21:19 18 Март 2019
Эфир
  • RUB126.18
  • EUR9410.81
  • USD8374.10
Президенты Узбекистана, Казахстана, Таджикистана и Кыргызстана

Биринчиларнинг Янги йил мурожаати: Марказий Осиё етакчилари нималарга эътибор қаратишди?

Пресс-служба президента КР / Султан Досалиев
Аналитика
Ҳавола олиш
75410

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари йил сарҳисобидан хулоса қиладиган бўлсак, Марказий Осиё минтақасида барча давлатлар учун ягона бўлган тараққиёт механизми ўз ишини бошлади. Ўзаро ишончга асосланган дўстона ҳамкорликни йўлга қўйган давлатлар ривожланишнинг кейинги босқичида улкан марраларни белгилаб олдилар

ТОШКЕНТ, 1 янв - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Янги 2019-йил кириб келиши арафасида ҳар бир давлат раҳбари йилга қисқача баҳо бериб, келгуси йил учун асосий йўналишларни белгилаб берадилар. Эътирофли жиҳати, Марказий Осиё минтақаси халқлари энди тарихда қолган 2018-йилда қаттиқ меҳнат қилдилар. Давлат раҳбарлари ўз нутқларида шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратдилар.

Қозоғистон: ёшларга катта ишонч билдирди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз халқига йўллаган Янги йил табригида 2018-йилда эришилган муваффақиятлар учун барчага миннатдорлик билдирди ва йил мамлакат учун сермазмун ҳамда сермаҳсул келганини эътироф этди.

Назарбоевга кўра, 2018 йилда Қозоғистон халқаро саҳнада ўз позициялари ва обрўйини янада мустаҳкамлаб олди -  Қозоғистон БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилди, мамлакат президенти эса Москва, Пекин, Вашингтон, Брюссель ва бошқа Қозоғистон учун аҳамиятли бўлган пойтахтларга расмий ташрифларни амалга оширди.

Мамлакат иқтисодиётида ижобий ўсиш сақлаб қолингани, саноатлаштириш доирасида янги ишлаб чиқариш ва инфратузилмага оид корхоналар ишга туширилгани айтилди. Мамлакат иқтисодиётининг муҳим жабҳалари рақамлаштирилгани қўшимча қилинди.

Қозоғистонликлар энди ўз шаҳар ва қишлоқларида тинчлик ва хавфсизлик учун ташвиш чекмасликлари керак. Бу учун расмий Остона суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари тизимида ислоҳотларни бошлашни режалаштирган.

Фуқаролар ҳаёти сифати ва фаровонлигини ошириш бошлаб юборилган. Бу муҳим қадамларнинг барчаси қозоқ халқининг интилишлари ва меҳанти туфайли амалга оширилмоқда, деб эътироф этди Назарбоев.

Қозоғистон раҳбари 2019-йилни Ёшлар йили деб эълон қилганини ҳамда ёш авлод билдирилаётган ишончни оқлашига ва Қозоғистонни коинотнинг энг яхши 30та давлати қаторига чиқара олишига ишонч билдирди.

Қирғизистон: Россия, ахил қўшнилар ва фуқаролар учун фаровон ҳаёт

Қирғизистон президенти Соронбай Жээнбеков ўз халқига Янги йил қутловини йўллар экан, мамлакат ўтган бир йил давомида салмоқли ютуқларни қўлга киритганини айтди.

Хусусан, Қирғизистон ЕОИИ майдонида ўз позицияларини анча яхшилаган, стратегик шериги ва иттифоқдоши - Россия билан ҳамкорликни янги босқичга кўтарган. Қўшни мамлакатлар билан ишончга асосланган дўстона муносабатлар йўлга қўйилган.

Жээнбеков йил давомида мамлакат регионларига алоҳида эътибор қаратилганини, қатор давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилганини, бугунги кунда ҳукумат жамият учун ҳақиқатда шаффоф бўлиши учун ҳаракатлар амалга оширилаётганини, коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб борилаётганини қайд этди.

Қирғизистон ҳам Қозоғистон сингари янги йилда ҳар бир фуқаро ҳимоясига қаратилган суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларини бошлаш режасида.

Мамлакат фуқароларининг яшаш тарзи, таълим олиши ва меҳнат шароитларини яхшилашга, янада қулай бўлишига қаратилган ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган юқори мақсадлар белгилаб олинган.

Тожикистон: аввало Ватанга муҳаббат ва беминнат меҳнат

Президент Эмомали Раҳмон Тожикистон халқига телемурожаатида, 2018-йил Тожикистон тараққиёти учун беминнат меҳнат йили бўлганини - Тожикистон халқи ўз Ватани келажаги учун ҳамжиҳатликда меҳнат қилганини алоҳида қайд этди.

На стройплощадке Рогунской ГЭС
Пресс-служба президента Таджикистана

Раҳмон Янги йилда ҳам бу ишларни давом эттиришга чақирди. Хусусан, бундан буёғига ҳам ҳар бир фуқаро давлат мустақиллигини мустаҳкамлашга, ватан ва миллат манфаатларини ҳимоя қилиш, юрт тараққиёти учун ватанпарварлик туйғуси ила беминнат хизмат қилиши, бор куч ва имкониятларини, тажрибасини муқаддас она ватан ривожи йўлида йўналтириши керак.

Тожикистон президенти мураккаб халқаро вазиятда Тожикистон аҳолисини ўз фарзандларини ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга даъват этди. Тожикистонликлардан ўз болаларини қонун ва ҳуқуқий тартиботга ҳурмат, илм-фан, санъатга муҳаббатли этиб тарбиялаш сўралди.

Раҳмон мамлакат ўз олдига қўйган эзгу режа ва мақсадларни фақатгина ҳар бир тожикистонликнинг фидокорона меҳнати ва сайи-ҳаракатлари туфайли амалга ошириш мумкинлигини эслатиб ўтди.

Туркманистон: бу йил "ҳосилни ўриб оладиган йил бўлади"

Янги йил кириб келишига саноқли дақиқалар қолганида мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўз халқига мурожаати онлайн-трансляцияси намойиш этилди.

Бердимуҳаммедов ўз мурожаатида 2018 йилда мамлакат катта ютуқларга эришганини қайд этди. Хусусан, 12 ой давомида Туркманистоннинг турли бурчакларида турар жойлар, тиббиёт муассасалари, саноат корхоналари ва бошқа обьъектлар фойдаланишга топширилган.

Бердымухамедовнинг таъкидига кўра, ўтган 2018-йил давомида Туркманистонда халқ фарвонлиги ва маҳаллий иқтисодиёт диверсификацияси учун мустаҳкам пойдевор қўйилган ва 2019 йилда бу сайи-ҳаракатлар ўз самарасини бериши кутилмоқда.

Мамлакат иқтисодиётини ривожлантирадиган объектлар қаторида Туркманистон президенти "Туркмен айна онумлери" ойна ишлаб чиқарадиган заводни, Марий ГЭС буғ-газ электрстанциясини, минтақада энг йирик бўлган Болқон регионида жойлашган газ-кимё мажмуаси - энг юқори сифатли полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқарилувчи "Гарабогазкарбамид" заводини, шунингдек, ТАПИ газўтказгичининг афғон участкаси қурилишига старт берилганини айтиб ўтди.

2018 йил Туркманистон учун Буюк Ипак йўлини янгича форматда қайта тиклашга қаратилган инфратузилма лойиҳаларида ҳам омадли кечган. Улар орасида - Афғонистон-Туркманистон-Озарбайжон-Грузия-Туркияни бирлаштириб турувчи Лазурит коридорининг асосий қисми бўлган Серхетобот-Турғунди - темирйўл линияси, Туркманободдаги халқаро аэропорт, Туркманбошидаги халқаро денгиз порти санаб ўтилди.

Туркманбоши мамлакат сиёсати бундан буёғига ҳам соғлиқни сақлаш, спорт, фан ва таълим соҳаларини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилишини ваъда бериб, чиқиши якунида ўз ижодидан шеърий сатрлар ўқиб берган.

Ўзбекистон: эртанги кунга ишонч ортмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги йил кечасидаги телемурожаатида 2018 йилда барча соҳаларда Ўзбекистон халқининг фидокорона меҳнати эвазига катта ўзгаришлар амалга оширилгани таъкидланди. Хусусан, мамлакатда замонавий корхоналар, уй-жойлар, йўллар, кўприклар қурилди. Таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари барпо этилди.

Хорижий давлатлар, аввало, яқин қўшнилар билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари янада кучайди.

Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш учун салмоқли ишлар қилинди - бунинг натижасини бугун ҳар бир инсон ва оила, ҳар бир жамоа ўз мисолида кўрди ва энг муҳими, ўзбекистонликларнинг эртанги кунга ишончи ортди.

Давлат раҳбари 2019 йилга Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили - тараққиёт учун чексиз имкониятлар эшигини очишини айтди. Ижтимоий ривожланиш ўзбек халқи турмуш даражаси ва сифатини кескин оширишга хизмат қилишини қўшимча қилди.

Ўзбекистонда 2019-йилда тинчлик ва осойишталик, миллатлар ва фуқаролар ўртасида тотувликни таъминлашга устувор аҳамият қаратилади. Халқ билан мулоқот юқори босқичга олиб чиқилади.

Жумладан, тадбиркорлик ва хусусий мулкни қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилади, ободонлаштириш ишлари асосий вазифа этиб белгилаб олинди. Эҳтиёжманд оилалар ва ёрдамга муҳтож инсонларни ҳимоя қилишга, аҳоли даромадларини оширишга эътибор янада кучайтирилади.

Мирзиёев ўз нутқи якунида ўзбек халқининг барча орзу-ниятлари ушалишини, фарзандлар, набиралар бахту камолини кўришликни, гўзал ва бетакрор юрт тинч-осойишта, олижаноб, бағрикенг халқ ҳамиша омон бўлишини тилади.

Асосий мавзулар