14:32 25 Март 2019
Эфир
  • RUB129.09
  • EUR9488.13
  • USD8378.04
Руслан Аушев

Руслан Аушев Ўзбекистоннинг янги нафаси ва Афғонистондаги уруш ҳақида - эксклюзив

Sputnik / Рамиз Бахтияров
Аналитика
Ҳавола олиш
Афғонистон: 30 йил тинчлик илинжида (34)
132520

"Жанговар қардошлик - беҳудуд" халқаро иттифоқи олий кенгаши аъзоси, генерал-лейтенант Руслан Аушев Sputnik Ўзбекистонга берган интервьюси давомида Афғонистонда совет қўшинлари қандай миссияни бажаришгани ва ҳозирги шароитда ушбу мамлакатда қандай қилиб тинчликка эришиш мумкинлиги ҳақида гапирди

ТОШКЕНТ, 5 фев - Sputnik. Тошкент шаҳрида 1-3 феврал кунлари совет қўшинларининг Афғонистондан чиқарилганига 30 йил тўлгани муносабати билан қатор тантанали тадбирлар ўтказилди. Sputnik Ўзбекистон мухбири Дильшода Рахматова тадбирлар давомида ўша йиллардаги воқеаларнинг асосий иштирокчиларидан бири, СССР Қаҳрамони, генерал-лейтенант Руслан Аушевга бир нечта саволлар билан мурожаат қилди.

— Руслан Султанович, совет қўшинлари 30 йил муқаддам Афғонистонда бажарган миссияни муваффақиятли деб ҳисоблайсизми?

— Афғонистонда олдимизга қўйилган барча топшириқларни биз бажарганмиз. Муваффақиятли ёки муваффақиятсиз, деган тушунча йўқ эди, муайян вазиятда биз амал қилган буйруқ бор эди, холос. Биз сиёсат билан шуғулланмаганмиз, асосан, афғон раҳбарияти илтимосига кўра ҳаракат қилар эдик.

Аксарият одамлар у ерда фақат уруш бўлган, деб ўйлашади, аммо ҳақиқатда жанговар ҳаракатлар ўша операциянинг учдан бир қисмини ташкил этади. Вақтимизнинг учдан икки қисмини таъминлаш, колонналар қўриғи, коммуникациялар, ГЭС ва бошқа муҳим инфратузилма объектларини қўриқлашга сарфлар эдик. Бизнинг вазифамиз у ерда ғалаба қозониш эмас эди. Ҳозир ўша вақтда биз терроризмнинг юзага келишига қарши кураш олиб борганимиз ҳақида гапиришни бошлашди. Лекин ўшанда бизнинг олдимизда - таъминлаш, олиб ўтиш, қуриш сингари конкрет функциялар бўлган.

Ҳа, жанговар ҳаракатлар ҳам бўлган, чунки ўша вақтда Афғонистонда фуқаролар уруши давом этарди. Фуқаролар урушида бу сингари можаролар ечим топишида у ёки бу томоннинг ёнини олиш мумкин эмас.

— Афғонистондаги можарони бартараф этишда Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?

— Инқирозни тинчлик йўли билан бартараф этишга қаратилган ҳар қандай жараённи қўллаб-қувватлаш лозим. Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош, ва қўшни мамлакатдаги кўплаб жараёнлар республиканинг ўзига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, Ўзбекистон Россия, Тожикистон ва Туркманистон билан ҳамкорликда Афғонистондаги вазиятни стабиллаштиришга ҳаракат қилмоғи лозим. Минтақада тинчлик гарови мана шунда.

Тўлиқ ярашув ҳақида гапиришга ҳали эрта, чунки бу мамлакатда мураккаб жараёнлар рўй бермоқда. Шу билан бирга, кўп нарса мамлакатдан ҳарбийларини чиқариши бўйича баёнотлар қилаётган америкаликларга ҳам боғлиқ бўлади. Лекин жаҳонда вазият ўзгармоқда, кечаги душманлар бугун иттифоқдошларга айланишмоқда. Мисол учун, мен урушдан кейин Аҳмад Шоҳ Маъсуд билан учрашганман ва биз у билан яқин дўстларга айландик. Ўн йил олдин Афғонистонда бўлганимда, уларнинг ўзлари менга бир-биримиз билан жанг қилганимизда катта хатога йўл қўйганимизни айтган эдилар.

— Сизнингча, геосиёсий масалаларни кенг кўламли инвестициявий лойиҳалар билан ҳал этса бўладими?

— Агар тарихга мурожаат қиладиган бўлсак — исталган урушни ёдга олсак, хоҳ у Биринчи жаҳон уруши бўлсин, хоҳ Иккинчи жаҳон уруши - буларнинг барчаси соф иқтисод бўлган-ку. Ҳаммасини демайлик, лекин кўплаб нарсаларни инвестицион лойиҳалар эвазига ҳал этса бўларди. Масалан, худди ўша Афғонистонни олайлик, дунёнинг ярми у ерга сармоя тикмоқда. Қобулдан бошланган йўлни кўрганман, у ердаги инфратузилма борган сари яхшиланмоқда. Шунда ҳам яна бир бор таъкидламоқчиман, муаммони фақатгина пул билан ҳал этиш ярамайди. Дунёқарашни ўзгартириш керак, чунки миллатлараро можароларга олиб келаётган кўплаб диний оқимлар мавжуд ва улар ўта хавфли.

— Қандай қилиб бу оқимларга қарши курашиш мумкин?

— Бу мураккаб иш. Марказий Осиёни баҳоламайман, лекин масалан, Кавказни оладиган бўлсак, ёки мен президент бўлган Ингушетияни, у ерда обрўси баланд бўлган диний етакчилар жуда кам. Халқ гапларига қулоқ тутадиган кучли арбобларнинг кам бўлиши эса ёмон, албатта. Одамларга ҳақиқатни гапириш керак, ахир кўпчилик диндан ўз мақсадлари йўлида фойдаланади - дейлик ҳукуматга келиш ёки у ерда мустаҳкам ўрин олиш учун, ёки дин ниқоби остида ўзининг коррупцион схемаларини ҳаётга татбиқ этиш учун.

Кенг кўламли маърифий ишларни амалга ошириш керак. Ёшлар Қуръонни яхши билишмайди. У араб тилида ёзилган, рус ёки ўзбек тилларига ўгирилса - ҳаммасини бошқача қилиб тушунтириш ва шарҳлаш мумкин. Таъқиқлар билан ҳам ҳеч нарсани ҳал этиб бўлмайди, бу шубҳасиз - муаммо ечими оммавий таълим беришда ва диний соҳада - хоҳ у ислом бўлсин, хоҳ православ ёки бошқа бирорта дин - маърифий ишларни олиб боришда.

Катта обрўга эга бўлган арбобларни олиб келиш керак, улар ёшларга асл ислом ҳақида сўзлаб берсинлар. Чунки жиҳод - бировлар учун - кофирларга қарши кураш, яъни бу бориб ҳаммани пулемётдан ўққа тутиш кераклигини англатади. Жиҳоднинг мазмуни бошқа ахир, бу Аллоҳ сари йўл. Бу нарсани тушунтириш керак.

— Тошкент ҳақидаги таассуротларингиз қандай? Бу кенг кўламли тадбирга келгач, кўнглингиздан нималар кечмоқда?

— Тошкент мен учун кўп жиҳатдан жуда қадрдон: 1980 йилда Термиздан Афғонистонга жўнаганман, у ердан 1987 йилда қайтганман. Бу вақт оралиғида Тошкентда жуда кўплаб маротаба бўлганман - у менинг севимли шаҳрим.

Бу ерда кўплаб дўстларим бор - бирга жанг қилган аскарлар, полким қўмондони - Тўлқин Йўлдошевич Қосимов шу ерда яшайди, Талъат Муродов - узоқ йиллардан буён муваффақиятли фаолият олиб бораётган ветеран ташкилоти раҳбари шу ерда истиқомат қилади. Уларнинг барчасини кўриб турганимдан хурсандман, мунтазам гаплашиб турамиз.

Бугун Ўзбекистоннинг янги нафаси очилди - бу ҳар борада сезилмоқда — одамларнинг ўзини тутишларида, кўчалардаги муҳитда. Ҳатто самолётга кўтарилганингизда ҳам буни ҳис этасиз. Тошкент - нон шаҳри, деб бежизга айтишмайди. Ҳамдўстлик давлатларининг кўплаб яшовчилари бу ерга келишни орзу қилишади. Шу шаҳар билан мени боғлагани учун тақдирдан миннатдорман.

Мавзу:
Афғонистон: 30 йил тинчлик илинжида (34)

Асосий мавзулар