13:32 19 Март 2019
Эфир
  • RUB129.09
  • EUR9488.13
  • USD8378.04
В Самарканде состоялась первая министерская встреча диалога Индия – Центральная Азия с участием Афганистана

Ҳиндистон Марказий Осиёга яқинлашмоқда: бу геосиёсий амбициями ёки дўстлик қўли?

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Аналитика
Ҳавола олиш
73530

"Ҳиндистон-Марказий Осиё" тараққиёт гуруҳи Марказий Осиё минтақасида ташкил этилган энг сўнгги янги мулоқот форматидир. Шу боис, ушбу формат ташкил топишидан мақсад, унинг истиқболлари, қолаверса, МО минтақасида ўз манфаатларига эга бўлган бошқа қудратли давлатлар бунга қандай қарайди деган масалалар кўпчиликни қизиқтирмоқда, албатта. Хуллас, саволлар кўп. Уларнинг айримларига Самарқандда ўтказилган учрашув якунида жавоб берилди

ТОШКЕНТ, 14 янв - Sputnik, Дилшода Раҳматова. 2019-йилнинг 12-13-январ кунлари Самарқанд шаҳрида Афғонистон иштирокидаги "Ҳиндистон – Марказий Осиё" мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу учрашувни ёритиш учун хорижий ОАВ вакиллари ҳам таклиф этилди.

Форумлар саройида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж раислик қилдилар. 

Ялпи сессияда Марказий осиё минтақаси давлатлари ташқи ишлар вазирлари: Чингиз Айдарбеков(Қирғизистон), Бейбут Атамқулов (Қозоғистон), Сироджиддин Муҳриддин (Тожикистон), Рашид Мередов (Туркманистон) икки ва кўп томонлама шаклларда Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли масалаларни муҳокама қилишди.

Тадбирда ўзаро савдо ўсишига кўмаклашиш чоралари, минтақа мамлакатлари иқтисодиётига сармоя, инновация, технологияларни жалб қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари, Марказий Осиё давлатларининг транзит ва транспорт-коммуникация салоҳиятини ривожлантириш, туристик сафарларни ошириш, шунингдек, илм-фан, тиббиёт, таълим ва спорт соҳаларида муайян қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқотнинг алоҳида ялпи сессиясида Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салаҳиддин Раббоний бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Нимага келишилди?

"Ҳиндистон – Марказий Осиё" мулоқотининг ташқи ишлар вазирлари Афғонистоннинг нуфузли делегацияси иштирокини маъқулладилар ҳамда мамлакатни минтақа ва жаҳон иқтисодий алоқалари тизимига жалб этишга хизмат қиладиган қўшма инфратузилма, транзит-транспорт, энергетика ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига ёрдам беришга тайёр эканликларини таъкидладилар.

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Диалог "Центральная Азия-Индия" посвященная сотрудничеству с Афганистаном проходит в Самарканде

2019-йилнинг иккинчи ярмида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Афғонистон бўйича саккизинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференциясини ўтказишга тайёргарлик доирасида ҳамкорлик қилишга томонлар ҳозир эканликлари тасдиқланди.

Делегациялар раҳбарлари Мулоқот иштирокчи давлатлари ишбилармон доиралари ўртасида бевосита алоқаларни фаоллаштириш, маданий тадбирлар, Афғонистон билан таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга улкан салоҳият мавжудлигида эътибор қаратдилар, халқаро ёшлар форумлари, фестиваллар, танловлар, илмий анжуманлар, кўргазмалар ва бошқа қўшма тадбирларда Афғонистон томонининг иштирок этишига кўмаклашиш истагини изҳор этдилар.

Шунингдек, иштирокчилар БМТ томонидан қабул қилинган "Маърифат ва диний бағрикенглик" резолюциясини инобатга олган ҳолда маданият, илм-фан, таълим ва спорт соҳасида ҳамкорликда ёшларга оид лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратдилар.

Ҳиндистон ТИВ раҳбари: МО мамлакатлари билан муносабатларимизда янги давр бошланди 

Тадбир якунида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари қаршисида сўзга чиқдилар. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж бу форматдаги мулоқотни ўтказгани учун Ўзбекистон ҳукуматига ҳамда иштироки учун барча ҳамкасбларига алоҳида миннатдорлик билдирди.

"Бугун Ҳиндистон ва Марказий Осиё муносабатларида янги давр бошланиши учун тамал тоши қўйилди. Бизнинг мулоқотимиз Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Афғонистон ўртасида асрлар давомида шаклланган маданий алоқалар ва анъаналар мавжудлигини яна бир бор тасдиқлади. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 2015 йилда Марказий Осиёнинг барча давлатларига расмий ташриф уюштирган ва у бундай ташрифни амалга оширган биринчи Ҳиндистон раҳбари бўлган эди. Бу ташриф Ҳиндистон учун Марказий Осиё қандай аҳамиятга эга эканлигини кўрсатганди. 2015 йилги ташриф давомида Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан иккиёқлама асосда муҳим алоқалар ўрнатилган бўлиб, иқтисодий алоқаларимизни кучайтириш учун нималарга эътибор қаратмоғимиз лозимлигини тушунган эдик. Энди мана шу фундамент асосида замон талабларига мос келадиган комплекс шериклик муносабатларини қурамиз", - деди ўз чиқишида сиёсатчи. 

Свараж хоним қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ва билим-кўникмаларни ўзаро алмашиш орқали янада яқинроқ муносабатлар ўрнатиш мумкинлиги қўшимча қилиб, шу муносабат билан "Ҳиндистон+Марказий Осиё" тараққиёт гуруҳини ташкил қилишни таклиф этди.

Ҳиндистон томони Марказий Осиё ва Ҳиндистон бизнесини бирлаштириш учун "Ҳиндистон-Марказий Осиё" мамлакатлар савдо палаталари вакилларидан иборат бўладиган бизнес-кенгашини ташкил этиш таклифини, шунингдек, маданий ҳамкорликни кучайтирувчи бир нечта таклифларни илгари сурмоқда ва Марказий Осиёдаги кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида таълим дастурларини таклиф этмоқда.

Свараж хоним ўз нутқи давомида Ҳиндистон Эрон ва Афғонистон билан биргаликда Чабахар портини очганини, эндиликда мана шу порт Афғонистонни Марказий Осиё билан бирлаштирувчи муҳим маршрут бўлишини таъкидлади.

"Ҳиндистон мана шу мулоқот орқали Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатилишини қўллаб-қувватлашини билдиради. Барчага маълумки, терроризм балосидан азият чекаётган ҳеч бир мамлакатда бизнес ҳам, ҳеч қандай инвестициялар ҳам тараққий этмайди. Минтақада бизнес ривожини илгари суриш учун биз биргаликда терроризм балосига қарши курашамиз", - деди ўз нутқи якунида Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири. 

Ўзбекистон ТИВ раҳбари: барчамиз якдиллигимизни тасдиқладик

Вазир Камилов ушбу учрашув жуда муваффақиятли кечганини, таъсис Саммити якунларига кўра Қўшма баёнот қабул қилиниб, унда ташқи ишлар вазирлари даражасида "Ҳиндистон – Марказий Осиё" мулоқоти жорий этилганлиги тўғрисида маълум қилди.

В Самарканде состоялась первая министерская встреча диалога Индия – Центральная Азия с участием Афганистана, 2019 год 12-13 января
© Sputnik / Дильшода Рахматова.
В Самарканде состоялась первая министерская встреча диалога Индия – Центральная Азия с участием Афганистана

Камилов ўз нутқи давомида ушбу янги формат ишга туширилгани билан барчани табриклади ва ҳақиқатда Самарқандда тарихий кун бўлгани, тарихда биринчи бор бундай форматда учрашув ўтказилгани ва биринчи бор барча иштирокчилар тарихий интеграллашган минтақанинг бир қисми эканлигини тасдиқлашганини маълум қилди. 

"Бизнинг тарихимиз бир, келажагимиз ҳам бир ва биз умумий тараққиётимизга хизмат қиладиган ягона қадриятларга эгамиз. Албатта, Афғонистоннинг бу форматга қўшилиши улкан аҳамиятга эга, биз яна бир бор Афғонистонни қўллаб-қувватлашга доир қатъийлигимизни, тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлашимизни, Афғонистоннинг иқтисодий қайта ривож топишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигимизни тасдиқладик", - деди Камилов.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари "Ҳиндистон сингари қудратли мамлакат иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан улкан салоҳиятга эга эканини ва ушбу жараёнда ҳал қилувчи муҳим роль ўйнай олиши"ни эътироф этди.

Тадбир якунида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан Ҳиндистон ТИВ раҳбари Сушма Сваражнинг навбатдаги вазирлар учрашувини 2020-йили Ҳиндистонда ўтказиш таклифи маъқулланди.

Асосий мавзулар