16:33 17 Феврал 2019
Эфир
  • RUB127.67
  • EUR9510.03
  • USD8395.15
Председатель объединения VETERAN Талъат Мурадов

Урушдан кейинги дўстлик: жангчи офицер "ҳақиқий шўровий" ва ўзбеклар қаҳрамонлиги ҳақида

© Sputnik / Рамиз Бахтияров
Аналитика
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
103130

VETERAN уюшмаси раиси Талъат Мурадов байналмилал-жангчилар шу кечаю-кундузда қандай ҳаёт кечиришаётганликлари, улар нима билан бандлиги ва ҳозирга қадар уруш исканжасида бўлган Афғонистонда ўзбекистонликлар қандай жасорат кўрсатганликлари ҳақида гапириб берди

Маълумот. Талъат Мурадов 1960-йил 12-майда Самарқандда туғилган, 1983-йил Қишлоқ хўжалиги институтининг қишлоқ хўжалигини машиналаштириш бўлимини тамомлаган, ихтисослиги бўйича муҳандис. 1984-йилдан 1985-йилга қадар Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида 101-мотоўқчилар полкида хизмат қилган. "Қизил юлдуз" (1985 йил), "Ватан олдидаги хизматлари учун", "Дўстлик" (2017 йил) орденлари билан мукофотланган. Ўзбекистон ҳукумати томонидан олтита медал билан тақдирланган.

— Талъат Пардаевич, Ўзбекистондан Афғонистон ҳудудидаги бўлган жанговар ҳаракатларда неча киши қатнашган?

— Бизнинг республикамиздан Афғонистонга 65 минг нафарга яқин киши чақирилган, жангчиларнинг 1520 нафари ҳалок бўлган, 2,5 мингга яқини оғир тан жароҳатларини олганлар. Ҳалок бўлганлар сони 1515 нафар деган маълумот ҳам бор, аммо бу ўша жангчининг ота-онаси ёки яқинлари бошқа мамлакатга кўчиб кетгани ва ҳужжатлар бўйича республикага бошқа алоқаси йўқлиги билан изоҳланади. Биз 1-февраль куниАфғонистонда ҳалок бўлган барча жангчилар, шунингдек, Ўзбекистон эрки ва мустақиллиги учун жон фидо қилгани юртдошларимиз номларини Хотира майдонидаги мемориалга киритамиз. 2-февраль куни эса "Туркистон" саройида бизнинг ветеранларимиз учун катта тантанали концерт ўтказилади.

— Ҳозирда мамлакатда яшаётган афғон уруши ветеранлари сони қанча?

— Афғонистондан қўшинлар чиқарилган вақтда республикада байналмилал-жангчилар сони 60 минг нафарга яқин эди. Афсуски, ўтган йиллар мобайнида турли касалликлар ва олинган жароҳатлар асоратлари туфайли беш минг нафарга яқини ҳаётдан кўз юмишди - аҳамият беринг, бу жанговар ҳаракатлар вақтида ҳалок бўлган жангчилар сонидан кўпроқ. Вақт афсуски, ҳеч кимни аямайди.

— Уруш вақтидан 30 йилдан ортиқ вақт ўтди. Ўшанда Афғонистонда қандай миссияни бажараётганингиз ҳақида сизда аниқ тушунча бўлганми? Балки ўтган йиллар давомида ўша урушга нисбатан муносабатингиз ўзгаргандир?

— Мен Афғонистонга Москвадан кетганман. Ўша вақтда у ерда ишлардим. Лейтенант унвонига эга эдим. Ўз ихтиёрим билан борганман, мени юборишлари учун олтита ариза ёзишимга тўғри келган, чунки бу ишни ватан олдидаги қарзим деб ҳисоблар эдим.

Биласизми, бизнинг миссиямиз ўта муҳим бўлиб, 40-армиядан сўнг америкаликлар, европаликлар ва бутун дунё ҳарбий бўлинмалари - бу мамлакатда амалга оширган ишлардан кескин фарқ қиларди. Биз биринчи навбатда маҳаллий аҳоли билан яқиндан ишлаганмиз - касалхоналар, мактаблар қурдик, қишлоқ хўжалиги, саноат ва ишлаб чиқаришни ривожлантирдик.

Статистика эса афсуски, қувонарли эмас: агар ўшанда 1979 йилдан 1989 йилгача Афғонистон дунёдаги наркотиклар умумий ҳажмининг 7%ини қайта ишлаган бўлса, ҳозирда бу рақам ўнлаб маротаба ортиқни ташкил қилади. Биз бу негатив жараённи ушлаб турганмиз, наша майдонларини йўқ қилардик, террористик гуруҳларнинг пайдо бўлишига тўсқинлик қилардик. Мен ўшанда оддий лейтенант эдим, ҳеч қандай раҳбарлик постларини эгалламаганман, аммо оддий аскар сифатида, бизнинг 40-армия ўз вазифасини ва ҳарбийлик бурчини шараф билан бажарди, деб ҳисоблайман, мамлакатни муносиб тарк этди ва ўзидан кейин улкан инфратузилмаларни қолдирди.

Яна шуни қайд этмоқчиманки, Афғонистонда жанг қилган ватандошларимиз, қўмондонларимиз ва аскарларимиз шунчаки пенсияга чиқиб дам олишаётгани йўқ, балки мамлакат тараққиётига ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшишмоқда. Ўзингиз ўйланг, Афғонистон ветеранлари орасидан еттита элчи чиққан, хусусан, Ўзбекистоннинг Россиядаги биринчи элчиси профессор Юсуф Абдуллаев, республиканинг Қозоғистондаги биринчи элчиси Носир Ёқубов, ва Эронда 16 йил давомида Ўзбекистон дипмиссиясига раҳбарлик қилган Илҳом Акрамов ва АҚШдаги фавқулодда элчи Шавкат Ҳамроқулов ва кўплаб бошқа дипломатлар. Бу инсонлар шу бугунга қадар ўз билим ва тажрибаларини Ўзбекистон тараққиёти йўлида қўлламоқдалар.

— Орадан ўн йилликлар ўтиб, сизлар бирга ишлаган ёки суҳбатда бўлган афғонларнинг ўзлари сизларга қандай муносабат билдиришмоқда?

— Улар бизни қучоқ очиб қарши оладилар ва ўша йилларни ҳамиша миннатдорлик билан ёдга олишади. Улар: "Шўровий, сизлар ҳақиқий эдингизлар!", дейишади. Мен кўплаб маротаба Афғонистонга делегацияни кузатганман, урушдан кейин бир марта у ерда бўлдим. Бизни жуда илиқ ва самимий кутиб олишган. Айтганча, ҳозир Термизда сайёҳлик компанияси очилибди, Афғонистонга туристик турларни уюштириш билан шуғулланар экан, улар ҳам бизни таклиф қилиб, ҳар сафар ўз миннатдорчилигини билдирадилар.

Чунки мамлакатда бўлиб турган йилларимиз бизга қишлоқнинг исталган кишиси мурожаат қилиши, госпиталга медикаментлар учун келиши ёки биз очган госпиталда малакали тиббий хизмат олиши мумкин эди. Бундан ташқари биз уларга кўплаб озиқ-овқатлар - шакар, нон, гречка, унлар берганмиз, кўприклар, йўллар, бутун бошли микрорайонларни қад ростлаганмиз. Улар буни яхши эслашади.

— Урушдан кейин Афғонистон аҳолиси билан қандайдир алоқалар сақланиб қолганми? Ўзбекистонликлар бу давлатга бориб турадиларми?

— Биз ҳамиша алоқадамиз, истеъфодаги генералларни ёки Афғонистоннинг оддий аҳолисини тадбирларимизга чақириб турамиз. Дарий тилини билганим учун, афғонлар билан бемалол гаплаша оламан.

Афғонистоннинг туб аҳолиси орасида кўпи совет қўшинлари чиқариб кетилгандан сўнг доимий яшаш учун Ўзбекистонга кўчиб келишган, мисол учун Тошкентга ва Самарқандга. Тошкентда Чилонзорда улар ҳатто ўз кварталига ва савдо расталарига эга. Шундай қилиб, улар ҳам Ўзбекистон ва Афғонистон иқтисодиётига баҳолиқудрат ҳисса қўшиб келишмоқда. Мамлакатларимиз раҳбарлари бу муносабатлар ва иқтисодий алоқалар ривожланишидан манфаатдор.

Кейинги вақтларда биз биргаликда кўпгина лойиҳаларни амалга ошираяпмиз, шулардан бирини алоҳида ажратиб кўрсатмоқчи эдим. Мен тарихни яхши биламан ва Ўзбекистон Афғонистонда инглизлар 300 йилда, ҳатто СССР ва ўша урушдан кейин на Европа, на америкаликлар қила олмаган ишни амалга оширган дея айта оламан. Биз бу давлат учун жуда зарур бўлган Ҳайратондан Мозори-Шарифгача бўлган темир йўлни қурдик. Мингга яқин юртдошларимиз ўз ҳаётларини хатарга қўйиб, уруш кетаётган бир пайтда мамлактанинг оғир табиий ва рельеф шарт-шароитларида 70 километр узунликка тенг йўл, кўприклар, дарё ўтказгичлар, ер ости йўллари қуришди. Бу чинакам қаҳармонлик. Ахир янги йўл - бу ҳаёт, бу инфратузилма, бу афғон халқи учун юзлаб, минглаб иш ўринлари демак.

Ҳозирда бу темир йўл қурилиши Ҳиротгача давом эттирилмоқда, яна бизнинг темирйўлчиларимиз мардонавор меҳнати билан қўшни мамлакатга ёрдам бермоқда. Бизнинг президентимиз Афғонистон билан интеграллашув сари интилмоқда, бу давлатни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Бизнинг қўшни давлат билан газ ва электр энергияси соҳасида савдомиз бор, делегацияларимиз борди-келди қилишади, гуманитар ва илмий соҳаларда яқиндан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Биз Афғонистоннинг тинч ривожи учун ўз ҳиссамизни қўша олишимиздан фахрланамиз, илоҳим у ерда тинчлик ўрнатилсин ва мамлакат гуллаб-яшнасин.

Талъат Мурадов во время интервью с корреспондентом Sputnik
© Sputnik / Рамиз Бахтияров
Талъат Мурадов во время интервью с корреспондентом Sputnik

— Афғон муаммосини куч ишлатиш йўли билан ҳал қилиш ижобий натижа бермади - на АҚШ, на ЕИ бу мамлакатдаги ҳолатни ўзгартиришга эриша олмадилар. Сизнингча, куч ишлатиш йўли билан муаммони ҳал этиб бўладими ёки фақат иқтисодий интеграция Афғонистонни тинч ҳаётга қайтариши мумкинми?

— Ишончим комилки, иқтисодий интеграция, ҳамкорликдаги лойиҳалар ва савдо алоқалари - Афғонистонда тинчликка эришиш учун энг самарали стратегиядир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам айнан шундай сиёсатни юритмоқдалар, ва мен, ҳарбий сифатида, бизнинг бош қўмондонимиз позициясини тўлалигича қўллаб-қувватлайман.

Афғонистонда хизмат қилганимда, мен шу жумладан, мамлакат қишлоқ хўжалигини қайта тиклашда қатнашганман. Яқинда давлатимиз раҳбари афғон халқига янги тракторларни совға қилганларида мен уларнинг бу ҳаракатларини жуда катта хурсандчилик билан қабул қилдим. Ахир улар учун бу улкан ёрдам, чунки у ерда деярли ҳеч вақо йўқ - бори ҳам чириб кетган. Европаликлар ва америкаликлар уларга ҳеч нима етказиб бермаган. Президентимиз амалга ошираётган ишлар тинчлик сари элтувчи йўлдир.

Биз афғонлар билан суҳбатда бўламиз, ва улар урушдан қанчалик толиққанларини кўрамиз. Улар Тошкент, Самарқанд, Термез кўчаларида юрганларида бизга қанчалик кучли хавас билан қарашади... Улар ҳар сафар: "Сизлар қанчалик яхши ҳаёт кечираётганликларингизни тушунмайсизлар, сизлар, ҳақиқий жаннатда яшайсизлар!", дейишади. Кейин улар ўзларининг жаҳаннамига қайтадилар, чунки у ерда уруш ҳали тамом бўлмаган. Уларнинг бирдан-бир орзуи Ўзбекистон сингари тинч мамлакатда яшаш, бу шубҳасиз.

— VETERAN уюшмаси қандай ташкил топгани ҳақида гапириб беринг.

— Ўн йиллик урушдан кейин минглаб одамлар уйларига қайтдилар ва табиийки, қўллаб-қувватланиш, ёрдам ва реабилитацияга уларда эҳтиёж пайдо бўла бошлади. Бу каби ташкилотлар аввал бутун Иттифоқ бўйлаб, кейин алоҳида республикаларда айнан шу мақсадларда ташкил этилган эди.

Талъат Мурадов
© Sputnik / Рамиз Бахтияров
Талъат Мурадов

1986 йил бошида Самарқанд, Наманган ва бошқа шаҳарларда худди шундай уюшмалар шакллана бошлади. Ўшанда бу шунчаки байналмилалчи-жангчилар клублари эди. Одамлар у ерга иш топишда ёки маиший масалаларда ёрдам сўраб келардилар. 1993 йилда биз ўша вақтда мавжуд бўлган беш ёки олтита ташкилотни биттага бирлаштирдик ва у бугунги кунда VETERAN деб аталади. Юбилей сана муносабати билан биз Тошкентда 1 феврал куни йирик андуман ташкил этаяпмиз, тадбирда иштирок этиш учун собиқ иттифоқда мавжуд барча ташкилот етакчилари иштирок этадилар. Бу биз учун катта шараф ва биз ҳозирги кунларда ушбу кенг кўламли воқеага тайёргарлик кўраяпмиз.

— Ташкилот бугунги кунда аввало қандай масалалар ечими билан ишламоқда?

— Уюшмамиз собиқ иттифоқ республикаларидаги барча шу каби тузилмалар билан ҳамкорликда ишлайди. Фаолиятимизнинг асосий йўналишлари ҳақида гапириб бермоқчиман.

Биринчиси – бу ижтимоий-тиббий реабилитация. Мураккаб томони шундаки, давлатлар мустақилликка эришгач кўплаб идоралараро алоқаларда узилиш рўй берган. Бугунги кунда биз бу алоқаларни секин-аста йўлга қўйяпмиз ва бошқа имкониятларни ҳам албатта кўриб чиқмоқдамиз.

Мисол учун, ҳозирги кунда ветеранларга протез қилиш учун Россияга бепул чиқиб келишлари имкониятини яратадиган битимни имзолаш арафасидамиз. Тўғри, ҳозирги кунда тиббиётимиз ривожланаяпти, янги технологиялар пайдо бўлмоқда, аммо бугун биз барча соҳаларда тўлақонли хизмат кўрсатишни таъминлай олмаймиз. Тиббиётда мураккаб йўналишлар борки, шу боис, реабилитациянинг барча жабҳаларини қамраб олишнинг имкони йўқ. Аммо яқин келажакда бу ҳам Ўзбекистонда амалга оширилишигиа аминман.

Иккинчи йўналишимиз - ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш. Афғонистондан қайтгач биз Меҳрибонлик уйларига йўл олганмиз. Ўша вақтларда болалар уйларини тарк этгач, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари рўйхатида турадиган ўсмир болалар сони кўпчиликни ташкил қиларди. Албатта, ўша вақтларда болалар уйлари тарбияланувчилари ўзларини ёпиқ жойларда яхши ҳис этган деб бўлмайди. Биз улар билан ишлаймиз, ва бугун фахр билан айта оламанки, бугунги кунда болалар уйларидаги шарт-шароитлар тамомила ўзгача. У ерда ҳаммаси евростандарт бўйича амалга оширилган, болалар уст-бошлари ҳам озода.

Ўсиб бораётган авлод билан анча йиллардан бери ишлаб келамиз. Қаровсиз ёшларни кўча таъсиридан ҳимоя қилиш учун биз уларни спортклубларга таклиф қилардик, тоғларга бирга олиб чиқар эдик. Чунки уларга соғлом ҳаёт тарзи ҳақида лекция ўқишнинг фойдаси йўқ, улар елкаларига рюкзак тақиб тоғ йўли бўйлаб кўтарила бошласалар ва юз метрдан сўнг нафаслари бўғила бошлагач, чекиш ва бошқа зарарли одатлар нимага олиб келишларини аниқ тушуна бошлайдилар. Биз, уруш йўлини босиб ўтган жангчилар уларга ватанга муҳаббат туйғуларини сингдирардик, уларни ҳақиқий ватанпарвар этиб, ватан ҳимоячиси этиб тарбия қилардик. Эркак эса оила бошлиғи сифатида жисмонан бақувват бўлиши ва ҳар қандай чақириқларга қарши туришга тайёр бўлмоғи лозим.

Талъат Мурадов
© Sputnik / Рамиз Бахтияров
Талъат Мурадов

Орадан йиллар ўтиб бу болачалар бизнинг олдимизга юқори мансабли ҳарбийлар сифатида кириб келишганларида жуда қувонамиз. Бизнинг клубимизда тарбия топганлар орасида олий ҳарбий ўқув даргоҳларини тамомлаган минглаб ёшлар бор, улар бугунги кунда Мудофаа вазирлиги, Хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги тузилмаларида қонун ва тартибни ҳимоя қилиб келишмоқда. Биз ҳеч қачон ўз олдимизга ҳарбийларни тарбиялаймиз, деган мақсадни қўймаганмиз, асосийси, бу болалар ўз юртининг муносиб фарзандлари бўлиб камолга етишсин ва жамиятнинг тўлақонли, комил аъзолари бўлишсин.

Асосий мавзулар