми, деган саволни берамиз. Ва шундан кейин қарор қабул қиламиз.

Биз тарбиявий чора қабул қилиб, ўша хонандага яхшилик қиламиз. Яъни у ўзи йўл қўяётган хатони англашини, болаларимиз эса келажакда ҳақиқий ўзбек санъатини сақлаб қолганлигимиз учун бизга раҳмат айтишини истаймиз.

— Яна бир шов-шувли воқеа рэпер San Jay билан боғлиқ. Айтишларича, унга гўёки соқоли учун лицензия берилмаган. Кейинчалик бу масала ҳал этилган бўлса-да, аммо муаммо нимадалиги ойдинлашмай қолди. Савол туғилади, соқонинг лицензияга қандай алоқаси бор?

— Мен Санжар (рэпернинг ҳақиқий исми) фақат бир марта учрашганман ва бу воқеага изоҳ беришни хоҳламас эдим. Суҳбатимиздан сўнг у қисқа интервьюни интернетга жойлаган. Ва ана шу интервью ичида менинг соқол ҳақидаги жавобим ҳам бор. Бошқа ҳеч нарса қўшимча қилолмайман. Шунчаки, айтмоқчи бўлганим, дидимиз ва танловимиз турли бўлгани билан, биз ўз анъана ва урф-одатларимизни унутмаслигимиз, ҳатти-харакатимиз эса муносиб бўлиши лозим.

— Давлат тадбирларида иштирок этмаган хонандалар лицензиядан маҳрум этилади, деган хабарларни қандай изоҳлайсиз унда?

— Ўзбекистон тинч-осойишта давлат. Тинчлик ҳукмрон бўлган мамлакатга эса тадбирлар ярашади, тўйлар кўп бўлади. Қолаверса, Ўзбекистонда кейинги вақтларда турли даражадаги тадбирлар кўплаб ўтказилмоқда. Хизмат кўрсатган ёки халқ артисти унвонини олган санъаткорларимиз эса шунга муносиб хизмат кўрсатишлари керак.

Концерт Юлдуз Усмановой в амфитеатре - Sputnik Ўзбекистон
Санъаткорларнинг саҳнада ўзини тутиши ва муомала маданияти назорат остига олинади

2017 йилнинг августида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "лик-лик" этиб унвон олган қўшиқчиларни қаттиқ танқил қилган эдилар. Давлатимиз раҳбари артистлар ўз мақомига муносиб бўлишлари, давлат тадбирларида фаол иштирок этишлари, ватанга хизмат қилишлари кераклигини таъкидлаганди.

У ёки бу санъаткор маълум сабабларга кўра, масалан хорижий гастрол ёки шахсий сабаблари туфайли тадбирда қатнашмасалар - биз уларга шароит яратиб берамиз. Аммо баъзан шундай бўладики, артистлар дангасалиги тутиб байрам дастурларида иштирок этишдан воз кечадилар. Агар биз бугун биттасига нисбатан чора кўрмасак, эртага у бошқаларга "ўрнак" кўрсатиши мумкин.

— Лицензияни тиклаш қай тарзда амалга оширилади?

— Ҳаммаси артист ўзини қандай тутишига боғлиқ. Агар у бир неча маротаба ёзма мурожаат қилса, ўз хатосини тан олиб, ўзгарганини ва бошқа бундай хатони такрорламаслигини айтса ва биз бунга ишонсак, лицензияни қайтаришимиз мумкин. Лекин "отработка" бўлади: мисол учун хонанда лицензиясини битта вилоятга боришдан воз кечгани учун олдириб қўйган бўлса, қайта тиклаш учун энди иккита вилоятга бориб ишлаб бериши керак бўлади.

Танбал юлдузлар, жонли ижро ва унвонлар масаласи

— Одил Абдуғаниевич, суҳбат аввалида жонли ижро ташвиқоти ҳақида тилга олдингиз. Бугунги кунда хонандалар фонограммадан воз кечиб, жонли куйлашга тайёрми ўзи?

— Биласизми, тан олиш керак, айрим санъаткорларимизда охирги йилларда дангасалик пайдо бўла бошлади. Ҳатто, юз фоиз жонли ижрода куйлай оладиганлари ҳам енгил йўлдан бориб, фонограммадан фойдалана бошлашди.

Жорий йил октябр ойида "Халқлар дўстлиги" саройи олдида "Очиқ осмон остида жонли ижро" лойиҳасини ташкил этдик. Ва санъаткорларимиз жонли ижрони қандай маҳорат билан куйлаганликларини кўриб, ўзимиз ҳам ҳайратландик, фахрландик. Айниқса, томошабинлар хурсандчилиги чексиз эди.

Янги йилдан бу лойиҳани бутун республика бўйлаб жорий қилмоқчимиз, бундай концертларни ҳар бир вилоят шаҳар ва туманларида 2-3тадан жойларда ўтказамиз.

Конституция кунида ўтказилган жонли концертдан кейин санъаткорларимизнинг аксарияти саросимага тушиб қолгани ҳам рост. Улар олдинги даврлар ўтганини, ўз устида ишлаш вақти келганини тушундилар. Фонограмма дастурлари энди "тортмаслигини" билдилар. Исмларини айтиб ўтирмайман, лекин кўпчилик артистларимиз жонли ижрода қўшиқ айта олмасликларини тан олдилар, баъзилари тайёргарлик учун вақт кераклигини айтишди. Айтишим мумкинки, жонли концерт лойиҳаси бу сингари хонандаларга дарс бўлди ва шу туфайли улар ўз устида ишлай бошлайдилар, деб умид қиламан.

— Одилбек Абдуғаниевич, негадир кейинги икки йилда хизмат кўрсатган артист, халқ артисти унвонини олаётган санъаткорлар сони камайгандек. Бу мотивацияни пасайтирмайдими?

— Мени назаримда, бундай амалиёт эстрадамизга фақат фойда келтирди. Шуни очиқ айтиш керак-ки, яқин вақтларгача ўз унвонларини ижро маҳорати туфайли олмаган артистлар ҳам бўлган. Унвон олиш баъзилар учун ҳатто оддий ҳолатга айланганди. Икки йилдан буён вазият ўзгарди - унвон олишга ҳурмат, масъулият билан ёндашишмоқда. Артистлар ҳам ўз устиларида фаолроқ ишлай бошладилар, энди ҳеч ким шунчаки унвон ололмаслигини тушунди. Аммо унвон олишга интилса ва ҳозиргидек ҳаракатни давом эттирсалар, улар албатта бу мақсадга эришадилар.

Фурсантдан фойдаланиб барчани келаётган Янги йил айёми билан табриклаб, барчага фақат ижобий туйғулар тилайман!

Янгиликлар лентаси
0